Сунъий интеллектнинг супер қудрати
Мазмунга қисқа назар
Қисқача айтганда — Силикон водийси ва Хитойнинг сунъий интеллектни яратиш соҳасидаги рақобати ва у ҳаётнинг барча соҳаларига кириб борган тақдирда бизни нималар кутиши ҳақида.
Ҳозирги кунда сунъий интеллект ниҳоятда ривожланмоқда. Кўпчилик ушбу ривожланиш нималарга олиб келиши, келажак касбларида қанчалик ўз аксини топиши, унинг ривожидан кимлар ютиши, инсон машиналар бошқарадиган дунёда яшай олиши ёки йўқлиги ва қандай қилиб у бизга ўз таъсирини ўтказишини тушуниш истагида ёнмоқда.
Китоб муаллифи, сунъий интеллектни яратиш соҳасидаги кашфиётчилардан бири Каи-Фу Лининг таъкидлашича, у тез-тез болалар боғчаларидан тортиб сиёсий ва илмий элитагача турли аудиториялар қаршисида маърузалар ўқийди. Шундай бўлса-да, саволлар доираси беш яшар болалар ҳамда таъсир ва ҳокимиятга эга кишилар учун деярли бир хил. Болалар қачон мактабда ўқитувчи-роботлар ишлаши, робот билан оила қуриш мумкин ёки йўқлиги ва агар у ҳамма ишни сунъий интеллект зиммасига юкласа, инсоннинг нима кераги борлиги ҳақида сўрашади.
Яқин-яқинларгача сунъий интеллект ҳақидаги гап-сўзлар илмий-тадқиқот лабораториялари ва фантастик романлар чегарасидан ташқарига чиқмаган эди. Оддий киши сунъий интеллект ҳақида сўз юритганда роботларни эсларди ва шунинг билан унинг фикрлаш доираси, одатда, чекланган бўларди. У роботлар ва кундалик турмуш орасида бирор боғлиқликни кўра олмасди.
Бугун сунъий интеллект мавзуси ҳар қачонгидан ҳам машҳур. Сунъий интеллектни ўзлаштириш ва ундан фойдаланиш борасида кўпгина мамлакатлар иш олиб боришмоқда, бизнес-анжуманларда унинг фойдани оширишдаги имкониятлари муҳокама қилинмоқда, у ҳақидаги мақолалар нафақат илмий нашрларда, балки оммабоп журналларда ҳам чоп этилмоқда. Ҳозирданоқ сунъий интеллект технологиялари биз смартфонларда фойдаланадиган кўпгина иловаларга киритилган ва у автомобилларни бошқарадиган, саноат ва ишлаб чиқаришни ўз зиммасига оладиган ва кўплаб иш ўринларини кераксизга чиқариб қўядиган кунларга унчалик узоқ вақт қолмади. Унинг ривожланиши ўзида кўпгина имкониятларни ва айни пайтда, катта хатарларни мужассамлаштиради, шундай экан, ҳар икки ҳолатга тайёр бўлиш талаб этилади.
Муаллифнинг таъкидлашича, яқин-яқингача Хитой сунъий интеллектни тадқиқ қилиш ва фойдаланиш бўйича АҚШдан анча орқада эди. Лекин сўнгги бир неча йил ичида Хитойнинг давлат сиёсати ушбу йўналишни устувор масалалардан бирига айлантирди ва аҳоли ўртасида сунъий интеллектнинг машҳурлиги шунчалик ортиб кетдики, ҳаттоки беш яшар болалар ҳам у ҳақида тасаввурга эга.
Хитойда аллақачон сунъий интеллект ишлатиладиган алгоритмлар ва бизнес-моделлар устида тажрибалар ўтказилмоқда ва тез орада хитойлик олимлар америкалик ҳамкасблари билан муваффақиятли рақобат ва ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўладилар. Ушбу ривожланиш дунё иқтисодиётига катта таъсир ўтказиши мумкин ва тўлиқ эҳтимолий оқибатларни ҳеч ким олдиндан кўра билишга қодир эмас. Бу тараққиётга олиб келадими ёки аксинча, кишиларни машиналарнинг арзимас ва ҳуқуқсиз ёрдамчилари даражасига тушириб қўядими? Ютамизми ёки ютқазамизми? Аниқ жавоб беришга бирор кимса қодир эмас. Лекин мунтазам саволлар бериш талаб қилинади.
Каи-Фу Ли инсон ва компьютер ўртасидаги 2017 йил май ойидаги го мусобақаси ҳақида ҳикоя қилади. Хитойлик ўйинчи, 19 ёшли мутлақ жаҳон чемпиони Ке Цзе ва Google томонидан ишлаб чиқилган AlphaGo дастури ўртасидаги мусобақа Вужень шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган го фестивалида бўлиб ўтди. Қадимий го ўйини яқин вақтларга қадар машиналар ўйнаши имконсиз деб ҳисобланган, чунки ўйинчидан ҳақиқий инсоний сифатлар: интуиция, сезги, юқори даражадаги абстракция ва бошқалар талаб этилган. Қадимги Хитойда ҳар бир олим го ўйинини билиши зарур саналган. Го ўйинининг тактик принциплари шахматникига нисбатан бирмунча мураккаброқ ва сабр-тоқатга асосланган. Шу сабабдан го шунчаки ўйин эмас, балки алоҳида руҳий ҳолат санъати ҳисобланган. Ўйинда жуда кўплаб позициялар мавжуд ва сезгига таянган ҳолда тўғри юришни танлаш учун кишидан йиллаб ушбу ўйин билан шуғулланиш талаб этилади.
Инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги уч беллашувнинг ҳар бири уч соатдан давом этди. Кэ Цзе барча усулларни қўллаб кўрди: ҳимояланди, ҳужум қилди, ақлга сиғмайдиган юришларни қилиб кўрди, бироқ AlphaGo ишончли тарзда ғалаба қозонди. Ушбу ўйинни бутун дунё кузатди, бироқ Каи Фу-Ли фикрича, ҳар бир мамлакат уни турлича кўрди. Ғарб олами учун бу компьютернинг инсон устидан навбатдаги ғалабаси, қолаверса, Ғарб технологияларининг бутун дунё устидан ҳукмронлигининг, рақамли дунёнинг истиқболли соҳасидаги устунлигининг исботи эди. Каи Фу-Ли мазкур ғалабани Хитой учун навбатдаги илҳомбахш чорлов сифатида қабул қилди. Ўз даврида Собиқ Иттифоқ томонидан биринчи сунъий йўлдошнинг учирилиши АҚШни ўз фазовий дастурини ривожлантиришга ундаган эди. AlphaGo нинг дастлабки ғалабаси 2016 йилдаёқ, дастур кореялик чемпион Ли Се Долни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратганида юз берган эди. Ўшанда европаликлар ва америкаликлар бунга деярли эътибор қаратишмаган бўлса-да, хитойликлар ушбу ўйинни диққат билан кузатишган. Шунинг билан Хитойда сунъий интеллектни ўрганиш борасидаги “портлаш” бошланди, шундан сўнг давлатнинг бор кучи, қолаверса, хусусий тадбиркор ва сармоядорлар ҳам сунъий интеллектни тадқиқ этишга сафарбар этилди. Унинг ривожланишига таваккалчи сармоядорлар, ҳукумат ва технологик гигантлар пул тикишди. У билан талабалар шуғулланишмоқда, стартап асосчилари эса сунъий интеллект элементлари ва аввалги технологияларни татбиқ этган ҳолда янги тўлқинни ҳозирлашга интилмоқдалар. Ҳукумат 2020-2025 йилларга қадар глобал миқёсда сунъий интеллект тадқиқотлари марказига айланишни мақсад қилган. 2017 йилда хитойлик сармоядорларнинг дунё миқёсидаги сунъий интеллект билан боғлиқ сармоялардаги улуши 48% ни ташкил қилди, бу АҚШнинг улушидан кўпроқдир. Шу вақтга қадар сунъий интеллектни тадқиқ қилиш назарий муҳитда кечган бўлса-да, техник жараёнларнинг жадаллашуви уни амалиётда қўллаш имкониятини юзага келтирди.
Қачонлардир компьютер шахмат бўйича жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни ютган, лекин ўша вақтларда шахматчилар ўз иш ўринлари учун қайғуришларига ҳожат йўқ эди. Го ўйинидаги сунъий интеллектнинг ғалабаси унинг ўйин жараёнидаёқ ўрганиш имкониятини, унинг когнитив имкониятлари нақадар ўсганлигини намойиш этди. Бугун мустақил равишда ўрганувчи дастурлар инсонларга нисбатан юзни, овозни ва кредитлар ажратишда молиявий имкониятларни аниқлашда анча яхши имкониятларга эга.
Мустақил равишда ўрганувчи сунъий интеллект ишлаб чиқариш унумдорлигини кескин ошириши, айни пайтда меҳнат бозорида катта ўзгаришларга олиб келиши лозим. Бу машиналар саноатда қанча иш ўрнини ўзиники қилиб олишини инобатга олган ҳолда инсонлар ҳаётида ижтимоий-психологик оқибатларни юзага келтиради. Бу ишсизлик ва ижтимоий ларзаларга олиб келиши мумкин, зеро у нафақат қуйи малакали ишчилар, балки юқори малакали техник мутахассисларга ҳам дахл қилади. Муаллифнинг таъкидлашича, юқори технологиялар равнақ топган даврда инсон ўзлигини сақлаб қолган тақдирдагина ўзига иш ва ҳаётда мазмун топиши мумкин.
Сунъий интеллект даври таҳдидлари нимадан иборат бўлиши ва қандай имкониятлар тақдим этиши ҳақида муаллифда бир нечта муҳим ғоялар мавжуд.
1-ғоя. Сунъий интеллект Ғарбда ривожланди, бироқ Хитой уларнинг тажрибасини ўзлаштиради ва такомиллаштиради
Мустақил равишда ўрганувчи онг технологияси ХХ асрнинг 50-йилларидаёқ пайдо бўлган. Тадқиқотчилар инсон онги билан ишловчи машина яратиш устида ишлаганлар. Ҳайрат ўрнини ҳафсаладан мосуво бўлиш эгаллаганидек, ушбу йўналишнинг ўзига хос инқироз ва юксалиш даврлари бўлган. Вақт ўтиб молиялаштириш қисқарган, иш сустлашган, бироқ тўхтаб қолмаган.
Босқичма-босқич сунъий интеллект соҳасида иккита йўналиш юзага келди: тимсоллар тизими (ёки қоидалар тизими) ва нейрон тармоқлари тизими. Тимсоллар тизимида машина онги “...бўлса, демак…” мантиқий қоидаларига таянган. Дастлаб бу сунъий интеллект соҳасидаги ютуқларнинг чўққиси бўлиб туюлган ва асосан содда дастурлар ва ўйинларда ишлаган. Бироқ вариантлар кенгайгани сайин, у иш бермай қўйди.
Нейрон тармоқлар тизими йўналиши тарафдорлари машинада инсон мияси нусхасини яратишга қарор қилишди. Миянинг асосий биологик архитектураси кодланган ахборотни қабул қилувчи ва узатувчи, бунинг натижасида инсон қарорлар қабул қиладиган нейронлардан ташкил топган. Машина нейрон тармоғи қарор қабул қилишга созланмаган, у шунчаки ниҳоятда кўплаб вариантларни қайта ишлайди ва кераклиларини аниқлайди. 1960 йилларда машиналар учун нейрон тармоғининг кашф этилиши дастлаб шов-шувга сабаб бўлди, бироқ тимсоллар тармоғи йўналиши тарафдорлари ўз назарияларини мутлақ ҳақиқат сифатида ҳимоя қилишга муваффақ бўлдилар ва узоқ йиллар машина онги унинг ёрдамида ишлади. 1990 йиллар охирига қадар, муаллиф таъбирига кўра, сунъий нейрон тармоқлари юқори технологиялар соҳасидаги эскича қарашлар туфайли ўзининг “музлик даври”ни бошдан кечирди. Фақатгина 2000 йиллар бошларида чуқур ўқитиш тизимлари (мустақил равишда ўрганувчи онг) нутқ ва юзни фарқлашни ўрганиб олгач, дунё уларнинг салоҳиятига назар сола бошлади.
Алгоритмлар энг яхши натижага эришиш учун улкан ҳажмдаги маълумотлардан фойдаланади. Улар инсонга кўринмайдиган андозаларни фарқлашни ўрганади, боғликликни қидиради ва энг мақбул қарорларни қабул қилади. Буларнинг барчаси учун зарур бўладиган нарса – улкан ҳажмдаги маълумотлар, аниқ мақсад ва нисбатан тор қўлланиш доираси. Мабодо маълумотлар етарли бўлмаса, алгоритм боғлиқликни кўра олмайди ва ўзаро муносабатни аниқлай олмайди, мақсад ўта мавҳум бўлган тақдирда, у топшириқни ҳал қилишни қандай қилиб мақбуллаштиришни билмайди.
Шунга қарамай, алгоритмлар суғурталаш ва кредитлашни қойилмақом тарзда ўрганишмоқда. Уларда қарз олувчилар ҳақидаги маълумотлар (яъни даромадлар, кредит рейтинги, кредит карталари ҳақидаги маълумотлар) ва оддийгина мақсад (суғурта ва молиявий ташкилотлар олдидаги хатарларни камайтириш) мавжуд.
Сунъий интеллект ташқи дунё андозаларини фарқлаш ва энг мақбул ҳамда хавфсиз йўналиш ҳақида қарор қилиш орқали автомобилларни бошқарган ҳолда ҳайдовчиларни тўлиқ алмаштирадиган кунларнинг келишига кўп вақт қолмади.
Сунъий интеллектнинг асосий қудрати (андозаларни фарқлаш, уни мақбуллаштириш ва қарор қабул қилиш) вақти келиб кўплаб турфа хил соҳаларга татбиқ қилиниши мумкин. Google ва Facebook каби гигантлар мустақил равишда ўрганувчи онг соҳасига улкан ресурсларни бежизга сарфлаётганлари йўқ. Зеро биз янги имкониятлар бўсағасида турибмиз.
Хитойда, ўзларининг ноёб технологияларини яратиш ўрнига Ғарб мамлакатларининг юқори технологияларига тақлид қилишдан бошқа нарса эмаслиги ҳақидаги акс фикрларга қарамасдан, буни жуда яхши англашади. Хитой ҳам, АҚШ ҳам сунъий интеллектни ривожлантиришда ўзига хос кучли жиҳатларга эга, демак яқин келажакда кучлар мувозанатини башорат қилиш мумкин.
Ҳар бир технологиянинг тараққий этиши назарий билимлардан амалий ишларга ўтишни тақозо қилади. Хитойда, эҳтимол, юқори технологияларни тадқиқ қилиш бўйича ностандарт ёндошувлар етишмаслиги мумкин, бироқ у сунъий интеллект ишлаши учун зарур бўлган улкан маълумотларга эгалик қилади.
Муаллиф Силикон водийсида у ердаги стартапларни ўрганган ҳолда кўп вақтини ўтказган. У ерда истиқомат қилувчилар меҳнатсевар ва қизиққон ёш ихтирочиларга хос репутацияга эга, аввало янги маҳсулотни ихтиро қилишга, сўнгра эса уни янги технологияларга боғлаган ҳолда узлуксиз равишда такомиллаштиришга бор эътиборларини қаратади. Лекин буларнинг барчасини Хитойдаги интернет-тадбиркорлик билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Ушбу макондаги рақобат Силикон водийсидагига қараганда анча юқори саналади. Техологияларни ўғирлашади, рақобатчилар янги бозорларни эгаллаш учун барча нарсага тайёр. Ўз маҳсулотингизга ва ўз бизнес моделингизга инновацион ғояни жорий қилиш жиддий эҳтиёждир, акс ҳолда, шунчаки яшаб қолиш имконсиз. Силикон водийсида инттелектуал мулк анча яхши муҳофазаланади, рақобат эса мутлақо Хитойдагига ўхшамайди – қайси технология яхшироқ эканлигини бозорнинг ўзи ҳал қилади. Бундай хотиржам шароитда ишлаш тадбиркорларни унчалик ҳам янги кашфиётларга ундайвермайди, шу жиҳатдан олиб қараганда, Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасида аллақачон илгарилаб кетиши мумкин, сабаби у ерда юқори технологиялар соҳасида меҳнатсевар, эпчил ва ҳаракатчан тадбиркорларнинг бутун бошли авлоди вояга етди. Қолаверса, Хитой фақат унинг ўзигагина хос бўлган ҳаддан зиёд маълумотларга эгалик қилмоқда, улардан айримларини фақатгина ушбу мамлакатдан топиш мумкин, холос.
Яқин-яқингача АҚШ ва Хитой интернет-компаниялари қарийб бир хил суръатда ривожланган. Хитойда Twitter ва Facebook Америка ижтимоий тармоқларининг аналоглари пайдо бўлди. Бироқ, ишни тақлидчиликдан бошлаб, улар аста-секин аналоглари билан жуда кам умумийликка эга соф хитойча феноменларга айланди.
Технологияларни жорий этиш асридан маълумотлар асрига ўтиш, рақобатга берилган тадбиркорларнинг вужудга келиши ва узоқни кўра билувчи сиёсатни ҳисобга олган ҳолда, Хитой яқин вақт ичида сунъий интеллект ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича бемалол АҚШдан илгарилаб кетиши мумкин. Келгусида бу дунё узра янгича тартиб ва технологик маконда Хитой ҳукмронлигига олиб келиши мумкин.
2-ғоя. Хитой стартаплари америка моделларидан нусха кўчиради, кейин эса хитойлик фойдаланувчиларни забт этган ҳолда бир-бирлари билан кескин рақобат қилади.
Хитойлик тадбиркор Ван Шин хитой Интернетида ошкора тақлидчи, Силикон водийси ихтироларидан бирга-бир нусха кўчирувчи сифатида машҳурдир. Дастлаб у унчалик машҳур бўлмаган, Facebookʼнинг ўтмишдоши саналган Friendster ижтимоий тармоғи дизайнини ўзгартирган ва ўзига хос фойдаланувчи интерфейсини яратган ҳолда нусха кўчирган. Биринчи тажриба муваффақиятсиз чиқди, сайт Хитойда машҳурликка эришмади, бироқ шу пайт АҚШда Facebook пайдо бўлди. Ван Шин ҳайратда қолди. У фойдаланувчи интерфейсини қандай бўлса, шундайлигича кўчириб олди ва хитойлик талабаларга мўлжалланган маҳсулот яратиб, уни Xiaonei, (хитойчадан таржима қилинганда, “кампус”) деб номлади. Оқибатда Ван Шин уни сотиб юборишга мажбур бўлди, эндиликда у Renren деб аталади. Шундан кейин Ван Шин Twitterʼга эътибор қаратиб, Fanfou номи остида уни тўлиқ клонлаштирди. Агар хитой тили бўлмаганида, Fanfou фойдаланувчилари Twitterʼдаман деган хаёлга боришлари мумкин эди. Бироқ бу ресурс аллақандай сиёсий сабабларга кўра ёпилди. Кейин Ван Шин Grouponʼга эътибор қаратиб, ундан нусха кўчирди ва уни Meituanʼга айлантирди.
Бундай кўр-кўрона нусхалаш, аксарият экспертлар фикрича, Хитойга ўз инновацион маҳсулотини яратишга имкон бермайди, чунки у ижод зарарига нисбатан тақлид қилишни ўта ёқтиради.Мазкур хусусиятлар сабабли Хитойнинг технология компанияларида бутун жаҳон технологик инқилобини амалга ошириш имконияти анча кам. Бироқ муаллиф бошқача фикрда.
Ван Шин ҳатто бирга-бир нусха кўчиргани учун узр ҳам сўрамади. Унинг айтишича, бунда ҳам ижодий ёндашув мавжуд: қайси сайтни танлаш, қандай ишлаш ва қандай контент билан тўлдириш кераклигини унинг ўзи ҳал қилган эмиш.
Айни пайтда ҳақиқий Groupon 2017 йилдаёқ жамоавий харидларга қизиқишнинг пасайишига нисбатан ўта сусткашлик билан жавоб қайтаргани сабабли таназзул ёқасига келиб қолди. Meituan юқори рақобат муҳитида яшаб қолди, янги бизнес йўналишларини ривожлантирди ҳамда ҳозирда компания дунёнинг энг юқори баҳоланувчи стартаплари рўйхатига киради (қарийб 30 млрд доллар). Ғарблик кузатувчилар Meituan муваффақиятининг сири айнан унинг Ван Шин томонидан нусхаланган ва хитойча Интернетнинг сокин муҳитига ўтказилган прототипида деб ҳисоблашган, бироқ Каи-Фу Ли улар адашганликларини таъкидлайди.
Муваффақиятли сайтларни клонлаштириш авваллари Хитойда мавжуд бўлмаган асосий тадбиркорлик кўникмаларини яратишга ёрдам берди.
Мазкур лойиҳалар америкача бизнес-моделларидан илҳомланган, бироқ хитой заминига ўтказилган, жўшқин рақобат шароитида хитойлик фойдаланувчиларга идеал тарзда мослашган. Каи-Фу Ли сўзларига кўра, бу ҳақиқий Интернет-Колизей бўлиб, унда мунтазам равишда гладиаторлар кураш олиб боради ҳамда бошқанинг ишидан нусха кўчириш янги йўлларни излаш, нусхаланган маҳсулотга уни яхшилайдиган қандайдир янгиликлар қўшишга ундаган. Ўзгаришсиз, худди ўзидек нусха кўчирувчилар яшаб қола олмаган бўларди.
Хитойлик тадбиркор-гладиаторларнинг сунъий интеллект бўйича қизиқишлари унинг юксалишига олиб келиши лозим. Улар бизнес-моделларни жадаллик билан йўлга қўйишни ва аслида умуман йўқдек туюлган жойдан фойда топишни биладилар. Жадаллик билан Хитой чегараларидан ташқарига тарқалувчи сунъий интеллект қўлланилган кўплаб иловалар дунёга келади. Ван Син оддий тақлидчи эканлигида ҳеч нарсага эриша олмаган. Фақатгина рақобат шароитида гладиаторга айлангач муваффақият чўққисига эришган.
Бундан ташқари, Ғарб стартаплари, қуруқ гап бўлса-да, пул муҳим ўрин эгалламайдиган муайян миссияга, идеал мақсадга йўналтирилган. Хитой стартаплари бозорга йўналтирилган, буни ҳеч қачон яширишмаган ва шу сабабдан нисбатан мослашувчан ва муваффақиятли бизнес-моделлар яратишга қодир. Ғоя муаллифлиги улар учун аҳамиятга эга эмас, муҳими – ундан қандай қилиб тўғри фойдаланиш. Уни ким ўйлаб топгани – ўнинчи даражали масала. Силикон водийси элитаси хитой IT-тадбиркорлари устидан кулиб, бекор қиладилар. Уларнинг асосий маҳсулоти технология эмас, ёш тадбиркорларнинг ўзидир.
Маданий инқилоб, ижтимоий ларзалар ва Интернетнинг кечроқ пайдо бўлганлигини инобатга олганда Хитойнинг инновацияларни аста-секин ривожлантиришга вақти бўлмаган. Шу сабабли хитойликлар бегона технологиялардан имкон қадар нусха кўчирган ҳолда фойдаланишга мажбур бўлган. Айнан шу тарзда улар интерфейс дизайни, веб-сайт архитектураси ва дастурий таъминот ишланмасини ўрганган. Хитой технологиялари қанчалик жадаллик билан ривожланса, хитойлик фойдаланувчилар билан Силикон водийси маҳсулотлари ўртасидаги жарлик шунчалик катталашади. Alibaba ва e-Bay мисолида бу жарлик аллақачон кўрилган. Хитойлик сотувчилар ва харидорлар Жек Ма фарзанди фойдасига танловни амалга оширди– Alibaba қулайроқ ва мослашувчанроқ, унда чегирма ва акциялар кўпроқ, тўлов қилиш қулайроқ. Сотувчилар яхши шароитлар ва паст келишув фоизлари орқали жалб қилинган, Alibabaʼга ишонч мустаҳкамлангач, реклама ва юқори қидирув рейтинги учун тўлов қилишга мажбур бўлган. Гарчи Alibaba ўз вақтида e-Bay модели асосида яратилган бўлса-да, ҳар бир амалиёт учун пул ечувчи e-Bay мазкур курашда енгилган. Силикон водийсининг Google, Uber, Airbnb, LinkedIn ва Amazon сингари гигантлари ҳам Хитойни забт этишнинг уддасидан чиқа олмади.
3-ғоя. Хитой стартаплари энди хорижий сармоядорларга қарам эмас, улар хитойликлар муаммоларини ҳал қилиш учун Xитой маҳсулотларига йўналтирилган
Хитойча Интернет ривожлангунига қадар нусхалаш, рақобат ва тақлид босқичларини босиб ўтди. 2013 йилга келиб у функционаллик бўйича Ғарб Интернетини ортда қолдирди, лекин бошқа кўплаб жиҳатларга кўра катта фарқ қилди ва ўз қонунлари бўйича яшаб келди. Аксарият фойдаланувчилар фақат арзон смартфонлар орқалигина Интернетга кириш имконига эга эди, улар орқали банк карталаридан пул ечган ҳолда тўлов тизими сифатида фойдаланарди.
Ғарбдаги аналоглардан нусха кўчиргач Хитойнинг ўз тармоқлари яратила бошланди, дўкондан маҳсулот харид қилиш, уйга тушлик буюртма қилиш, врач кўриги, кинога билет учун тўлов қилиш, қариндошлар ва дўстларга пул юбориш ва бошқа кўплаб вазифаларни бажариш мумкин бўлган WeChat ижтимоий иловаси шулар жумласидандир.
WeChat ёрдамида смартфонлар ҳамма нарса учун тўлов қилиш мумкин бўлган электрон ҳамёнга айланди. Мунтазам пайдо бўлувчи янги иловалар бошқа компьютер инновациялари каби давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Расмий сиёсат технологик тадбиркорликни олға ҳаракатлантиради. Хитойнинг ҳар бир шаҳри мэри инновацион ҳудудлар, бизнес-инкубаторлар ва юқори технологияларни ривожлантириш учун венчур фондлари тузилиши ҳақида қайғуради. Ва ушбу технологиялар аҳолининг мобил тўловлар билан шуғулланувчи турли туман қатламларини қамраб олади.
Америкача стартаплар ахборот алмашинуви учун рақамли платформа яратса-да, мижозлар улардан қандай фойдаланиши ҳақида етарлича ўйлаб кўришмайди, хитой стартаплари эса кўплаб кам ҳақ тўланадиган хизматчилар, меҳнат этикаси ва улкан ҳажмдаги маълумотлар ҳаракатга келтирилган фойда келтирувчи амалий бизнес-моделларга пул тикишади. Айнан шу маълумотлар, Каи-Фу Ли фикрича, сунъий интеллектни ривожлантириш учун ҳақиқий Клондайк ҳисобланади.
Айнан ўша WeChat иловаси барча: овқатланиш маҳсулотларини етказиш, автомобилларни таъмирлаш, велосипедларни таъмирлаш ва шунга ўхшаш тафсилотларни инобатга олишга интилади. Ушбу рақамли маълумотлар ўзида хомашёни ифодалаган ҳолда узлуксиз жамғарилиб боради, сунъий интеллект улар билан ишлайди.
Мустақил равишда ўрганувчи алгоритмлар ҳисоблаш қуввати, муҳандислик иқтидори ва улкан ҳажмдаги маълумотларни талаб қилади, айнан охиргиси ҳаммасидан муҳимроқ – алгоритмлар айнан шу маълумотлардан ўрганади ҳамда уларнинг ҳажми қанчалик катта бўлса, ўрганиш шунчалик жадал кечади. Бу маълумотлар миқдори ўз-ўзидан улкан – хитойлик Интернет фойдаланувчилар сони Европа билан АҚШдаги фойдаланувчиларнинг биргаликдаги миқдоридан ҳам ошиқроқ. Уларнинг Интернетдаги фаолияти эса миқдор билан бирга сифат жиҳатидан ҳам устунлик бағишлайди. Facebookʼда маълумотларни тўплаш қидирув сўровлари, YouTubeʼда видеоларни кўриш, юклаб олинган фотосуратлар ва лайклар билан боғлиқ бўлса, WeChat ёрдамида хитойликлар ҳақиқий ҳаётдан: харидлар, сафарлар, овқат, йўл чипталари, кинотеатрга чипталар ва ҳ.к. учун тўловлардан маълумотларни тўплайди.
WeChat яратувчиси саналган хитой компанияси Tencent уни ҳаётни масофадан бошқариш пультига айлантирди. Илова муайян ҳолатларда ўтмиш анъаналари ва замонавий технологияларни умумлаштирган ҳолда офлайн ва онлайн дунё ўртасидаги чегарани йўққа чиқарди.
Демак, хитойча Янги йилда бир-бирига туҳфалар, қизил рангли конфертларда пул ҳадя қилиш одатга айланган. Уларни ота-оналар – фарзандларига, раҳбарият эса ходимларига туҳфа этишади. WeChat унинг ёрдамида дўстларга ҳақиқий қизил конвертда исталган манзилга пул юбориш мумкин бўлган илова яратди. Банк ҳисоблари WeChatʼга бириктирилган, демак қизил конвертни бирор кишига ёки жамоавий чатга юбориш мумкин эди. 2014 йилда 16 миллионта конвертлар юборилган ва 5 миллионта банк ҳамёнлари WeChatʼга бириктирилган. Шу тарзда ўтмиш анъаналари замонавий технологиялар билан умумлаштирилди, мобил тўловлар эса борган сари нақд пулларни сиқиб чиқармоқда. Мобил тўловлардан ҳамма, ҳатто кўчада овқат сотувчилар ҳам фойдаланмоқдалар: улар таом тайёрлашаётганда мижоз уларга тўловни юборади.
Хитойда ҳаттоки тиланчилар ҳам Alipay ёки WeChat ҳисоблари кўрсатилган тахтачалар билан садақа сўрайди.
Нақд пулнинг камайиши жиноятчиликни камайтирди: Каи-Фу Ли икки нафар босқинчи бадавлат Ханьчжоу шаҳрида учта узлуксиз ишлайдиган дўконни ўмариб кетишганини ҳикоя қилади. Дўконда маҳсулотлар кўп бўлган, бироқ пул деярли бўлмаган – дўкон эгалари мобил тўловлардан фойдаланишган. Босқинчиларни қўлга олишганда уларнинг ҳар бири бор йўғи 125 доллардан пул олгани маълум бўлган.
Офлайн ва онлайн ҳаётни умумлаштириш технологияси О2О деб номланади ва Хитойда ҳаётга борган сари чуқурроқ кириб бормоқда. Кичик бизнес, чунончи, сартарошлар ва маникюрчилар энди қиммат офисларни ижарага олиб ўтиришмайди, мижозларнинг уйига ўзлари бориб қўя қолишади. Худди ўша илова ёрдамида сартарош ташрифини буюртма қилиш мумкин. Иловалар ёрдамида кимдандир ўрнингизга навбатга туриш, итингизни сайр қилдириш, мушукнинг тувагини алмаштириш, фарзандингизни мактабдан олишни илтимос қилишингиз мумкин. Бунинг ўхшаши йўқ, мисол учун, ҳатто Messenger ҳам алоҳида қисмни ташкил этувчи Facebookʼни олайлик. Google Wallet ва Apple Pay мобил тўлов иловалари кенг тарқалмаган ҳамда хитойликларнинг WeChat орқали тўловлари уларникидан 50 баравар кўпроқни ташкил қилади.
4-ғоя. Сунъий интеллектни ривожлантириш учун кадрлар тайёрлаш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида Хитой АҚШдан илгарилаб кетади
Каи-Фу Ли 20 йил аввал муҳандислик бўйича энг яхши олийгоҳлардан бири Хэфэй шаҳридаги хитой университетида маъруза ўқигани ҳақида ҳикоя қилади. Аудиторияга тумонат талабалар йиғилган, ўтиришга жой тополмаганлар эшик олдида турган ҳолда, ичкарига сиғмай қолганлар эса дераза орқали қулоқ солиб маърузани тинглаган. Улар уч ўлчамли тасвир, нутқни фарқлаш тизимлари ҳақидаги ҳикояларни тинглаганлар, маърузачини саволларга кўмиб ташлашган ва уни базўр қўйиб юборганлар. Маъруза тугаганда деярли тун маҳали эди. Соат 23:00 да ётоқхоналардаги чироқлар ўчирилган ва талабалар тунги фонуслар шуъласида дарсликларни ўрганиш учун кўчага сочилиб кетишган. Уларнинг аксарияти бир неча ўн йилликдан сўнг мамлакатнинг етакчи муҳандисларига айланадилар. Хитой 1990 йилларда АҚШдан анча орқада эди, бироқ талабалар нақ мочалка каби билимни ўзларига шимиб олишга тайёр эди.
Муаллиф сунъий интеллектни ривожлантиришда асосий роль бир ҳовуч дунё миқёсидаги олимларга эмас, истеъдодли муҳандислар ва улар билан бирлашган тадбиркорлар армиясига тегишли деб ҳисоблайди. Ва Хитойда бундай кишилар, айниқса, сунъий интеллектни ўрганиш ва жорий этиш соҳасида, борган сари кўпайиб бормоқда. АҚШда суперюлдуз-олимларга, Хитойда эса кўплаб яхши тайёрланган муҳандисларга бор эътибор қаратилди. Билимга чанқоқ талабалар Интернет ривожланиши асносида реал вақт режимида илғор тадқиқотлардан фойдаланиш имконига эга бўлдилар. WeChat ёрдамида улар сўнгги онлайн-нашрлар, етакчи олимларнинг ёндошувларини муҳокама қилмоқда ва маърузаларни смартфонлар орқали тингламоқда.
Бугун сунъий интеллект бўйича тадқиқотларда бир қанча йирик ўйинчилар: Google, Facebook, Amazon, Microsoft ва Хитойнинг Baidu, Alibaba, Tencent компаниялари мавжуд. Улар улкан ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайди, иқтисодиётнинг муайян сектоларида машинага хос ўрганишни жорий қилувчи ҳисоблаш тармоқларини яратиш устида иш олиб боради. Янада кенгроқ жорий этиш давлат томонидан қўллаб-қувватлашни тақозо қилмоқда. Хитойда Кэ Цзэнинг го ўйинидаги мағлубиятидан кейин ҳукумат бевосита ўз раҳбарлиги остида сунъий интеллектни ривожлантириш глобал режасини тузиб чиқди. У ушбу йўналишдаги стартапларни субсидиялар билан таъминлайди ва давлат миқёсида шартномалар тузади.
Сунъий интеллектни қўллаб-қувватлаш жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Шаҳарлар мэрлари ҳаёдовчисиз юк машиналари, шаҳар транспортида киши юзини фарқлаш тизимидан фаол фойдаланмоқда, ягона бошқарув марказига уланган ҳолда транспорт тармоғини мақбуллаштирмоқда. Хитой тараққиёт йўлида маблағни аямаётган бир вақтда Қўшма Штатларда бошқача ёндошув кузатиляпти: сиёсий тизим технологик модернизация соҳасидаги харажатларни назорат қилмоқда ва ортиқча маблағ сарф қилганлик учун жазоламоқда. Каи-Фу Лининг таъкидлашича, шунга қарамай ҳали бирорта давлат АҚШ эришган технологик ютуқлардан илгарилаб кета олгани йўқ, бироқ ҳар доим ҳам шундай бўлиб қолмайди.
Сунъий интеллект тадқиқотларининг аксарият қисми АҚШда ўтказиляпти, бироқ у онлайн-ресурсларга жойлаштирилиши билан ундан очиқ фойдаланиш имконияти пайдо бўлмоқда. Аксарият олимлар илмий журналларда нашр этилишини кутишдан кўра, маълумотларни www.arxiv.org каби ресурслар орқали очиқ фойдаланишга тақдим қилишни маъқул кўришади. Улар ўз алгоритмлари ва натижаларини эълон қилади, бошқалар эса аналог маълумотлар тўпламида синаган ҳолда ушбу алгоритм ва натижаларни ишга солади. Сунъий интеллект узлуксиз равишда яхшиланиб бормоқда ва бу олимларга ўз натижаларини улашиш учун туртки бўлиб хизмат қилмоқда. Хитойда сунъий интеллект бўйича янгиликларни ўрганиш мақсадида WeChatʼда хусусий мультимедиали платформалар яратилган. Улар ярмидан кўпроғи сунъий интеллект билан боғлиқ экспериментларни молиялаштирувчи миллиондан ортиқ рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга эга. Мазкур платформаларда илмий муҳокамалар учун ҳам гуруҳлар мавжуд бўлиб, Каи-Фу Ли улардан бирининг аъзоси саналади.
Интернетдаги иқтибос келтириш индексининг кўрсатишича, сунъий интеллект ҳақида ёзувчи хитойлик муаллифлар фоизи 2006 йилдан 2015 йилгача қарийб икки бараварга ошган. Тўғри, уларнинг аксарияти хорижда иш олиб боради, бироқ кўпчилиги – Хитой фуқароларидир.
Сунъий интеллектга бағишланган мақолалардан иқтибос келтириш индекси бўйича Хитой фақатгина Қўшма Штатлардан ортда қолмоқда.
Нейрон тармоқлари ва компьютерча фикрлаш соҳасидаги тадқиқотлар муаллифлиги хитойлик ёш олимларга тегишлидир. Уларнинг аксарияти муаллиф 1988 йилда асос солган Microsoft Research China олийгоҳида таълим олган. Олийгоҳ сунъий интеллект соҳасида аксарияти Baidu, Alibaba, Tencent, Lenovo ва Huawei компанияларида топ-менежер бўлиб ишлаётган 5 мингга яқин мутахассисларни тайёрлаган. Microsoft Research China жамоаси 2015 йилда киши юзини фарқлаш бўйича алгоритмлар танлови ғолиби бўлди. Улар яратган алгоритм ResNet деб номланди ва унинг бир қатор принциплари AlphaGo меросхўри AlphaGo Zero яратилишида фойдаланилди.
Ғарбда кўпчилик хитойлик сунъий интеллект тақдқиқотчиларнинг ютуқларига шубҳа билан ёндашади – Хитойда Интернетнинг ҳукумат томонидан назорат қилиниши илмий фикрлар тараққиётини тўхтатиб қўйгандек туюлади. Шундай бўлса-да, Каи-Фу Ли сунъий интеллект нозик сиёсий масалалар қаторига кирмайди ҳамда шу сабабдан бу соҳада ҳокимият назорати мавжуд эмас ва ҳеч ким хитойлик олимларнинг эркинлигини чекламайди, деб ҳисоблайди.
Айрим тахминларга кўра, деярли 5 йилдан сўнг хитойликларнинг сунъий интеллект бўйича тадқиқотлари ўз имкониятлари нуқтайи назаридан америкаликларники билан тенглашиб олади.
5-ғоя. Сунъий интеллект (СИ) инқилоби тўртта тўлқиндан иборат бўлади: дастлабкиси Интернет билан, иккинчиси – бизнес, учинчиси – англаш, тўртинчиси – автономлик билан боғлиқ бўлади
Интернет-СИ ва бизнес-СИ аллақачон реал ҳаётга кириб келиб бўлган. Уларнинг алгоритмлари фонд биржаси ва тиббиётда ишламоқда, улар молиявий воситалар билан боғлиқ амалиётларни юритмоқдалар ва тақдим этилган барча эҳтимолий хасталиклар маълумотларига асосланган ҳолда ташхис қўймоқдалар.
Сунъий интеллект англаш соҳасида киши юзини фарқламоқда ва узлуксиз тарзда сўровларни тушуниш ҳамда теварак оламни тушунишга ўрганяпти. Каи-Фу Ли фикрича, яқин вақт ичида у рақамли ва моддий дунё ўртасидаги чегарани йўққа чиқаради. Автоном сунъий интеллект ҳайдовчисиз автомобиллар, учар дронларни бошқаради, интеллектуал роботларни ишлаб чиқаришга йўналтиради ва аста-секин инсон ҳаётининг барча соҳаларини қайта шакллантиради.
Барча тўрттала тўлқин учун турлича маълумотлар ҳажми зарур. АҚШда бизнес-СИ катта фарқ билан илгарилаб кетган ҳолда ривожланмоқда, қолган учта тўлқин бўйича Хитой Америкага етиб оляпти. Сунъий интеллект технологиялари фақатгина Америка ва Хитойнинг мулки бўлиб қолмайди, улар миллиардлаб, жумладан, ривожланаётган мамлакатлардаги фойдаланувчиларга ҳам хизмат қилиши лозим. Мазкур бозорларда Uber, Didi, Alibaba ва Amazon шиддатли рақобат қилмоқдалар. Uber ва Amazon ҳар бир янги бозорга ўз маҳсулотлари билан кириб боради, Didi ва Alibaba СИ соҳасидаги маҳаллий стартапларга сармоя тикади. Бу компанияларнинг стратегияси яқин орада дунёнинг иқтисодий манзарасини буткул ўзгартириб юбориши мумкин.
Интернет-СИ фойдаланувчига контентни тавсия қилиш муқсадида шахсий маъқуллашлар асосида саралаб олинган алгоритмлардан фойдаланади. У ўзи учун очиқ бўлган рақамли маълумотлардан фойдаланади, йирик интернет-компаниялар эса ўзларида бу тахлит маълумотларнинг энг катта омборини акс эттирадилар.
Улар саҳифаларни кўришингиз, харидларингиз, лайкларингиз, видеони кўришларингиз ва муайян сайтларда узоқ вақт бўлишингизни таҳлил қилади. Алгоритмлар ушбу маълумотларга асосланган ҳолда биз катта эҳтимол билан истеъмол қиладиган контентни тавсия қилишни ўрганади. Шу алгоритм ёрдамида Alibaba сиз ёқтирган маҳсулотларни тавсия қилади, Google мақсадли рекламаларни намойиш қилади, YouTube биз ҳаммадан кўра кўпроқ кўрадиган видеоларни таклиф қилади. Айни шу метод бўйича Cambridge Analytica компанияси АҚШдаги 2016 йилги сайловолди кампанияси даврида сайловчиларнинг нимани афзал кўришларини ўрганиш мақсадида Facebook фойдаланувчиларининг маълумотларидан фойдаланган.
АҚШда BuzzFeed сингари вирус-сайтлар контенти билан уларни сараловчи ёш муҳаррирлар иш олиб боради. Хитойда шунга ўхшаш Jinri Toutiao (таржимаси – “бугунги сарлавҳалар”) тўлиқ алгоритмлар томонидан бошқарилади. Улар энг кўп ташриф буюриладиган саҳифалар, лайклар, ўқишлар, кўришлар ва фикрларни таҳлил қилади ва ҳар бир фойдаланувчига унинг шахсий қизиқишларига қаратилган янгиликлар тасмасини тақдим этади.
Toutiao аллақачон Рио-де-Жанейродаги Олимпиада пайтида спорт янгиликлари ҳақида қайдларни ёзган “мухбир”-алгоритмни синаб кўрди. Услуб унчалик ҳам силлиқ эмас эди, бироқ тезлик лол қолдирди: у кунига 20 та янгиликни тавсифлай олди ва биринчи натижа воқеа якунланганидан 2 сония ўтиши билан ўзини намоён қилди. Toutiaoʼда fake news (сохта янгилик)ни фарқлай олувчи алгоритм ҳам мавжуд. Дастлаб шундай хабарларни келтириб чиқарувчи алгоритм яратилди, кейин эса унинг душмани яратилиб, сохта янгиликларни фарқлаш ва уларга қарши курашишга ўргатилди.
Бугун интернет-СИдан фойдаланувчи Xитой ва Aмерика компаниялари қарийб бир маромда ривожланмоқда, бироқ муаллиф орадан 5 йил ўтиб Хитой устунликка эга бўлишини башорат қилади.
Бизнес-СИ соҳасида АҚШда мижознинг банк ҳисоби, даромади, кредит тарихи ва шу кабилар асосида кредит рейтингини ҳисоблаб чиқувчи дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилган.
Компания орқали катта ҳажмдаги маълумотлар ўтади ва бизнес-СИ алгоритмлари уларни таҳлил қилиш имконига эгадир. Суғурта компанияларида суғурта ҳақи тўланадиган бахтсиз ҳодисалар ва суғурта ҳақи тўланиши назарда тутилмаган фирибгарлик ҳолатлари намуналари сақланади. Банкларда берилган кредитлар ва уларнинг қопланиши ҳақида маълумотлар қолади. Шифохоналарда ташхислар, тирик қолиш, тузалиб кетиш ва ўлим ҳолатлари ҳисоби юритилади. Бизнес-СИ бу маълумотлардаги киши эътиборидан четда қолувчи боғлиқлик ва қонуниятларни қидиради ҳамда энг мақбул натижани юзага чиқаради. Яъни алгоритм мунтазам равишда ўрганиб боради. У қанчалик кўпроқ маълумотларни қайта ишласа, ўрганиш жараёни шунчалик жадал кечади.
Хитойда бизнес-СИ негизида Smart Finance номли унча катта бўлмаган кредитлар беришга мўлжалланган илова ишлайди. Алгоритм кишидан даромадни кўрсатишни талаб қилмайди, фақатгина унинг смартфонидаги муайян маълумотлардан фойдаланишга рухсат сўрайди ва улар ёрдамида киши 200-300 доллар миқдоридаги кредитни қоплай олиш ёки олмаслигини башорат қилиш имкониятига эга.
Тиббиётдаги бизнес-СИ тараққиёти ўта истиқболлидир. Шифокорлар орасида яхши ташхис қўювчилар у қадар кўп эмас, шу сабабли шифокорларнинг хато қилиши эҳтимоли юқори. Тўғри ташхис қўйилиши, айниқса, сифатли тиббий ёрдам фақатгина йирик шаҳарларда кўрсатиладиган Хитойда, сезиларли даражада ҳамёнга боғлиқ. Беморлар бу шифохоналарда даволаниш учун бир неча кунлаб навбатда туришади. Бироқ тиббий маълумотларни таҳлил қилувчи алгоритм барчасини ўзгартиришга қодир. Хитойлик муҳандислар томонидан яратилган RXThinking иловаси тўғри ташхисни юзага чиқариш мақсадида нафақат касаллик аломатларини, қолаверса ҳам атроф-муҳит омиллари, ҳам ижтимоий шарт-шароитлар, ҳам бошқа кўплаб тафсилотларни таҳлил қилади. Бунда у “қўлни пульсдан узмаслик” мақсадида сўнгги тиббий нашрларни мунтазам сканерлаб туради. Шифокорлар ва ҳамширалар зиммасида тавсияларга риоя этиш ва беморларга ғамхўрлик қилиш қолади холос. Маълумотларни таҳлил қилган ҳолда ҳукм чиқариш мақсадида iFlyTek номли шунга ўхшаш алгоритм хитой суд тизимида қўлланилади.
Тушунишга ўргатилган сунъий интеллект кишилар юзини, овозини, бармоқ изларини ва бутун бошли теварак дунёни борган сари аниқроқ фарқлашга ўрганмоқда. Бу рақамли ва моддий олам чегараларининг йўқолишига олиб келади ва ўшанда смартфонингиз орқали шунчаки номини талаффуз қилган ҳолда қайноқ тушлик буюртма қилишингиз мумкин, овозни фарқлаш дастури эса зудлик билан уни шахсингиз ва ҳисобингиз билан боғлайди. Ҳозирданоқ хитой KFC ресторанида Alipay тўлов тизими билан бир қаторда ҳисобни тўлаш учун юзингизни сканерловчи махсус терминалга “тақдим қилиш” кифоя қилувчи юзни фарқлаш тизими ишламоқда. Каи-Фу Лининг қайд этишича, яқин келажакда уй музлаткичи хўжайинининг афзал кўрувчи озиқ-овқатларини аниқлаб, дўкон аравачасига синхронлайди ва уларга оиланинг ҳафталик харидлари рўйхатини юборади. Айрим Хитой мактабларида ўқувчиларнинг одатий хатоларини аниқлаш ва таълим жараёнини уларнинг ҳар бирига мослашга мўлжалланган сунъий интеллектдан фойдаланилади.
Европа ва АҚШда англаб олиш боғлиқ сунъий интеллектнинг ривожи шахсий маълумотлар ҳимояси орқали чекланиши мумкин.
Автоном сунъий интеллект дастурлари алгоритмларнинг англаб олиш мақбуллаштириш ва ривожлантириш борасидаги имкониятини умумлаштирган ҳолда робототехникани ривожлантиради, шунда машиналар фарқлаш асносида кўриш, эшитиш ва тегиниш ҳиссига эга бўлади. Автоном роботлар ҳозирданоқ далаларда етилмаган ва ёмон сифатли резавор меваларни пишган ва яхши сифатлиларидан ажратган ҳолда қулупнай термоқдалар, омборларда ишламоқдалар, хоналарни йиғиштирмоқдалар. Google ва Tesla йўл босиш давомида узлуксиз равишда ҳайдашга ўрганиб борувчи ҳайдовчисиз автоном автомобиллар яратиш устида иш олиб бормоқдалар. Хитойнинг Baidu ва JingChi компаниялари ҳам айнан шу иш билан шуғулланмоқда.
6-ғоя. Сунъйи интеллект тараққиётидаги асосий таҳдид мамлакатлараро рақобатда эмас, айнан сунъий интеллектнинг имкониятларида
Баъзи олимлар ва файласуфлар, масалан, футурист Рэй Курцвейл, одамлар ва машиналар бир бутунга айланган тақдирда у ўлимни енгиш ва онгимизни кенгайтиришга қодирлигини тасдиқлаган ҳолда сунъий интеллектдан завқланади. Инсон ўз онгини булутга юклаши ва ўз танасини қон оқимига киритилган интеллектуал наноботлар воситасида янгилаши мумкин. Айнан шунга кўра суперонг бедаво хасталиклардан қутулишимизда ва глобал исишни жиловлашимизда кўмаклашиши мумкин. Сунъий интеллект имкониятлари билан инсон Худога тенглашиши мумкин.
Ушбу сунъий интеллект завқини барча ҳам маъқулламайди. Илон Маск сунъий интеллектнинг яратилишини ҳали ўзининг нималарга қодирлигини тўлиқ намойиш қилмаган иблисни чорлаш билан таққослаш мумкин, умуман олганда, у ўзида, эҳтимол, инсоният дуч келган энг йирик, улкан хатарни акс эттиради, деб ҳисоблайди. Стивен Хокинг ва швед файласуфи Ник Бостром (Инсоният келажаги институти директори) ҳам сунъий интеллектнинг ўсиб келаётган қудрати оқибатларидан хавфсираган.
Сунъий интеллектга қарши бўлганлар асосий хавфни “Терминатор” фильмидаги сингари одамсифат роботларнинг пайдо бўлишида эмас, сунъий интеллектнинг алоҳида жиҳатлари – вазифаларни янада самаралироқ усулда ҳал қилишида деб билади. Мабодо ушбу қарор одамлардан қутулишни тақозо қилса, суперонг алгоритмнинг нотўғри созланганлиги оқибатида буни осонгина амалга ошириши мумкин.
Бунинг учун унга қурол ёки бомбалар шарт эмас, физика, кимё ва нанотехнологияга оид билимларнинг ўзи етарли.
Қолаверса, сунъий интеллект тараққиёти ўз вақтида саноат инқилобига олиб келган электр ва буғ машинаси ихтироси сингари таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Бу, бир томондан, ишлаб чиқариш унумдорлигини оширган: дастгоҳлар тўқувчилар ишини бир қадар тезроқ бажарган. Ишлаб чиқариш ҳажми ўсган, нархлар эса пасайган. Нисбатан кўп бўлмаган юқори малакали ишчилар соҳадан сиқиб чиқарилган, бироқ қолганлар дастгоҳларда ишлаб, яхшироқ пул топа бошлаган. Сунъий интеллект тараққий қилган тақдирда, роботлар борган сари кўпроқ иш ўринларига хизмат қиладилар, бу фаровонликнинг ошиши ёки бўш иш ўринларининг кўпайишига олиб келишига ҳеч қандай кафолат мавжуд эмас. Америкалик олим Эрик Бринольфсоннинг тасдиқлашича, машиналар борган сари кўпроқ инсон меҳнатини ўзлари билан алмаштирадилар. Бир томондан, улар капитал ҳажмини оширади, бошқа томондан эса – борган сари кўпроқ иш ўринлари қисқариб боради ва сунъий интеллект ривожлангани сари бу жарлик фақат катталашиб бораверади.
Саноат инқилобини амалга ошириш бир неча авлод умрини тақозо этган, амалга оширилган ўзгаришларни мустаҳкамлаш учун сунъий интеллект инқилобига битта авлод умри етарли. Бундай жадалликда ўзгаришларга мослашиш кишилар учун борган сари қийинлашаверади.
Муаллиф башоратига кўра, 10-20 йил ўтиб сунъий интеллект ёрдамида АҚШдаги иш ўринларининг 40-50 фоизини автоматлаштириш мумкин. Машиналар ҳаммани алмаштиролмайди, бироқ қолган ишчилар кам маош олади, зеро уларни қадри иш берувчилар наздида ўта тушиб кетади, ишсизлик эса ўсиб боради. Меҳнат муҳофазаси бўйича аллақандай қонунлар бу жараённи секинлаштириши мумкин, шу сабабли янги иш ўринлари яратилиши мумкин, яъни асл ишсизлик даражаси 20-25 фоизга пасаяди. Роботларни таъмирлаш бўйича техник сингари янги мутахассисликка ўқишни талаб қилувчи янги касблар пайдо бўлиши мумкин. Ишсизлик инсон мавжудлиги маъносининг йўққа чиқишига олиб келади, кишилар ўз ўринларини роботлар эгаллаб бораётганини кузатишга мажбур бўладилар.
Айни тенденция Хитойда ҳам кузатилади. АҚШда амалда бўлган бандликни таъминлаш тизими ва хитой халқига хос бўлган янги шароитларга мослашиш қобилияти буни енгиллаштиради.
Хитой ва АҚШнинг технологик устунлиги уларнинг тараққиётдан борган сари кўпроқ ортда қолувчи унча ривожланмаган ва қашшоқ мамлакатлар устидан мутлақ ҳукмронлигига олиб келиши мумкин. Қачонлардир қашшоқ мамлакатлар аҳолисининг бир қисми малакасиз иш ўринларини банд қилган ҳолда ривожланган давлатларга кўчиб борган. Бироқ бу иш ўринлари машиналар томонидан эгаллаб олингач, потенциал мигрантлар жамиятнинг ижтимоий портлаш хавфини келтириб чиқарувчи қисмига айланади ҳамда бу мамлакатларнинг ҳукуматларига уларнинг фаровон ҳаёт йўлидаги эҳтиёжларини қандай қилиб қондириш ҳақида ўйлашга тўғри келади. Айрим мамлакатлардаги турғунлик ва бошқаларидаги кескин иқтисодий юксалиш камбағаллар тўлиғича бадавлат кишиларга қарам бўлиб қолишига олиб келади. Миллатлараро тенглик ҳақида энди гап-сўз бўлиши ҳам мумкин эмас.
7-ғоя. Алгоритмлар кўп нарсанинг ўрнини эгаллаши мумкин, лекин ҳамма нарсанинг эмас
Каи-Фу Ли қандай қилиб 52 ёшида унда лимфома аниқлангани ҳақида ҳикоя қилади. Унинг бахтига, хасталик кимёвий терапиядан сўнг ремиссия босқичига ўтди, бироқ бунгача унда ўз ҳаётини қайтадан кўриб чиқиш имконияти пайдо бўлди.
Муаллиф ёшлигида шуҳратпараст бўлган. У дунёни ўзгартиришни ўз мақсадига айлантирган ва ҳар бир инсон муайян вазифани бажариш учун туғилишига ишонган. У ўз миссиясини топган. Қаттиқ ўқиган ва ишлаган, таълим билан кўп шуғулланган, маваффақиятли тадқиқотлар олиб борган ва илм оламида ўз ўрнига эга бўлган. Ўз маърузалари пайтида у ўз тингловчиларига ҳаёт мобайнида келгусида қабри устида қандай битик бўлиши ҳақида мунтазам ўйлаш зарурлиги ҳақида сўзлаб берган. Хўш, у ерга нима деб ёзилади? Унинг қабр тошига, масалан, “Бу ерда ўз ҳаётини машиналарни ўрганишга бағишлаган Каи-Фу Ли мангу ором топган” деб ёзилади (Пировардида у хитойлик талабаларнинг таълим олишида тутган роли тилга олинган бошқа битикни тасаввур қилади). Фақатгина саратонга чалингач, у ёдгорлик тошига нима деб ёзишлари ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини тушуниб етади. У узоқ йиллар мобайнида юксак мақсадлари йўлида ота-онаси, рафиқаси, фарзандларини қурбон қилиб, асраб-авайламаганини ёдга олади. У улар билан деярли кўришмаган, улар у учун нимани англатишлари ҳақида айтмаган, бунга вақт топа олмаган - бутун ҳаёти машиналар ва сунъий интеллект масалаларига бағишланган.
Дастлаб унга “IV босқич лимфомаси” ташхисини қўйишди, бу умидсиз ҳолат эди. У васиятнома ёзишга ўтирди ва ёзар экан, йиғлар эди: англадики, ўзининг илмий ютуқларига қарамай, ҳаётининг аксарият қисми бекор ўтибди. У ўз яқинларини кўрмаган ва эсламаган ҳолда сўқир эди, улар эса унинг ҳақида қўлларидан келганича ғамхўрлик қилишади. Хасталик унга кимлигини эслатмагунга қадар унинг ўзи ҳам жонсиз алгоритмга айланиб қолган эди.
Даволаниш даврида рафиқаси, сингиллари ва қизлари у ҳақида қайғурадилар, махсус таомлар тайёрлаб беради, кимёвий терапия туфайли кўнгилни айнитадиган ҳидлар уни безовта қилмаслиги учун ҳаракат қилади. Ремиссиядан кейин у яқинлар билан ўтказилган вақтни қадрлай бошлайди. Муаллиф оиласи билан кўп саёҳат қилади, қизларига вақт ажратади, аксарият вақтини уйда, кекса онаси билан бирга ўтказади, дам олиш кунлари эса эски дўстлари билан мулоқот қилади. У ўзининг қабр тоши ҳақида бошқа ўйламас эди – чунки бу шунчаки бир тош. Фақат бошқа кишилар билан алоқаларгина аҳамиятга эгадир.
Сунъий интеллект алгоритмлари шифокорлардан кўра яхшироқ ташхис қўйиши, касалликни илк босқичларида аниқлаши ва муолажа тайинлаши мумкин. Айрим ҳолларда улар тўлиқ равишда шифокорлар ўрнини босишлари мумкин. Бироқ беморнинг соғайишида оиланинг ўрнини босувчи алгоритм мавжуд эмас. Фақатгина инсонлар меҳр улашишлари мумкин, айнан шугина ҳаётга мазмун бахш этади.
Инсон ва машиналар иттифоқи сунъий интеллектнинг фикрлай олиш ҳамда инсоннинг сева олиш имкониятлари устига қурилса, у инсонийлигимиз фойдасига бизнинг фаровонлигимизни таъминлаши мумкин. Бироқ бу осон туюлгани билан, аслида ундай эмас. Бу ўринда ижтимоий бирлик, зукко сиёсат ва эмпатия талаб қилинади. Агар ҳукуматлар фойда ва ишлаб чиқариш унумдорлиги ортидан қувиш орқали келажакда иш ўрнини йўқотиш таҳдид солаётган кишиларни қайта тарбиялаш усулларини топа олишса, бу келгусидаги сунъий интеллект билан боғлиқ инқирозларнинг олдини олишга ёрдам беради. Агарда барча кафолатланган базавий даромадга эга бўлса, бу бутун бошли оилаларни ҳаёт учун кураш чегарасига келтириб қўймаган бўларди. Бироқ айни пайтда уларнинг бўш вақтлари ижодий характерда бўлиши керак ва бу масалада ҳам давлат миқёсида ёндошиш даркор.
Тиббиётда инсон ва машиналар ўртасидаги муваффақиятли иттифоқ имконияти мавжуд. Майли, алгоритмлар ташхислаш ва муолажа тайинлашни ўз зиммаларига олсин, инсон шахси эса, муаллиф фикрича, ғамхўр ваъсий, кўмакчи, ҳамдард ва илиқлик ҳадя этувчига айланади. Бу алгоритмларга мунтазам тадқиқотчилик вазифаларини узатиш мумкин бўлган бошқа соҳаларда (таълим, ҳуқуқшунослик, савод ва ш.к.) ҳам юритилиши мумкин, инсон шахси эса мижозлар билан мулоқот қилишга бор эътиборини қаратади.
Муаллифнинг ишончи комил: инсоният ўзига берилган энг яхши сифатлардан оқилона фойдалана олса, сунъий интеллектнинг потенциал хавфи чексиз имкониятларга айланади.
Якунловчи мулоҳазалар
Шартли равишда Каи-Фу Лининг китобини учта бобга ажратиш мумкин:
Биринчи боб. Хитойнинг сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги ролини етарлича баҳоламаслик.
Сунъий интеллект тараққиёти ҳақида гапирар эканмиз, одатда Силикон водийсининг технологик компаниялари – Google ва Amazon каби замонавий электрон савдо етакчиларини назарда тутамиз, бироқ Каи-Фу Лининг китоби яқин келажакда мазкур йўналишда, эҳтимол, ҳозирда технологиялари етарлича баҳоланмаётган ва америкаликларнинг ишланмаларига нисбатан иккинчи даражали деб ҳисобланаётган Хитой етакчи давлатга айланиши ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилади.
Иккинчи боб. Улкан миқёсдаги сунъий интеллект нимани англатиши ҳақидаги савол – таҳдид ёки имконият?
Сунъий интеллект воситасида инсоният кўплаб глобал муаммоларни ҳал қилиши мумкин, лекин айни пайтда унинг кенг тарқалиши билан боғлиқ хавфларни ҳам етарлича баҳоламаслигимиз мумкин эмас – гап фақатгина оммавий равишда иш ўрнини йўқотиш ҳақида эмас, муаммони энг мақбул тарзда ҳал қилишга дастурлаштирилган машина инсониятдан қутулишни энг мақбул қарор деб қабул қилиши мумкинлигидадир.
Учинчи боб. Сунъий интеллект тараққий этгани сари аҳамияти ортиб борувчи эҳтимолий соҳалар.
Энагалик ва инсонга йўналтирилган бошқа касблар сингари унча ном қозонмаган ҳамда кам ҳақ тўланувчи юмушлар, эҳтимол, келажак касбларига айланар. Инсонпарварлик ва ҳамдардликка (парвариш, хизмат кўрсатиш, таълим) асосланган фаолият сунъий интеллект билан синтез ҳосил қилиб янги дунёда инсониятнинг мақсад ҳиссини йўқотмаслиги ва ўзининг асосий қадриятларини сақлаб қолишининг кафолати бўлади.