Стив Жобс
1. Стив Жобс қандай одам бўлган?
Хўш, жаноб Жобс деганлари ким ўзи — манипулятор ва ўзбошимча бир кишими ёки харизматик етакчи, даҳо тадбиркор ва ақлбовар қилмас ишчанлик қобилияти ва ижодий салоҳиятга эга инсонми?
1.1. Характери, ҳаётга қарашлари
Болаликдан ақл бовар қилмас қатъият Стивга хос фазилат бўлган. У ҳеч қачон бошқалар хоҳлаган ишни қилмаган, бироқ қарор қабул қилиш зарур бўлса, қандай қилиб бўлмасин ўз мақсадига эришган.
Ўсмирлигида Стив Hewlett-Packard илмий-тадқиқот клубига қатнайди. Айнан ўшанда у илк марта, аслида 20 килограмм вазнли кўп функцияли калкулятор бўлишига қарамай, унинг учун мукаммалликнинг чўққиси бўлиб туюлган шахсий компьютерни кўради. Илмий лойиҳа сифатида Жобс бир сония давомидаги электрон сигнал импульслари миқдорини аниқловчи рақамли частота ўлчагични йиғишга қарор қилади. Бунинг учун унга HP компаниясида ишлаб чиқарилган деталлар зарур бўлади. Тортинишни бир четга суриб қўйган ҳолда у гўшакни олади ва компания президентига қўнғироқ қилади (Пало-Альтолик Билл Хьюлеттни телефон рақамлари маълумотномасидан топади). Жаноб Хьюлетт Стивнинг жасурлигига қойил қолади, у билан нақд йигирма дақиқа гаплашади, зарур деталларни юборади ва ёзда рақамли частота ўлчагичлар ишлаб чиқарувчи заводда ишлаб кўришга таклиф қилади.
Стив Жобсга “ҳақиқатни айрича тасаввур қилиш” фазилати хос эди: у исталган кишини исталган нарсасига ишонтира оларди. Ҳақиқатни айрича тасаввур қилиш Жобснинг умумий қоидалар унга тааллуқли эмас, деган чуқур ва мустаҳкам ишончига асосланар эди. Apple ходимлари ўзларини мисоли гипноз қилингандек тасаввур қилардилар: Стив улар олдига бажариб бўлмас топшириқлар қўяр ва уларни бажариш учун ҳақиқатга тўғри келмайдиган муддатлар белгилар эди. Қанчалик ғалати бўлмасин, аксарият ҳолларда ишчилар буни уддалашар эди, бироқ бунинг учун дам олиш кунларисиз, уйқу ва овқатланиш учун қисқа танаффуслар билан меҳнат қилишга тўғри келарди.
Жобс ўзгаларнинг ҳиссиётларини қойилмақом тушунарди, зўрма-зўракилик ва сохталикни сезарди. Бундан ташқари, у заиф томонларни аниқлаш бўйича ғайритабиий сезгига эга эди. Стив кишиларни пастга уриш, уларни ўзини ғирт аҳмоқдек ҳис қилишга мажбур қилишни яхши уддаларди. У ҳуда-беҳудага қўл остидагиларга нисбатан қўпол муносабатда бўларди. Бироқ киши ўзини вазмин, тўғри тутса ва ишни сифатли бажарса, Жобс уни ҳурмат қилишни бошларди. Унинг яқин атрофидагилар ичида тилёғлама кишилардан кўра, кучли шахслар анчагина кўпчиликни ташкил этарди.
1981 йилдан бошлаб ҳар йили Mac жамоаси Жобснинг ҳамласига киприк қоқмасдан бардош бера олган жасур кишига ҳазил тариқасида мукофот топширарди. Жобс бу ҳақида биларди ва бунга қаршилик қилмасди. Биринчи йили мукофотни кучли ирода ва зўр ахлоққа эга Жоанна Хоффман қўлга киритади. Кунларнинг бирида Жобс унинг маркетинг стратегиясини мутлақо ҳақиқатдан йироқ стратегияга алмаштирганлигини англагач, Жоанна жаҳл отига миниб унинг кабинетига бостириб киради. Жоанна пичоқни олиб, Стивнинг қоқ юрагига санчиб олишини айтиб, Жобснинг котибасини огоҳлантиради. Жоаннанинг таҳдидини эшитган Стив яшириниб олади.
Айни пайтда Жобс ходимларни руҳлантириш қобилиятига ҳам эга бўлган. Унинг жамоаси “Мен ҳафтасига 90 соат ишлайман ва бу менга ёқади!” деб ёзилган футболка кийиб юрган.
Бир куни Жобс Macintosh операцион тизимини ишлаб чиққан муҳандиснинг олдига келади ва маҳсулот ўта секинлик билан юкланишидан нолийди. Муҳандис техник тафсилотларни тушунтиришга ҳаракат қилганида Жобс унинг гапини бўлади: “Агар кимнингдир ҳаёти шунга боғлиқ бўлганида, сиз юкланишни ўн сонияга қисқартириш ҳақида ўйлаб кўрган бўлармидингиз?” Муҳандис бундай вазиятда ҳаракат қилиб кўрардим, деб жавоб беради. Шунда Жобс ҳисоблаш тахтасига қуйидагиларни ёзади: ҳар куни Macʼдан беш миллион киши фойдаланади, улар унинг юкланиши учун ўн сония ортиқча вақт сарфлашга мажбур бўлади, бу бир йилда қарийб 300 миллион бўлади, бу эса тахминан 100 кишининг умри демакдир. Бу гаплар муҳандисда шундай таассурот қолдирадики, бир неча ҳафтадан сўнг у дастлаб кутилганидан кўра яхшироқ натижага эришади: тизим аввалгига нисбатан 28 сонияга тезроқ юклана бошлайди.
Стив Жобс ўзлигини излашдан тўхтамаган: дзен-буддавийликка эътиқод қилган, Ҳиндистонда, кейин эса АҚШдаги буддавийлар жамоасида яшайди. Ўзининг беназир услуби (соқол, япон дизанерлари ишлаган қора водолазка ва жинси)га ўтишдан аввал Жобс ташқи кўринишга эътибор бермаслиги ва гигиенага амал қилмаслиги билан кўпчиликни ҳайратга солган. Қатъий вегетариан бўлганлиги сабабли фақат мевалар билан озиқланилса, нафақат организмдаги ёғлардан қутулиш, балки ҳатто камдан-кам ювинган тақдирда ҳам тер ҳидидан фориғ бўлиш мумкин деб ҳисоблаган.
Atari компаниясида ишлаган кезлари Жобс ўзининг қўполлиги ва фаросатсизлиги билан ҳамкасбларининг ғашини келтиргани учун директордан уни ишдан бўшатишни илтимос қилишади. Бироқ директор узун сочли ёш йигитчадаги улкан салоҳиятни пайқайди ва унга кечаси, офисда ҳеч ким бўлмаган пайтда ишга чиқишни буюради. Бироқ ҳатто шундай иш графиги ҳам Жобсга ўзини фаросатсизларча тутишга халал бермайди. Ҳамкасблари билан учрашиш насиб этган камдан-кам ҳолларда эса Жобс уларни аҳмоқлар деб аташ имкониятини қўлдан бой бермаган.
Динга берилиш билан параллел равишда Жобс наркотикларга ҳам ружу қўяди: 15 ёшида у марихуана ва нашани татиб кўради, ЛСД сингари психотроплар эса узоқ йиллар давомида унинг илҳом манбаси бўлиб қолди. У ўз устида тажриба ўтказишдан қўрқмас эди: очлик, турли парҳезлар (“Apple” номи олмали парҳез шарофати билан пайдо бўлган) ва уйқусизликни синаб кўради.
Стивда минимализм ва перфекционизм сингари бир-бирини инкор қилувчи хислатлар мавжуд эди. Уй сотиб олгач, Жобс уни мебель билан жиҳозлашга шошилмаган, ҳайрон бўлган меҳмонлар эса полда овқатланишга мажбур бўлишган. У ўз атрофида фақатгина уни ҳайратга соладиган нарсаларни кўришни истарди, шу сабабдан, шунчаки, мабель дўконига бориб, ҳаммасини сотиб ололмасди.
Жобс уйлангач, уйни жиҳозлашга тўғри келади: ётоқ жиҳози, шкафлар, жавонлар ва меҳмонхона учун мусиқий тизим сотиб олади, бироқ рафиқасининг эслашича, диванларни танлаш саккиз йилга чўзилади. Маиший техника харид қилиш масаласи фалсафий муаммога айланиб кетади: америкача кир ювиш ва қуритиш машиналарининг ҳеч қайси бири мос келмайди. Европача машиналар нисбатан кам кир ювиш кукуни, сув сарфласа-да, кийимлар яхшироқ тозаланади ҳамда узоқроқ муддат хизмат қилади. Бир неча ҳафталик иккиланишлардан сўнг Жобс Miele номли немис фирмасининг кир ювиш ва қуритиш машиналарини харид қилишга қарор қилади ва афсусланмайди: “У мени охирги йиллардаги ҳар қандай технологик янгиликдан кўра кўпроқ ҳайратга солди”, – деганди у.
Сабрсизлик, кайфиятнинг кескин тушиб кетиши Стивга хос эди. Катта ёшли бой киши бўлса-да, у тез-тез йиғлар ва бирор нарса ўзи хоҳлаганидек чиқмаса, ҳаммага бақириб-чақирар эди.
Стивнинг дўстлари унинг оғир характери биологик ота-онаси ундан воз кечганлиги оқибати деб тахмин қилишади. Жобснинг ўзи бундай деб ўйламайди: у ўзини ота-она бобида ниҳоятда омади чопган, деб ҳисоблайди (айнан Пол ва Клара Жобсни ҳақиқий ота-онаси деб ҳисоблаган ҳамда кимдир уларни ҳақиқий ота-онаси эмаслигини айтса, жаҳли чиққан), чунки Стивни сақлаб олган ота-онаси ҳар доим ундаги алоҳида иқтидорга эга эканлигига ишонган ва уни қўллаб-қувватлаган.
1.2. Кишилар билан ўзаро муносабати
Жобснинг ҳаётида учрашув ва айрилиқлар кўп бўлган ва кўп марта кишилардан кўнгли қолган. Уни яқин кишилари алдайди ва унга хиёнат қилади, унинг ўзи ҳам интизом бўйича намуна эмас эди: анча вақтгача у қизи Лизани тан олмайди, ота-онасига қўпол муносабатда бўлади, охир-оқибатда бундан афсусланади. Китобда дўстлик ва севги, қариндошлар билан алоқалар, ёшлик хатолари ва улғайгандан кейинги қизиқишлар, ҳамкорлар ва рақобатчилар ҳақида кўплаб қизиқарли ҳикоялар мавжуд.
Жобс ва Скалли. Жобс кишиларда фақат оқ ва қора рангларни кўрган: у аксарият кишиларни “аҳмоқ” ва айримларнигина “ақлли” деб ҳисоблаган. Айни пайтда, кишилар ҳақидаги фикрларини ўзгартирган ҳоллари ҳам бўлган. Яққол мисол – пешонасига Стивнинг тақдирида муҳим роль ўйнаш ёзилган Жон Скалли эди.
1982 йили Apple компаниясига президент керак бўлиб қолади: ўзига ҳаддан ташқари ишонишига қарамай, Жобс ўз имкониятларини объектив баҳолай олган ва компанияни якка ўзи бошқаришга ҳали тайёр эмаслигини тушунган. Pepsi Co корпорациясининг Pepsi Cola бўлинмаси президенти Жон Скалли идеал номзод бўлиб чиқади. Скаллига бутун мамлакатнинг янги маҳсулот пайдо бўлишини интиқлик билан кутишига эришиш насиб қилади. Жобс бу айнан Apple учун зарур деган қарорга келади ва Скаллининг тин олишга деярли имкон бермайди: учрашувлар белгилайди, қўнғироқ қилади, тақдимотларга ва ресторанларга таклиф қилади. Улар қанчалик кўп мулоқот қилса, Скалли Жобсдаги унинг ўзи фахрланадиган фазилатларни шунчалик кўпроқ пайқар эди. Стив, ўз навбатида, Жон сиймосида кўнглига яқин кишини кўрарди. “Ўзимни қойилмақом ўқувчини учратган ўқитувчидек ҳис қилардим – эслайди Скалли, – Стив қиёфасида ёшлигимдаги аксимни кўзгуда кўрардим. Мен ҳам бетоқат, ўжар, такаббур ва таъсирчан бўлганман. Миямга ҳар доим кўпинча бир-бирини инкор қиладиган ғоялар келаверарди. Ҳудди Стив каби меннинг ҳам талабларимни қондиролмаган кишиларга тоқатим йўқ эди”. Стивнинг тўрт ойлик “ўлдим-куйдими”дан сўнг Жон Скалли, ниҳоят, Apple президенти лавозимини эгаллашга розилик беради. Бир муддат улар бир-бирларига мафтун бўладилар, кўп мулоқот қиладилар, ғояларини ўртоқлашади, бу нарса Стив тўсатдан улар дунёга турлича назар билан қарашлари ва қадриятлари турлича эканлигини билиб қолгунча давом этади. Қолаверса, Жоннинг тассаввурини тезкор эмасди.
Жобс Скаллининг улар бир-бирларига ўхшашликларига бўлган ишончини мустаҳкамлаб борган ҳолда ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиши мумкинлигини тушунарди. Қанчалик ишонч билан уни бошқарса, унга шунчалик ҳасад қиларди. Вақт ўтиши билан Скаллининг қувончлари ҳам сўнади. Оқибатда 1895 йили Lisa номли лойиҳанинг муваффақиятсизлигидан ҳамда Macintosh ўзини оқламаганидан кейин (компьютер жуда чиройли ташқи кўриниш, қойилмақом интерфейсга эга эди, бироқ унга қувват ва тезлик етишмасди) Скалли Стивнинг Appleʼдан бўшашини қўллаб-қувватлайди, бироқ Стив орадан 11 йил ўтгач компанияга зафар билан қайтади.
Жобс ва Возняк. Ораларида беш ёшлик фарқ бўлишига қарамай, Жобс ҳали ўқувчи эканлигида иккита Стив дўстлашиб қоладилар. Кичик дўсти сингари Возняк ҳам отасидан кўп нарсани ўрганган эди. Воз (дўстлари уни шундай чақиришарди) отасидан муҳим қоидани ўрганган эди: ёлғон гапириш ёмон нарса. Жобс эса, аксинча, инсофлилиги билан ажралиб турмас ва баъзида дўстига ёлғон гапириб турарди.
Atari компаниясида ишлар экан, Жобс мавжуд жуфтликда ўйналадиган ўйиннинг якка ўйинчи учун мўлжалланган талқинини ишлаб чиқиш топшириғини олади. Яъни Жобс 50 тадан камроқ детал сарфлашга муваффақ бўлса, ҳар бир иқтисод қилинган детал учун унга мукофот пули тўланиши керак эди. Жобс топшириқни Возга юклайди ва у лойиҳани атиги уч кечада бажаради. Жобс дўстига гонорарнинг ярмини беради, бироқ қўшимча мукофот пулларини бўлишиш “ёдидан чиқиб қолади”.
Жобсдан фарқли равишда, Вознякка амалга интилиш буткул ёт эди: отаси яхши муҳандис бўлиб, Стив Возняк ҳам шу ҳақида орзу қиларди. Дастлаб Возняк ва Жобс тандеми идеалдек туюларди: Воз қандайдир қизиқ бир нима ўйлаб топарди, Жобс эса қандай қилиб бундан пул ишлаш йўлларини ҳал қиларди. Жобс билан биргаликда Appleʼга асос солган ҳолда Возняк компанияни бошқаришга интилмайди. Уларнинг йўллари келгусида айро тушганига қарамай, Жобс Возни муҳандис сифатида юқори баҳолаган, Воз эса, ўз навбатида, ҳар доим Жобс учун ёрдамга келишга тайёр эди.
Ёшликда улар кўпинча кишиларни чув тушириш йўлларини ўйлаб топишарди.
Возняк талабалар ётоқхонасига кирар ва сездирмасдан қўл мосламасидаги тугмани босарди. Экранда тўлқинлар пайдо бўларди. Кимдир ўрнидан сакраб туриб телевизорни шапатиларди, Возняк тугмани қўйиб юборар ва экранда тасвир пайдо бўларди. Аудитория бир оёқда турган ҳолда антеннани ушлаб туриш кераклиги ҳақидаги хулосага келгандагина, Стив тугмани қўйиб юборишни бас қиларди.
Уларнинг дўстлигига, компьютер ва кимнидир чув тушириш билан бирга, мусиқага қизиқиш ҳам сабаб бўлган.
Боб Диланнинг аудиоёзувларига ўчлик қўшма корхонага айланиб кетади. Иккала Стив бирор кимда Дилан аудиоёзувларининг «қароқчи» версияси бор-йўқлигини суриштириб Сан-Хосе ва Беркли университетларини титиб чиқардилар, унинг шеърларини сотиб оларди ва кечалари уларни муҳокама қиларди. Аудиоғалтакли магнитофон сотиб олгач, Жобс қулоғида қулоқлик билан Боб Диланни тинглаганча соатлаб ётоғида ётарди.
Жобс ва Гейтс. Билл Гейтс ва Стив Жобснинг иккаласи ҳам 1955 йилда туғилгани ва компьютер соҳасида инқилобчиларга айланига қарамай, улар бир-бирдан кескин фарқ қиларди.
— Стивннинг қонуний ота-онаси олий маълумотга эга бўлмаган, Биллнинг отаси эса илғор ҳуқуқшунос эди.
— Стивдан фарқли равишда, Билл ношукур ва савдойи эмасди.
— Гейтс дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи компания яратиш учун Гарварддан кетади, Стив эса маърифат илинжида Ҳиндистонга жўнаш мақсадида университетни тарк этади.
— Гейтс дастурлашни биларди, нисбатан амалиётчилиги ва таҳлилий фикрлаш қобилияти билан ажралиб турарди. Жобс интуицияга таянар, романтикроқ эди ва технологияни фойдаланиш учун яроқли, дизайнни – кўзни қувнатадиган, интерфейсни эса – қулай ва тушунарли қилишга катта аҳамият берарди.
— Стив герметик корпус ичида контент, дастурий ва техник таъминотни жамлаган маҳсулотни бир бутунликда кўриб чиқарди. Билл бизнесдаги вазиятни очиқчасига баҳоларди ва Microsoft операцион тизимлари учун лицензияларни бошқа ишлаб чиқарувчиларга ўз хоҳиши билан сотарди.
Стив Биллга, айниқса, услуб ва дид борасида, лутф билан муносабатда бўларди, чунки Билл Стивга юқоридан қарарди, чунки Стив дастурий таъминот ишлаб чиқишни уддалай олмасди.
Илк танишган пайтларида Гейтс Жобсни самимий ёқтириб қолади ва унинг кишиларни ўзига жалб қилиш қобилиятига озроқ ҳасад ҳам қилади. Шу билан бир қаторда, Стивга хос қўполлик ва максимализм Гейтсни ундан узоқлаштиради: “У ёки инсонни булғайди ёки ўзига тортишга уринади”. Ўз навбатида, Гейтснинг тор фикрлаши Жобснинг ғашини келтиради: “Агар у ёшлигида кислота ичганида ёки будда ибодатхонасида яшаб кўрганида, нарсаларга кенгроқ назар ташлашни ўрганган бўларди”.
Шунга қарамай, Стив Биллнинг заковати, ундаги юмор туйғуси ва мақсади йўлида жонбозлигини юқори баҳолаган: Билл сайёрадаги энг бой киши бўлишни истаган ва бунга эришган.
Гейтс ва Жобс бир муддат мулоқот қиладилар: Microsoft компанияси Apple учун дастурий таъминот ишлаб чиқади. Бироқ Гейтс ҳам график интерфейсдан фойдаланишга қарор қилганида Жобс ғазабга минади. График интерфейс ғояси Appleʼга тегишли эмаслигини ҳисобга олганда, бундай муносабат жуда ҳам ғалати эди: Стив уни Xerox компанияси лабораториясида “кўриб қолган” эди. Маълумки, Appleʼнинг дизайн ечимлари замонавийроқ ва янгича бўлишига қарамай, операцион тизимлар курашида Microsoft ғолиб чиқади.
2. Стив Жобснинг ғоялари
2.1. Ҳамма ишни яхшилаб қилиш керак, ҳатто, ҳеч ким ҳеч қачон кўрмайдиганларини ҳам
Оддий автомеханик бўлган отаси Стивни ўз ишига меҳр қўйган ҳақиқий уста, ҳатто кўз илғамас майда нарсаларда ҳам мукаммалликка эришиши кераклигини ўргатади. Жобс бутун ҳаёти давомида бу тамойилга амал қилади.
Macintosh микросхемалари жойлаштирилган нашр платаси билан содир бўлган ҳодиса ишга бундай муносабатнинг энг ёрқин намунасидир: у чизиқлар бир-бирига жуда яқин жойлашганлиги сабабли хотира интеграл схемалари ниҳоятда ҳунуклигини айтиб, муҳандисларга жаҳл қилади. Бу чизиқларни бирорта ҳам харидор ҳеч қачон кўрмасди.
Один из инженеров, пришедших в Apple недавно, перебил Стива:
Appleʼга янги келган муҳандислардан бири Стивнинг сўзини бўлади:
— Нима қилибди? Муҳими — яхши ишласа бўлгани. Платанинг ўзини ҳеч ким кўрмайди.
Жобс кутилганидек жавоб қилади:
— Ҳаттоки ички деталлар бўлса ҳам, уларнинг мукаммал бўлишини истайман. Яхши дурадгор шкафнинг орқа девори учун, гарчи уни ҳеч ким кўрмаса-да, ёмон тахта танламайди.
Apple директорлар кенгашининг биринчи йирик сармоядори ҳамда раиси Майк Марккула Стивга отасининг майда-чуйдаларда ҳам мукаммалликка интилиш ҳақидаги сўзларига ҳамоҳанг бўлган яна бир сабоқ беради.Товарни қадоқлаш ва етказиб беришнинг муҳимлиги товарнинг муҳимлигидан қолишмайди: китобга муқовага қараб баҳо берадилар.
Macintosh қутилари ва қадоқлари учун Жобс тўлиқ рангли дизайн танлайди ва у бекаму-кўст кўриниши учун имкон борича ҳаракат қилади. Кўпчилик ходимлар Жобс кўп марталаб қайтадан қадоқлашга мажбурлашини инжиқлик деб ҳисобларди: улар хотира микросхемаларини иқтисод қилаётган пайтда пулни қиммат қутиларга сарфлаб юбориш мантиққа зид эди. Бироқ Жобс Macintosh нафақат мукаммал бўлишини, балки шунга мувофиқ кўринишга эга бўлишини ҳам хоҳларди. Дизайн устидаги ишлар ниҳоят якунига етганида Жобс барча Macintosh жамоаси ходимларини тўплайди ва чизмачилик қоғози варағи, маркер олиб, барчадан имзо қўйишни сўрайди. 45 нафар ходимнинг барчаси имзо қўйгач, навбат Стивга келади. У варақнинг ўртасида бўш жойни қидириб топади ва босма ҳарфлар билан чиройли имзо қўяди. Ҳар бир Macintoshʼнинг ичида ўйиб ёзилган имзоларни топиш мумкин. Шундай лаҳзалар шарофати билан жамоа аъзолари санъат асарини яратаётганликларини ҳис қиладилар.
2.2. Биринчи даражали маҳсулотни яратиш учун фақат энг яхшиларни ишга қабул қилиш керак
Mac жамоасини тузишда Жобс фақатгина юқори даражали мутахассисларни ишга олишни истайди. Жобсга улар биргаликда ишлолмасликларини айтишади, бироқ Жобс биринчи даражали мутахассислар аслида биринчи даражали мутахассислар билан ишлашни ёқтиришларини айтади - уларга ўртамиёналар билан иш олиб бориш ёқмас эмиш. Pixarʼда бутун жамоа юқори даражали ўйинчилардан ташкил топган эди. Appleʼга қайтгач, Жобс ҳам шунга интилади. У шундай мулоҳаза қиларди: “Аксарият ҳолларда энг яхшилар ва ўртамиёналар орасидаги фарқ ўртача ҳисобда 30% ёки шунга яқинни ташкил қилади. Самолётда энг муваффақиятли парвоз ёки ниҳоятда лаззатли кечки таом одатдагидан 30% га яхшироқ бўлади. Лекин Воз оддий муҳандисдан 50 баробар яхшироқ эди.”
Macintosh ва Lisa лойиҳалари бирлаштирилганда Жобс Lisa лойиҳаси ходимларининг бир қисмини улар “иккинчи лига ўйинчилари” эканликлари, агар ишда қолдирса, вақт ўтган сайин уларнинг сони кўпайиши ва “учинчи лига” ҳам пайдо бўлиши, Appleʼда эса фақатгина битта – биринчи лига бўлиши лозимлигини тушунтириб, уларни ишдан бўшатади!
2.3. Мукаммал иш бажариш учун мукаммал ёндашув зарур
“Яқин ҳамкорлик”, “бекаму-кўст ёндашув” ҳамда “комплекс лойиҳалаш” Жобснинг севимли жумлалари эди.
Бошқа компанияларда маҳсулот аста-секин муҳандислардан дизайнерларга, ишлаб чиқарувчилардан тарқатувчиларга ўтарди, айни пайтда Appleʼда лойиҳа устида барча бўлимлар бир вақтнинг ўзида ишларди. Бу тамойил ишга қабул қилишда ҳам амал қиларди. Номзодлар нафақат тегишли бўлимларнинг менежерлари билан, балки ўзаро бўлинмаларнинг раҳбарлари билан ҳам учрашишлари лозим эди, шундан сўнг стажёр ишга мос келиш-келмаслиги ҳақида бамаслаҳат қарорга келинар эди.
2.4. Раҳбар барча жараёнларда иштирок этиши лозим
Apple компаниясида йирик компанияларда одатий ҳол бўлган маъмурий буйруқбозлик йўқ эди. Жобс Applʼ-ни ярим-автоном бўлинмаларга бўлмайди: у барча ходимларни назорат қиларди ва уларнинг ягона мақсадларга эга ҳамжиҳат жамоага айлантиришга интиларди. Бир томондан, бундай назорат Жобснинг авторитарлиги намойиши эди, бошқа томондан эса – барча қарорлар ортиқча муҳокамаларсиз, ёзишмаларсиз, мажлислар-у розиликларсиз яшин тезлигида қабул қилинарди.
2.5. Ўзингиз ҳам унга эгалик қилишни истайдиган маҳсулот яратиш керак
Лойиҳа устида ишлар экан, Жобс бўлажак маҳсулотга шунчалик муҳаббат қўяр ва бу муҳаббатни жамоага шундай юқтирардики, барчалари маҳсулотни такомилга етказиш учун бетиним тер тўкишга тайёр эди.
iPodʼнинг зафарли чиқишидан кейин Microsoft компанияси ўзининг энг омадсиз лойиҳаси бўлган Zune плеерни яратади. Жобс рақобатчиларининг мауваффақиятсизлигини Microsoft мусиқа ва санъатни севмаслиги билан тушунтиради: “Биз ғалаба қозондик, чунки аслида мусиқани севамиз. Биз iPodʼни ўзимиз учун яратдик, ўзинг учун, яқин дўстинг ёки қариндошинг учун бирор нарса қилсанг, бор кучинг билан ҳаракат қиласан. Агар қилаётган нарсангни севмасанг, ортиқча уриниб ўтирмайсан, дам олиш кунлари ишламайсан ва бирор нарсани ўзгартиришга интилмайсан”.
2.6. Технологиялар дизайнга бўйсуниши лозим
Жобс учун дизайн буюмнинг ташқи кўриниши устида шунчаки ишлашни англатмасди – у буюмнинг моҳиятини акс эттириши лозим эди. Унинг фикрича, “дизайн – муваффақиятли рўёбга чиққан тақдирда, буюмнинг қобиғи узра намоён бўлувчи инсон ижодкорлигининг руҳидир”.
Аксарият компанияларда ишлаб чиқаришнинг техник жиҳатларини дизайнер белгилаб беради. Муҳандислар маҳсулотнинг техник параметрларини тақдим этадилар, дизайнерлар эса шундан келиб чиқиб маҳсулот учун энг мувофиқ корпусни яратадилар. Бироқ Жобс аксинча ҳаракат қилишни афзал кўрарди: чунончи, Жобс аввалига дастлабки Macintoshʼнинг корпуси дизайнини тасдиқлайди, кейин эса муҳандислар бу корпусга нашр платалари ва бошқа таркибий қисмларни жойлаштирадилар. Жобснинг мажбурий истеъфосидан кейин муҳандисларнинг талаблари биринчи даражали бўлиб қолади ва бу ёндашув натижасида якунда маҳсулот унчалик ҳам эстетик кўриниш касб этмайди. Жобс Appleʼга қайтгач эса, тарози палласи яна дизайнерлар томонга оғади: энди технологиялар дизайнга бўйсуна бошлайди, аксинча эмас.
Apple маҳсулотлари — Macintosh, iMac, iPod, iPhone, iPadʼнинг таниқли дизайнлари ҳар доим компанияни рақобатчиларидан яққол ажратиб турарди ҳамда ғалабага етакларди.
Буюм дизайни, унинг мақсади ва тайёрланиш сифатидаги боғлиқликни тасвирлашда Стив Франция бўйлаб саёҳат давомида кўрган пичоғини мисол сифатида таъкидлашни хуш кўрарди. Ошхона анжомлари дўконида унга ёққан пичоқнинг дастаси ва тиғи орасида елим томчисини кўриб қолади. Шу тарзда, пичоқнинг яхши дизайни сифатсиз ишлаб чиқариш оқибатида бузилган эди. Қисмлари бир-бирига елимланган пичоқ кимга керак? Маҳсулот оддий ва тўлиқ кўринишда бўлмоғи лозим.
2.7. Асл мусаввирлар барча нарсани содда тасвирлайдилар
Жобс Appleʼнинг барча маҳсулотлари оддий ва функционал бўлишига бир неча карра урғу берарди. У барча нарсада: компанияни бошқаришда, маҳсулотлар дизайнида, рекламада оддийлик – муваффақият гарови деб ҳисобларди. У SONY сингари компанияларни калака қиларди: қадоқланиши ҳам беўхшов, фирманинг ташкилий структураси шундай мураккаб эдики, оддийгина қарорларни қабул қилиш бир неча ҳафта вақт оларди. Kомпаниянинг илк реклама буклети муқовасига Леонардо да Винчининг “Соддалик – олий доноликдир” деган ҳикматининг туширилгани бежизга эмасди.
Стивнинг минимализмга бўлган муҳаббати буддизмдаги соддаликка интилишдан келиб чиқади; айни пайтда у маҳсулоти совуқ ва жонсиз бўлишини истамасди. Дизайн соддалиги билан бирга ўзига жалб қилиши ва қизиқиш уйғотиши керак эди. Қолаверса, маҳсулот интуитив жиҳатдан харидорга тушунарли бўлиши лозим эди.
Жобс Macintosh иш столининг аналогини яратишга муваффақ бўлди: кабинетингга кирасан, стол устида қоғозлар: энг тепада – энг муҳимлари туради, дерди.
2.8. Ўзимизга зарар келтирмасак, буни бошқа кимдир қилади
Компанияга яхлит бирлик сифатида қараш Жобсга рақобатчилари олдида сезиларли устунлик бағишларди. У iPhoneʼнинг чиқиши iPodʼнинг сотувини қисқартириши, iPаdʼнинг чиқиши эса ноутбуклар сотувига зиён етказишидан чўчимаган ҳолда глобал фикрларди.
Sony компанияси Appleʼнинг буткул тескарисини ўзида акс эттирарди. Унинг бўлинмаларидан бири электрон, бошқаси мусиқий қурилмаларни чиқарарди, таниқли санъаткорлар билан ишларди. Жобс Sony мусиқий плеер ва рақамли мусиқа хизматини яратиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлганлигини таъкидларди. Бироқ Sonyʼнинг овоз ёзиш билан шуғулланувчи бўлинмаси зарарга йўл қўймасликка интилиб, ўз манфаатларини устун қўяди, Apple компанияси iPodʼни чиқаради ва iTunes иловасини яратади.
2.9. Харидор ҳар доим ҳам ҳақ эмас
Жобсдан маркетинг тадқиқотлари ўтказиши ёки ўтказмаслиги ҳақида сўралганда, қуйидагича жавоб беради: “Йўқ, чунки биз кўрсатмагунимизча, истеъмолчи ўзи нима хоҳлашини англаб етмайди”. Аслида, истеъмолчига нима ёқишини олдиндан билиб ҳаракат қилиш муҳим. Жобс Генри Форддан иқтибос келтиришни ёқтирарди: “Агар мен харидорлардан уларга нима кераклигини сўраганимда, тезроқ югурадиган от, деб жавоб берган бўлардилар”.
3. Жобснинг муваффақиятли лойиҳалари
Ўттиз йил ичида Стив Жобс жаҳонга бир қатор муваффақиятли маҳсулотларни тақдим этди:
Apple II — биринчи шахсий компьютер;
Macintosh — фойдаланувчининг график интерфейсини оммалаштирган уй компьютери;
«Ўйинчоқлар тарихи» ва Pixar’нинг бошқа блокбастерлари — томошабинга рақамли мультипликация мўъжизаларини очиб берди;
Apple дўконлари — харидорларнинг фирма дўкони ҳақидаги тасаввурларни ағдар-тўнтар қилиб юборди;
iPod — мусиқани мутлақо янгича услубда эшитиш имконини тақдим этган плеер;
iTunes Store – мусиқа саноатини қайта дунёга келтирди;
iPhone — ичида мусиқа, фотосуратлар, видео, электрон почта ва интернет бўлган мобил телефон;
App Store — контент тайёрлашнинг янги саноатини юзага келтирди;
iPad — рақамли газеталар, журналлар, китоблар, видеолар учун платформа тақдим этувчи ва беш ёшли болага ҳам тушунарли бўлган интернет-планшет;
iCloud — компьютерни контентнинг ягона омбори ўрнидан сиқиб чиқарган ва фойдаланувчининг барча қурилмалари билан синхронизация бўлиб турувчи сервис.
Жобснинг энг асосий ижод маҳсули — унинг ўлимидан кейин ҳам харидорларни янги маҳсулотлар билан ҳайратда қолдиришда давом этаётган Apple компаниясидир.
Хулоса
Стив Жобснинг муваффақият тарихи — дунёни ўзгартиришни истаган ва бунинг уддасидан чиқа олган инсон тарихи: унинг инқилобий «гаджетлари» ҳаётимизни бутунлай ўзгартирди.
Жобс «нолдан» унчалик кўп нарса ўйлаб топмаган бўлса-да, ғоялар, санъат ва технологияларни усталик билан уйғунлаштира олган. У келажакни кўра биларди: Xerox ишлаб чиққан график интерфейс кучига тўғри баҳо бериб, Macintosh’ни лойиҳалаштирган; чўнтакда минглаб қўшиқларга эга бўлиш қандай бахт эканлигини англаб етиб, Sony бутун бошли капитали ва мероси билан бунинг уддасидан чиқа олмаган вақтда, iPod’ни ўйлаб топган.
Жобс Appleʼни ўзи билганича бошқарган: маркетинг ва менежмент қоидаларини рад этган ҳолда, у фақат ички сезгиларига таянар ҳамда эстетик ва технологик жиҳатдан мукаммал маҳсулотлар ишлаб чиқариши лозимлигига ишонарди. Бундай маҳсулотни тайёрлаш учун эса таваккал қилишдан қўрқмаслик ҳамда ўз ижод маҳсулингизга уни ўзингиз ва яқинларингиз учун яратаётгандек муносабатда бўлиш зарур. Жобснинг фикрича, бошлиқ тўлиқ назорат ва тезкор қарор қабул қилишни таъминлаган ҳолда компаниядаги барча жараёнларда қатнашиши керак. Бундан ташқари, жамоада фақат ва фақат биринчи даражали мутахассислари ишлаши лозим.
Стив Жобс жуда мураккаб шахс эди, унинг хатти-ҳаракатларига ҳар ким ҳам дош бера олмасди: у ходимларни аёвсиз ҳайдарди, баъзилар эса ўзи чидай олмай, ишдан бўшаб кетарди; у одамларни манипуляция қилар, дўстларини алдар, жазавага тушар ва атрофдагиларга қўполлик қиларди. Айни вақтда ҳамма бир овоздан унинг истараси ва ўзига мойил қила олишини таъкидларди, ходимларни ишонтириш ва уларга рағбат (мотивация) беришда эса унга тенг келадиган йўқ эди.
Тиришқоқлик, тинимсиз меҳнат ва «ўзгача фикрлаш» қобилияти Жобсга унинг ўлимидан кейин ҳам ривожланиш ва гуллашда давом этаётган глобал империяни қуришга ёрдам берди.
@Bookmanuz – Йирик мақсадларга қисқа қадамлар билан эришинг!