Орамиздаги одамлар
Орамиздаги одамлар... Ушбу рукн орқали заводда ишлаётган ишчи-ходимларнинг сиз билган ва билмаган ҳислатлари, босиб ўтган ҳаёт йўллари, меҳнат фаолияти билан бироз бўлсада яқиндан таништиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугунги қаҳрамонимиз эса Завод марказий таҳлилхонаси таҳлилчиси – Аслонова Моҳидил Мардоновна.
– Заводда ўз фаолиятингизни қачон ва қандай бошлагансиз?
– Ўзим асли фарғоналикман. 1997 йил ўқишни битирганимдан сўнг, заводга ишга кириш учун Бухорога келганман. Ҳужжатларимни топширишга келган вақтимда заводни кўриб ҳайратга тушганман. Жудаям катта лойиҳа амалга оширилаётган эди. Бу ердаги муҳитни кўриб, менда шу ерда ишлаш истаги яна ҳам кучайган. Илк фаолиятимни 11-цехда хизматчи бўлиб бошлаганман. Ундан сўнг, ҳаракат қилиб, намуна олувчи бўлдим. Ҳозирги кунда эса таҳлилчи бўлиб ишлаб келмоқдаман.
– Ишхонадаги муҳит ҳақида гапириб берсангиз?
– Вақтимизнинг кўп қисми ишхонада ўтади. Шу сабабли, ишхонадаги муҳит, жамоа, ҳамкасблар албатта инсонга таъсир кўрсатади. Менга ишхонадаги муҳит ёқади. Ҳаммамиз бир оиладекмиз. Агар оила даврасида кутиб олинадиган байрамлар: Янги йил, 8-март, ҳайит кунларида сменага тушиб қолсак дастурхон тузаб, байрамларни биргаликда кутиб оламиз. Яхши ва ёмон кунларда бир-биримизнинг олдимизда турамиз. Ҳамкасбларимизнинг хонадонларида тўй бошланганлигини эшитиш биз учун хушхабар. Ёки қийин вазиятларда қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, қўллаб-қувватлаймиз.
– Инсон ишида муваффақиятга эришишида нима муҳим деб ўйлайсиз?
– Бажараётган ишида муваффақиятга эришиши учун инсон биринчи навбатда ўз ишини яхши кўриши керак. Касбига меҳри бўлган инсон ўша ишни камчиликсиз, яна ҳам яхшироқ бажаришга ҳаракат қилади. Яхши натижаларга эришишни истаса ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Нафақат ўз соҳасида балки, бошқа соҳаларда ҳам билимли, салоҳиятли бўлишга ҳаракат қилиши керак.
– Самимий ва чиройли суҳбат учун сизга ташаккур айтамиз. Раҳмат, саломат бўлинг!