“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Бухоро НҚИЗ ҳамкорлигида Қоровулбозор туманидаги Нефтчилар шаҳарчасида янгиланаётган Конституция бўйича референдумни тарғиб қилишга бағишланган кенг кўламли тадбир бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси бўйича референдум ўтказиш арафасида мамлакатимиз ҳудудларида “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остида тарғибот ва байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Бухоро НҚИЗ ташаббуси билан шаҳарчадаги Маданият саройи майдончасида бўлиб ўтди. Тадбирга фахрийлар кенгаши аъзолари, корхона ходимлари ва туман аҳолисидан иборат 600 дан ортиқ киши ташриф буюрди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова кириш сўзи билан очиб берди. У ўзининг кириш сўзида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, инсон манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова давлатимизнинг асосий қонунига киритилиши режалаштирилган ўзгартиришлар, референдум ўтказиш тартиби ҳақида гапирди.
Меҳнат фахрийлари, Бухоро НҚИЗ ходимлари, ўқитувчилар ҳам сўзга чиқди. Янги таҳрирдаги Конституциядаги ҳар бир норма инсон қадр-қимматини таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Байрам шукуҳида ўтган тадбирда она юртга муҳаббат туйғуси ҳақидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларнинг кайфиятига кўтаринкилик бахш этди.
Йиғилиш якунида барча иштирокчиларни янигиланишларга бефарқ бўлмаслик ва референдумда ўз фуқаролик позициясини кўрсатишга чақиришди.