December 16

Бухоро НҚИЗ ишчи-ходимлари ўртасида “Қувноқлар ва зукколар Директор кубоги”ни ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ  

I.                   Умумий қоидалар

“Қувноқлар ва зукколар Директор кубоги” Бухоро НҚИЗ ишчи-ходимлари (кейинги ўринда ишчи-ходимлар)нинг ҳазил-мутойибаларига асосланган, ўзаро аҳиллик, дўстлик ва соғлом рақобат тушунчалари сингдирилган, шунингдек, юмористик, бадиий-театрлаштирилган саҳна кўринишларидан иборатдир.

Танлов Бухоро НҚИЗ нинг цех ва бўлимларида ишловчи ходимлардан иборат жамоалар ўртасида Ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти, матбуот хизмати, Бухоро НҚИЗ касаба уюшма қўмитаси томонидан мазкур Низом асосида ташкил этилади.

II.               Танловнинг мақсад ва вазифалари

-               Ишчи-ходимларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг ишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш;

-                     Иқтидорли ишчи-ходимларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, маҳоратини ошириш, меҳнат жамоалари орасида соғлом рақобатни шакллантириш.

III.            Танловни ташкил этиш тартиби

Директор кубоги завод цехлари ўртасида ягона босқичда ўтказилади. Жамоалар ихтиёрийлик ва ўзаро келишув асосида айнан бир цех ёки бир неча цехлардан, шунингдек, хотин-қизлар ташаббуслари билан фақат аёллардан тузилиши мумкин. Жамоа сардорлари камида 5 кун олдин (2024 йил 20 декабр кунигача) танловда қатнашиш учун буюртма хатини мазкур Низомнинг 1-иловасига асосан Ёшлар иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилотига тақдим этади.

IV.             Танлов шартлари*

Танлов қуйидаги шартлардан иборат бўлади:

- Таништирув шарти – жамоаларнинг ўзини таништириш учун
ҳазил-мутойиба, куй-қўшиқ, рақс ва бошқа юмористик саҳна кўринишлари уйғунлашган чиқиши.

Ушбу шартдаги чиқиш мазмунан жамолар номи, цехи, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолияти, ўзлари яшайдиган ҳудуд табиати, одамларини юмор орқали танқид қилиш, жамоанинг бошқа ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумотлар, лавҳалар келтириш тартибида бўлади.

Чиқиш 5 баллик мезонда баҳоланади.

- Қисқа савол-жавоблар шарти – ҳар бир жамоа биттадан қизиқарли савол беради. Қолган жамоалар ўз аъзолари билан келишган ҳолда саволга жавоб беришади. Жамоаларнинг жавоблари тинглангандан сўнг савол берган жамоа ўз жавобини айтади. Саволлар ва жавоблар қизиқарли, ҳазил-мутойибаларга бой бўлишига алоҳида эътибор берилади. Қайси жамоанинг жавоби тайёр бўлса рақиб команда саволига жавоб беради. Жавоб учун 1 балл, қизиқарли жавоб учун 2 балл билан билан баҳоланади.

- Мусиқий чиқиш шарти – мусиқалар, қўшиқлар, таниқли санъаткорлар қўшиқларига ўхшатмалардан кенг фойдаланган ҳолда, ишчи-ходимлар ҳаётида, завод ва цех фаолиятида учрайдиган турли хил қизиқ воқеалар кулгу остига олинган театрлаштирилган лавҳалар (кўринишлар)дан иборат чиқишдир.

Чиқиш 5 баллик мезонда баҳоланади.

Таниқли санъаткорлар қўшиқларига ўхшатмалар қилинган тақдирда, қўшиқ сўзлари жамоалар томонидан ёзилиши ва ижро этилиши талаб этилади. Шартда санъаткорлар, таниқли актёрларни, завод раҳбар-мутахассисларини камситишга йўл қўйилмайди. Шартда жамоалар чиқишларининг мазмуни, ҳаётийлиги, долзарблиги, ҳазил-мутойибаларга бойлиги, мусиқа-қўшиқлардан самарали фойдаланилгани, қувноқлиги, ранг-баранглиги, иштирокчилар маҳоратига алоҳида эътибор берилади. Редактурадан ўтмаган қўпол ҳазилларга 2 баллгача миқдорда жарима солинади. Ҳар бир ортиқча 30 сония учун жамоалар тўплаган балига 0,5 балл жарима солинади.

* Танлов шартлари учун ажратилган вақт (регламент) қўшимча тартибда Бухоро НҚИЗ нинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.

* Умумий ҳисобда Директор кубогида иштирок этиш истагини билдирган жамоалар сони 5та бўлганда 3 та шарт, 5 тадан ошганда 2 та шарт асосида ўтказилади.

V. Кўрик танловда иштирок этадиган жамоаларга қўйиладиган талаблар.

- Кўрик-танловда иштирок этадиган жамоа аъзолари сони 10 нафардан кўп бўлмаслиги лозим.

- Жамоаларнинг чиқишлари юқори савияли бўлишини таъминлаш мақсадида тегишли мутахассислар (режиссёр, бастакор, ёзувчи, маслаҳатчи ва бошқ.) кўмагидан фойдаланишга рухсат этилади, аммо улар жамоа таркибига қабул қилинмайди.

- Жамоаларнинг саҳна кўринишлари сценарийси беллашувдан камида 10 кун олдин ташкилий қўмита бадиий кенгашига тақдим этилиши шарт.

- Жамоалар томонидан ўз чиқишлари давомида аввалги беллашувларда ҳамда бошқа жамоалар томонидан ишлатилган ҳазилларни ишлатиш ман этилади.

Изоҳ: Жамоалар томонидан ўз чиқишлари давомида менталитетимизга мос келмайдиган, маънавиятимизга зид, қўпол ҳазиллар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари шахсига нисбатан масхаратомуз ва рақиб жамоаларга нисбатан камситувчи ҳазиллар ишлатиш тақиқланади.

VI.             Ташкилий қўмита

Танловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишни мувофиқлаштириб бориш мақсадида завод ташкилий қўмитаси тузилади. Қўмита завод раҳбарияти, Ёшлар иттифоқи Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти, хотин-қизлар қўмитаси, завод касаба уюшма қўмитаси ва матбуот хизмати вакилларидан иборат бўлиши мумкин.

VII.         Ғолибларни тақдирлаш

1-,2-,3-ўринларни қўлга киритган жамоаларга Ёшлар иттифоқи
Бухоро НҚИЗ бошланғич ташкилоти ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Танловда фаол иштирок этган жамоаларнинг аъзолари (иштирокчилар) қуйидаги махсус номинациялар бўйича алоҳида тақдирланади:

“Энг қувноқ йигит”;

“Энг қувноқ қиз”;

“Энг қувноқ жамоа”.

VIII.      Ҳакамлар ҳайъати

Ҳакамлар ҳайъати завод раҳбарияти, таклиф этилган “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳамкор ташкилотларнинг бетараф вакилларидан тузилади. Ҳакамлар ҳайъати таркиби ва танлов бошловчиси ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари жамоалар томонидан олдиндан тақдим этилган сценарийда кўзда тутилмаган қўпол ҳазиллар намойиш этилганлигини аниқласа, жарима балларини белгилайди ва ҳайъат раисига тақдим этади. Ҳайъат раиси беллашув сўнгида бадиий кенгаш ва ҳайъат аъзолари томонидан белгиланган жарима балларини инобатга олган ҳолда якуний балларни эълон килади.

Ёшлар иттифоқи БНҚИЗ бошланғич ташкилот раиси

М.Ғуломов