Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан ўқув семинари бўлиб ўтди
Бугун, 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишчи-ходимлари ўртасида “Табиатни асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз!” мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинар дастури доирасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими мутахассислари томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг маълумот берилди, ҳар бир инсоннинг мавжуд экологик муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этиши муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, семинарда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитар-экологик вазиятни яхшилаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганлиги айтиб ўтилди.
Семинар давомида мавзуга бағишланган ижтимоий видеолавҳалар намойиш этилди. Интерактив сўров ўтказилиб, завод ходимларининг атроф-муҳитни яхшилаш бўйича таклифлари тингланди.
Тадбир табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳимлигини очиб бериш, экологик маданиятни тарбиялаш, теварак-атрофдаги табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлашга интилиш, ўз хатти-ҳаракати учун масъулият ҳиссини шакллантириш мақсадида ташкил этилди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш барчамизнинг бурчимиздир. Табиат инъом этган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, исрофгарчиликларга йўл қўймаслик олдимизга қўйилган муҳим вазифалардан бири бўлиши лозим. Бир сўз билан айтганда, “Табиат бизга аждодларимиздан қолган мерос эмас, балки келажак авлод учун омонат ҳисобланади”.