May 13, 2020

Ўзаро ёзишмаларни ошкор қилиш мумкинми?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва бошқа ахборот манбаларида фуқаролар ўртасидаги ўзаро ёзишмалар ва телефонда сўзлашувларини ошкор қилишнинг қонунга мувофиқлиги борасида мунозаралар кўпаймоқда.

Бошқача айтганда, айрим фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларида ўзаро мулоқот қилаётган (телефонда сўзлашаётган) бошқа бир фуқаронинг хабарларини расмга олиб (скриншот қилиб, диктофонга ёзиб олиб) ёки унинг мазмунини ушбу мулоқотда қатнашмаётган бошқа шахсларга ошкор қилинишига қонунчиликда рухсат берилган ё берилмаганлиги ҳақида баҳслар кузатилмоқда.

Ахборот технологияларининг ривожланиши билан бир қаторда инсоний муносабатлар ҳам ривожланмоқда, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда ёзишмалар кескин ошиб, турли гуруҳларда ахборот алмашинуви кучаймоқда.

Шунинг учун ҳам қонуннинг тўғри тушунилиши таъминлаш мақсадида ва ҳар ким ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ тушунган ҳолда ҳаракат қилиши учун Адлия вазирлиги кенг жамоатчиликка тегишли ҳуқуқий тушунтириш беришни ўринли деб ҳисоблайди.

Биринчидан, Конституциянинг 27-моддасига асосан ҳеч ким қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг ёзишмалари ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

Шунингдек, ушбу қоида “Алоқа тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида ҳам мустаҳкамланган. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Демак, юқоридаги нормалардан кўриниб турибдики ёзишма (сўзлашув)лар сирини ошкор қилиш тақиқланган.

Хўш дейлик, кимдир ушбу сирни ошкор қилди? Бу учун қандай жавобгарлик мавжуд.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-моддасида тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Худди шундай, Жиноят кодексининг 143-моддасида ҳам хат-ёзишмалар, телефонда сўзлашув, телеграф хабарлари ёки бошқа хабарларнинг сир сақланиши тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ушбу масаланинг энг эътибор бериш керак бўлган жиҳати шундан иборатки, ушбу сир сақлаш мажбуриятлари ва унга амал қилмаганлик учун тўғридан-тўғри белгиланган жавобгарлик кимга тегишли: мулоқот, ёзишма ёки хат йўлланган инсонгами (иккинчи иштирокчи) ёки бегона бўлган учинчи шахсларгами, яъни ушбу ёзишмаларнинг иштирокчиси бўлмаган томонгами?

Ушбу юқоридаги нормаларнинг таҳлили жавобгарликнинг фақатгина учинчи шахслар, яъни ёзишмалар иштирокчиси бўлмаган шахслар учун белгиланганини кўрсатади.

Яъни, ёзишма, мулоқот иштирокчиси бўлган шахсда ёзишма (сўзлашув)ни сир сақлаш бўйича қонунда тўғридан-тўғри мажбурият мавжуд эмас. Чунки унинг ўзи ушбу сирнинг иштирокчиси.

Шу сабабли, бир томоннинг, яъни иккита иштирокчидан биттасининг розилиги билан (иккинчи тараф розилигисиз) ошкор этилган маълумот ёзишма ёки телефонда сўзлашувни ошкор этган тараф учун жавобгарликни келтириб чиқармайди.

Таъкидлаш жоизки, бу жуда тўғри ўрнатилган қоида. Акс ҳолда, ёзишмалар, аудио- ёки видеоёзувларни,айниқса, давлат хизматчилари, мансабдор шахслар билан ёзишмаларни бевосита иштирокчи томонидан ошкор қилиш учун барча ҳолларда бошқа томоннинг розилигини олиш зарур бўлган вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ўз навбатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, шаффофлик тамойилининг амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатган ҳамда оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилган бўлар эди.

Аммо шундай бўлсада, қонун иккинчи иштирокчининг шахсий ёки оилавий сирлари ошкор этилишига йўл қўймайди. Бунинг учун унинг розилиги зарур.

Чунки, МжТК ва Жиноят кодексининг тегишли моддалари шахсий ёки оилавий сирларни тегишли шахснинг розилигисиз ошкор этганлик учун жавобгарликни назарда тутади. Яъни, шахсий ва оилавий сир деб қаралиши мумкин бўлган маълумотни ошкор этишда, ушбу сир тегишли бўлган инсоннинг розилиги бўлиши шарт. Айнан қайси маълумот шахсий ва оилавий сир деб эътироф этилиши индивидуал равишда ҳар бир ҳолатга мос равишда суд органлари томонидан малакаланади.

Шу билан биргаликда, Фуқаролик кодексига кўра ҳар қандай шахс ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини суд орқали ҳимоя қилиш, бу маълумотларни рад этиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳуқуқига эга. Албатта бунда даъвони қаноатлантириш, шунингдек етказилган зарар ва маънавий зиённинг ҳажми суд томонидан белгиланади.

Юқорида келтирилганлардан келиб чиқиб, ёзишма (сўзлашув) сирини ошкор қилганлик учун жавобгарлик сирнинг хусусиятига ва оқибатига бевосита боғлиқ эканлиги аён бўлади. Ёзишма (сўзлашув) иштирокчиси бўлган шахснинг қилмишини ёзишма сирини бузганлик учун санкция белгиланган тегишли моддалар билан жавобгарликка тортишнинг имкони бўлмасада, ундан ёзишмалар сирининг ошкор этилиши натижасида келиб чиққан зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини суд тартибида қоплатиш мумкин. Бу ҳолатда, даъвогар жавобгарга нисбатан юборган ёзишмаларининг сир сақланиши бўйича олдиндан келишувлари ва томонларнинг бир-бири олдидаги мажбуриятлари ҳам эътиборга олиниши табиий.

Иккинчидан, айрим ҳолатларда фуқароларнинг ўзаро ёзишмалари ва телефон сўзлашувларини уларнинг розилигидан қатъи назар ошкор этилишига йўл қўйилади.

Масалан, Жиноят-процессуал кодексининг 169-моддасига асосан иш бўйича тўпланган далиллар иш учун аҳамиятга молик хабарларни олиш мумкинлигига етарли даражада асос бўла олса, суриштирувчи, терговчи телефон ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали сўзлашувларни эшитиб туриш тўғрисида прокурорнинг санкциясини олиб қарор чиқаришга ҳақлидир. Шунингдек, бу бўйича суд ажрими ҳам чиқарилиши мумкин.

“Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасини келтириш мумкин. Унга кўра, ёзишмалар, бошқа сўзлашувлар, почта, курьерлик жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланиши ҳуқуқларини, шунингдек уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини чекловчи тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишига тегишли санкция асосида йўл қўйилади.

Бошқача айтганда, тезкор-қидирув фаолияти натижасида ҳам маълумотлар ваколатли шахсларга ошкор бўлиши мумкин. Бунда бу далилларни қонуний тартибда олиш учун тегишли қоидага риоя этиш зарур. Акс ҳолда, олинган маълумотлар тезкор-қидирув фаолият тўғрисидаги қонунчиликка зид равишда ошкор қилинган деб ҳисобланади.

Бу нормалар юқорида кўрсатилган мансабдор шахслар фуқароларнинг ўзаро ёзишмаларидан, уларнинг рухсатидан қатъи назар, содир этилган ёки содир этилишига тайёргарлик кўрилаётган жиноятларни фош қилиш мақсадида, етарли асослар мавжуд бўлганда хабардор бўлишига қонунда рухсат берилганлигини англатади.

Учинчидан, хориж тажрибасига назар солсак, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 138-моддасига кўра ёзишмалар, телефон сўзлашувлар, почта, телеграф ёки бошқа хабарларнинг маҳфийлигини бузиш 80 минг рублгача жарима ёки маҳкумнинг 6 ойгача бўлган иш ҳақи миқдорида жарима ёки 360 соатгача мажбурий меҳнат ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Эътиборли жиҳати бунда, ёзишмалар сирини бузганлик учун жавобгарлик учинчи шахслар учунгина қўлланилади. Ёзишма иштирокчилари бўлган шахсларга бу талаб тадбиқ этилмайди. Буни Россия Олий суди ҳам тасдиқлаган.

Ёзишмалар, телефон сўзлашувлар, почта, телеграф ёки бошқа хабарларнинг махфийлигини бузишга оид жавобгарлик Қозоғистон Жиноят кодексининг 148-моддасида, Тожикистон Жиноят кодексининг 146-моддасида, Туркманистон Жиноят кодексининг 147-моддасида ҳам белгиланган.

Буюк Британиянинг Махфийлик ва электрон алоқа тўғрисидаги қоидаларига кўра, фойдаланувчиларнинг қўнғироқлари, ёзишмалари, жойлашув маълумотлари сир тутилиши шарт.

Ушбу қоидаларни бузганлар аксарият ҳолларда жиноий жавобгарликка тортилади, шунингдек корхона ёки ташкилотлар раҳбарлари эса 500 минг фунт стерлинггача жаримага тортилиши мумкин.

Германия Жиноят кодексининг 203-қисмига мувофиқ шахсий сирни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Кодекснинг 32- ва 34-қисмларига мувофиқ фуқаролар шахсий ҳимояси учун телефон сўзлашувларини ёзиб олишлари мумкин.

Канада Олий суди томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган Мараках иши доирасида полиция томонидан келтирилган далиллар (суд санкциясини олмасдан шеригининг телефони мусодара қилиниб, юборилган бир неча матнли хабарлар далил сифатида ишлатилган) ёзишмалар сирини бузган ҳолда олинган деб топилиб, оқлов ҳукми чиқарилган. Бу эса ўз навбатида ушбу давлатда ёзишмалар фақатгина тегишли шахсларнинг розилиги ёки суд санкцияси билан ошкор этилиши мумкинлигини билдиради.

АҚШ Қонунлари кодексининг 18-бўлими 2511-қисми симли, оғзаки ёки электрон алоқани ушлаб қолиш ва ошкор қилишни тақиқлайди. Бундан ташқари, ёзишмалар ёки сўзлашувларни уларни амалга оширган шахсларнинг бирининг розилиги билан ошкор қилиш ҳам мумкин. Бу АҚШдаги федерал норма.

Юқоридагиларга кўра қуйидаги хулосаларни қилиш мумкин:

  • ёзишмалар, телефон сўзлашувларининг сир сақланиши ҳар бир шахснинг конституцион ҳуқуқи ҳисобланади;
  • ёзишма (сўзлашув)ларнинг сир сақланишини бузганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик фақатгина мулоқот иштирокчилари бўлмаган учинчи шахслар учун келиб чиқади;
  • мулоқот иштирокчиси бўлган шахс учун жавобгарлик фақатгина сирнинг хусусиятидан (оилавий, шахсий сир ва ҳ.к.) ва оқибатидан келиб чиқиши мумкин;
  • бир тараф иккинчи тарафдан сирни ошкор этганлиги натижасида келиб чиққан зарар ва маънавий зиённи қопланишини суд тартибида ҳал қилиш ҳуқуқига эга. Бунда судлар ҳар бир иш юзасидан ҳолатга алоҳида қонуний баҳо беришади.

Манба: Адлия вазирлигининг @huquqiy_axborot телеграм канали.

Мактабгача таълим бўлими ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига обуна бўлинг:

Telegram :https://t.me/jondormaktabgachatalim

Facebook :https://fb.me/jondormaktabgachatalim

Сайт : www.jondormtb.ulkansayt.uz

Ишонч телефони: (65) 58-22-824

Мурожаат қолдириш: https://t.me/jondormtbkadr_bot