Jet A-1 авиацион ёқилғисини ишлаб чиқариш технологиясига ўзгартиришлар киритилмоқда
Бухоро НҚИЗ етакчи илмий тадқиқот институти билан биргаликда ўзгартирилган технология асосида Jet A-1 авиация ёқилғисининг тажриба- саноат партияси технологиясини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлади.
Мотор ёқилғилари ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг стратегик йўналишига мувофиқ Бухоро НҚИЗда республика учун халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган Jet A-1 авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
2007-2009 йиллар давомида Бухоро НҚИЗ МДҲнинг етакчи илмий тадқиқот институтлари – Фуқаро авиацияси давлат илмий тадқиқот институти, Давлат федерал унитар корхонаси ва “Бутунроссия нефтни қайта ишлаш илмий тадқиқот институти” АЖ(Россия) билан биргаликда Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилган Jet A-1 авиация ёқилғисининг сифат ва экплуатацион кўрсаткичларини тасдиқлаш мақсадида тажриба-саноат намунасининг мувофиқлик синовларини ўтказди.
Олинган синовларнинг ижобий натижаларига кўра, 2009 йилда манфаатдор ташкилот ва идоралар билан “Jet A-1 реактив ёқилғисини саноатда ишлаб чиқариш технологияси” ўзаро келишилди ва тасдиқланди. Бухоро НҚИЗда олиб борилган ишлар IATA ҳаво ташувчилар халқаро уюшмаси томонидан маъқулланди.
2009 йил август ойида Бухоро НҚИЗ Jet A-1 авиация ёқилғисининг биринчи партиясини ишлаб чиқариб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖга етказиб берди.
Вақт ўтиши билан ишлатиладиган хом ашё, кимёвий реагентларда ўзгаришлар юз бериши сабабли, бу ўзгаришлар Jet A-1 авиация ёқилғиси технологиясининг асосий ишлаб чиқарувчиси – “Бутунроссия нефтни қайта ишлаш илмий тадқиқот институти” АЖ(“БНҚИИТИ”АЖ) билан даврий келишиб олинади. 2012 ва 2014 йилларда “Jet A-1 реактив ёқилғисини саноатда ишлаб чиқариш технологияси” га мос равишда 1 ва 2-сонли ўзгартиришлар киритилди.
Ҳозирги вақтда Бухоро НҚИЗнинг технологик қурилмаларида ишлаб чиқарилган керосин фракцияларининг стандартлаштирилган кўрсаткичларини, қайта ишланган хом ашё ва ишлатилган кимёвий реагентларнинг таркиби ва сифатидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда созлашга эҳтиёж пайдо бўлди.
Бухоро НҚИЗ томонидан ишлаб чиқарилган Jet A-1 реактив ёқилғисининг физик-кимёвий ва эксплуатацион хусусиятларига киритилган ўзгаришларнинг салбий таъсири йўқлигини тасдиқлаш учун Бухоро НҚИЗ жорий йилнинг июл ойида “БНҚИИТИ” АЖ билан "Бухоро НҚИЗ томонидан ишлаб чиқарилган Jet A-1 авиация ёқилғисининг ўзгартирилган технологияси бўйича ГОСТ Р 15.301 га мувофиқ саноатда ишлаб чиқаришни бошлаш бўйича" шартнома тузилди.
Шартноманинг биринчи босқичи учун тўлов амалга оширилди, “БНҚИИТИ” АЖда ўзгартирилган технологиядан фойдаланган ҳолда Jet A-1 авиация ёқилғисининг тажриба-саноат партияси технологиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, мувофиқлик синов дастурини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар олиб борилмоқда.
“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ Матбуот хизмати