June 29, 2020

Адлия органлари инсон манфаатлари йўлида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига кўра Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

Ғиждувон туман адлия бўлими томонидан ҳам Конституциямизнинг мазкур нормалари талабларидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича самарали фаолият олиб бормоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича

Жумладан, туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида жами 164 та (14 та ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётига оид, 147 та инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид, 3 та давлат хизматлари кўрсатишга оид) ариза ва шикоятлар кўриб чиқилган бўлиб, мазкур мурожаатларнинг 129 таси ёки 79 фоизи қаноатлантирилган, 35 таси ёки 21 фоизига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Сўз исботи билан деганларидек, мазкур мурожаатлардан мисол келтирсак, фуқаро Д.Б туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Бухоро филиали ходими сифатида ишлаб келаётганлигини, иш фаолияти давомида бола парвариши таътилига чиққанлиги ва таътил муддати тугаган бўлсада, ходим мурожаат кунига қадар иш билан таъминланмаётганлигини маълум қилиб, иш билан таъминланишини сўраган. Адлия ходимлари томонидан мурожаат муаллифи иштирокида ўрганиб чиқилганда ходим 2015 йил 25 август кунида бола парвариши таътилига чиққанлиги, таътил муддати 2018 йил 21 май куни тугаганлиги, бироқ ходимнинг иш билан таъминланиши ҳақидаги қонуний талаблари бажарилмасдан, бола парваришига чиққан ходимнинг иш жойини сақлаш чоралари кўрилмасдан, ходимнинг ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланишга оид Конституцион ҳуқуқлари бузилганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси талаблари иш берувчи томонидан бажарилмаганлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан “Ўзбекистон почтаси” ОАЖ Бухоро филиалига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилиши, шунингдек, фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишида айбдор шахснинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланиши оқибатида 2 йилдан буён иш билан таъминланмаган, ишсизликдан изтироб чекиб юрган фуқаронинг иш билан таъминланишига эришилиб, унинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.

Давлат органлари инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши лозим

Туман адлия бўлими томонидан давлат органлари ва ташкилотларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан доимий назорат амалга оширилиб, уларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилиб борилмоқда. Таҳлил натисида 64 га яқин давлат органлари ва ташкилот ҳамда муассасаларда ўрганиш ва мониторинг тадбирлари ўтказилиб, 700 дан ортиқ қонун ҳужжати бузилиши ҳолатлари қайд этилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 158 та тақдимнома, 9 та айбдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгароликка доир иш қўзғатиш ҳақида таклиф, 85 та қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳнома, 7 та фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан судларга даъво аризалар киритилди.

Қайд қилинган таъсир чораларини қўллаш натижасида жами 18 нафар мансабдор ва масъул шахсларнинг маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланиб, 150 га яқин фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди, шунингдек қонун бузилиши натижасида фуқароларга етказилган 100 млн. сўмга яқин зарар қопланиши таъминланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.02.2013 йилда 44-сонли Қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя этилиши ҳолати мониторинг қилинганда айрим маҳалла фуқаролар йиғинларида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланиб, уларга таъсир чоралари киритилиши натижасида
2 нафар фуқарога нисбатан ноқонуний равишда тўхтатилган нафақалар қайта тикланиши таъминланди.

Бундан ташқари, тумандаги таълим муассасаларида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиниши мониторинг қилинганда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 232-моддаси талаби (ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилиши) тизимли равишда бажарилмасдан келинганилиги аниқланиб, қўлланилган таъсир чоралари натижасида мазкур амалиётга чек қўйилиши таъминланди ва 100 га яқин меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари тикланиб, 10 млн. сўм миқдордаги тўланмай қолган таътил пуллари тўлаб берилди.

Инсон манфаатлари йўлида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича

Қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасида ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан жами 18 та таклифлар ишлаб чиқилган ва тегишли тартибда юқори турувчи органга тақдим этилган.

Ҳуқуқий саводхонлик – инсон ҳуқуқлари таъминланишининг кафолати

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, улғайиб келаётган ёшларни ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, миллий қонунчилик соҳасидаги ўзгаришлар ва янгиланишларни ўз вақтида аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинишини таъминлаш мақсадида бўлим томонидан жами 295 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган бўлиб, шундан 39 таси ОАВ орқали (2 та телевидение, 6 та радио, 2 та газета ва журналларда ҳамда 140 та веб саҳифа ҳамда бошқа ижтимоий тармоқларда) ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган, 123 маротаба оғзаки ҳуқуқий тарғибот (24 та маъруза, 47 та давра суҳбати ва 52 та уйма-уй юриб) тадбирларини ташкил этади.

Шунингдек, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш, қонунларнинг мазмун ва моҳиятини ижрочиларга тушунтириш вазифаларини кенг қамровли, сифатли ва тезкор бажарилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 28 май куни Телеграмм мессенджерида Ғиждувон туман адлия бўлимининг “Qonun talabi” номли канали ишга туширилган бўлиб, мазкур каналда қонунчилик янгиликлари, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим ижтимоий ҳодисалар ва бошқа соҳага оид маълумотлар жойлаштирилиб борилмоқда.

Қонун устуворлиги - устувор вазифамиз

Бўлим ўзининг фаолияти давомида юқорида келтирилган натижалар билан кифояланиб қолмасдан, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун ижодкорлигида иштирок этиш ва жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида бундан кейин ҳам янада кенг қамровда ва жадал тарзда давом эттиради.

ДИЛШОД НАРЗУЛЛАЕВ, Ғиждувон туман адлия бўлими бошлиғи