ҲАР БИР МУРОЖААТ АЛОҲИДА НАЗОРАТДА
Олот туман адлия бўлими томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатларини ҳал қилиш жараёнида асосий эътибор уларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларининг таъминланишига қаратилиши ҳеч кимга сир эмас. Хусусан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бўлимга келиб тушган мурожаатлар сони 120 тани ташкил этиб, шундан 117 таси қаноатлантирилиб, фуқароларнинг муаммоларига ижобий ечим топилди.
Жумладан, Олот туман "Буржоқ" МФЙда яшовчи фуқаро С.Н. туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, экин экиш учун ер майдони мавжуд эмаслиги, Олот туманида 27 апрель куни содир бўлган талофатдан сўнг ижтимоий аҳволи оғирлашганлиги сабабли амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаат адлия бўлими ходимлари томонидан маҳалла ва тегишли мутасадди идора ҳодимлари билан ҳамкорликда бевосита жойига чиқиб ўрганилиб, ўрганиш жараёнида талофатда янги қураётган иморатининг деворлари йиқилганлиги аниқланиб, ушбу деворларни тиклашда ёрдамлашиш учун ҳомий ташкилот Олот НГҚЭ МЧЖ қурилиш бўлими ходимлари жалб қилинди. Шунингдек, “Буржоқ” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ҳам мурожаат муаллифининг оиласи ночор оилалар рўйхатига олиниб, июль ойида боласи 14 ёшга тўлиши муносабати билан олаётган бола парвариши нафақасидан кейин моддий ёрдам кўрсатилиши ва келгусида тегишли ташкилотлар томонидан ёрдамлар кўрсатилиши белгиланди.
Бундан ташқари, туман адлия бўлимининг ташаббуси билан фуқарога қўшимча ёрдам сифатида “Усмон Юсупов” фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган ер майдонларидан такрорий экин экиб олиб фойдаланиши учун 0,50 гектар ер майдони ажратиб берилиши таъминланди.
Масъул шахслар унутмаслиги лозимки, ҳар бир мурожаатнинг замирида бир неча шахсларнинг манфаати ётади, буни чуқурроқ англаш ва ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор бериш талаб этади. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг асосий шартидир.
УМИД ҲАМДАМОВ, Олот туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси