May 16, 2022

Японияда мусулмон қабристонлари муаммоси кўтарилмоқда

Япониядаги мусулмонлар сони ўсишда давом этмоқда ва 2020 йил охирида тахминан 230 000 кишини ташкил этган, бироқ мамлакатдаги атиги еттита қабристон мусулмонларни ўз динига мувофиқ дафн этиш учун камлик қилмоқда. Бу ҳақда 11 май куни The Asahi Shimbun газетаси ёзмоқда.

Японияда ўликларни кремация қилиш кенг тарқалган. 2019 йилда Японияда вафот этганларнинг 99,97 фоизи кремация қилинган. Бу Францияда 39,01%, Италияда 30,68% ва АҚШда 54,58% дан анча юқори. Жанубий Кореяда бу кўрсаткич 88,01 фоизни ташкил этди, деб ёзади газета.

Мусулмонлар уюшмаси раҳбари ва Ритсумейкан Осиё-Тинч океани университети профессори Хон Муҳаммад Тоҳир: «Мусулмонлар учун кремация қилиниш ўлганларга ҳурматсизликдир», дейди.

Мусулмонлар дафн этиладиган маҳаллий қабристон танқислигидан катта муаммоларга дуч келинмоқда: марҳумларни Япониянинг олис жойларига ёки ҳатто хорижга олиб бориш техник жиҳатдан қийин ва қимматга тушади.

Ассоциациянинг Оита префектурасидаги ҳудудий бўлими диндошлар учун алоҳида қабристон ташкил қилишни сўраган, бироқ маҳаллий аҳоли томонидан қаттиқ қаршилик кўрсатилган, деб ёзади газета. Ташаббусчилар бошқа жойларда ҳам худди шундай норозиликларга дуч келишмоқда.