1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
1. Пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилади ва қуйидагича белгиланади:
🔹 пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 262 470 сўм;
🔹 ёшга доир энг кам пенсиялар – 513 350 сўм;
🔹 болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – 513 350 сўм;
🔹 зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – 315 030 сўм.
2. Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасидаги экспорт қатновларда экспорт қилувчиларга темир йўл юк қатнови тарифларига 50 фоиз чегирма жорий этилади.
3. Хорижга олиб чиқиб кетиш мумкин бўлган нақд валюта миқдори ошади
Жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 70 млн сўм эквивалентидан ортиқ Ўзбекистон нақд валютаси ва (ёки) нақд чет эл валютаси учун декларация тўлдирилади (амалда 2 минг АҚШ доллари).
Шунингдек, 100 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган нақд валюта Ўзбекистондан ташқарига божхона назорати қоидаларига амал қилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқилади (амалда 5 минг АҚШ доллари).
4. Давлат бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар томонидан ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериш тартиби жорий этилади.
5. Барча аукцион савдолари натижалари QR-кодни қўллаш орқали расмийлаштирилади.
Шунингдек, “E-IJRO AUKSION” тизимида қуйидаги тартиблар жорий қилинади:
• аукционда шахсини идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали иштирок этилади;
• давлат мулкини ижарага бериш шартномалари электрон шаклда икки томонлама тузиш орқали расмийлаштирилади;
• савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталог яратилади.
6. Чегара божхона постларида “Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилади ва бунинг натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга ва импортда 2 баробарга қисқартиришга эришилади.
7. Рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун бўлади
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш юзасидан қуйидаги тартиботлар кучга киради:
- фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади (амалда 10 кун);
- доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш 1 кун ичида амалга оширилади (амалда 3 кун);
- Ўзбекистон фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;
- Ўзбекистон фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;
- ҳарбий хизматга мажбурларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилинади;
- Ўзбекистон фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.
8. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларни доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилади.
9. Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида жойлашган тиббиёт ОТМларида белгиланган тартибда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини берувчи илмий кенгашлар ташкил этилади.
10. Давлат буюртмаси асосида босма маҳсулотлар, шу жумладан, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Ўзбекистон норезидентлари ҳам қатнашиши мумкин бўлган, давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
11. Солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотлари ҳамда Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси маълумотлари асосида қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади.
12. Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.
Низомга мувофиқ, солиқ қарзи қуйидаги ҳолларда ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади:
- юридик шахс тугатилганда — юридик шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги ва (ёки) шу юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда унинг солиқ қарзини узиш имкони бўлмаганлиги сабабли унинг Солиқ кодексининг 91-моддасида назарда тутилган тартибда узилмай қолганда;
- якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб эътироф этилганда — қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи (унинг қисми) узилмай қолганда;
- жисмоний шахс вафот этганда ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганда — унинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли, шу жумладан мерос давлат мулкига ўтган тақдирда, унинг солиқ қарзи Солиқ кодексининг 94-моддасида назарда тутилган тартибда узилмай қолганда;
- вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда;
- солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганлиги тўғрисида суд томонидан қарор қабул қилинганда, шу жумладан суд томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилганда;
- чет эл юридик шахс солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда, доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ва Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан тўлаш имконсизлиги сабабли солиқ қарзи тўланмаганда.
13. Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида “Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги” факультети ташкил этилади.
14. Давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилади.
Қуйидаги тартиб жорий этилади:
- кўчма цирклар томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органлари камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилинади;
- ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари мазкур томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди;
- давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди;
- ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския, лапар) асраш ва улардан фойдаланиш бўйича фаолиятидан олинган даромадларига солиқ солинмайди.