Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳақида умумий МАЪЛУМОТ
БУХОРО НЕФТНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ЗАВОДИ — “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик саноат корхонаси ҳисобланади. Бухоро вилояти Қоровулбозор шаҳрида жойлашган. Заводни барпо этиш ишлари 1993 йилда бошланган бўлиб, 1997 йилнинг 22 августида қурилиш ишлари якунланиб, ишга туширилди.
Завод қурилишини молиявий жиҳатдан таъминлаш ва қурилиш жараёнида хорижий мамлакатларнинг кўпгина банклари, компаниялари ва фирмалари иштирок этди. «Чейз Манхеттен» (Америка), «Креди Коммерсиаль де Франс», «Париба» (Франция), Япония ва АҚШ нинг экспортимпорт банклари молиявий кўмагидан фойдаланилди. Лойиҳанинг технологик қисмини амалга ошириш учун Франциянинг «Течнип» фирмаси, Япониянинг «Марубени» ва «ЖеГиСи» компаниялари иштирокида консорциум ташкил этилди, Туркиянинг «Гама» компанияси ва Ўзбекистоннинг қурувчилари қурилиш-монтаж ишларини бажарди.
Маълумот учун: Бугунги кунда Бухоро НҚИЗ 20 дан ортиқ марка(русум)ни ҳисобга олган ҳолда 9 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради. Автомобиль бензинини ишлаб чиқариш қаторида АИ-80, АИ-91, АИ-92, АИ-95, QuWatt АИ-95 бренди ва янги АИ-98 автомобиль бензини ишлаб чиқарилади.
Қисқа вақт ичида завод “ISO 9001: 2015” сифат менежменти тизими, “ISO 45001: 2018” соғлиқни сақлаш ва меҳнат хавфсизлигини бошқариш тизими, аэрокосмик сериядаги “AS9100D, ISO 50001: 2018” энергия менежменти тизими ва “ISO 14001: 2015” атроф-муҳит стандартларини жорий этди.
Корхонанинг барқарор ишлаши ва ривожланиши кўп жиҳатдан ходимларнинг касбий маҳоратига боғлиқ. Шу сабаб завод томонидан ҳар йили ўз ходимлари учун малака ошириш курсларини ташкил қилади ва уларни йирик халқаро компанияларга тажриба алмашиш учун юборади.
Ёш мутахассисларни тайёрлаш, улар томонидан ишлаб чиқариш кўникмаларини эгалланиши мақсадида университетлар бевосита заводнинг ишлаб чиқариш майдонида талабалар учун ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётини ўташ ташкил этилган.
Айни пайтда Бухоро НҚИЗда 2021 йилнинг 1 октябри ҳолатида жами 3 363 нафар ходим фаолият юритмоқда.
Сўнгги 24 йил ичида "Нефтчи" шаҳарчаси барча зарур ижтимоий инфратузилмаларга эга бўлган кичик шаҳарчага айланди. Завод ишчилари ва уларнинг оила аъзолари учун 700 дан ортиқ замонавий тураржой коттежлари қурилди, маданий иншоотлар қуриб фойдаланишга топширилди.
Бухоро НҚИЗ ўз ходимларининг соғлиғини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда. Доимий тиббий кўрик натижаларига кўра ва завод ходимларининг илтимосига биноан ҳар йили ходимлар республиканинг турли касалхоналари ва сиҳатгоҳларида соғлиғини яхшиламоқда. Ўқув йили сўнгида завод ишчиларининг 1000 га яқин мактаб ёшидаги болалари "Нефтчи" ёзги соғломлаштириш оромгоҳида дам олишади, у ерда қизиқарли ва мазмунли ёзги таътил учун барча шароитлар яратилган.