Самарқандга саёҳат
Бухоро НҚИЗ касаба уюшмаси ва Ёшлар иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилоти билан ҳамкорликда 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан жорий йилнинг 4 ноябрь куни 50 нафар ишчи-ходимларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Ташкил этилган саёҳат давомида ходимлар “очиқ-осмон ости музейи” деб ном олган қадимий архитектура ва кўп асрлик шаҳарнинг тарихий обидалари, меъморий манзаралари билан яқиндан танишдилар.
Саёҳат давомида ҳамкасбларимиз Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари Шоҳи Зинда, Гўри-Амир мақбараси, бетакрор Регистон майдони ва кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меъморий объектлар ва қадимий ёдгорликларни яқиндан кўриш имкониятига эга бўлдилар. Тарихий Самарқанднинг янада гўзал ва мафтункор манзилгоҳлари, мадраса, мақбара, минора ва замонавий мажмуаларини томоша қилиш орқали тарих ва келажак нафасини ҳис қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбара мажмуасини ҳам зиёрат қилишди.
Ушбу саёҳатда ҳамкасбларимиз нафақат қадимий обидаларда балки "Silk road Samarkand" туризм марказида ҳам бўлишди. Барпо этилган ушбу бунёдкорлик мажмуаси тўғрисида катта таассуротларга эга бўлдилар.
Ҳаво булутли ва ёмғирли бўлишига қарамай Самарқанд ўзининг табиати, тоза ҳавоси ва мафтункорлиги билан саёҳатчиларимизнинг ёрқин хотирасида қолди.