July 1, 2021

Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда

Жорий йилнинг 30 июнь куни вилоят адлия бошқармаси мажлислар залида онлайн ва офлайн режимда “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” мавзусида веб-семинар ташкил этилди.

Семинарда вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари ва давлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда дастлаб адлия ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги "«Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5132-сон Қарори мазмун-моҳияти, мазкур ҳужжатни қабул қилишдан мақсад ҳамда ҳужжатлар асосида маҳаллий ижро этувчи органлар ва бошқа ташкилотлар фаолиятида кутилаётган ўзгаришлар юзасидан маъруза қилди.

Таъкидланишича, ПҚ-5132-сон Қарорга кўра, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилмоқда:

➖ биринчи босқич – Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни “Ijro.gov.uz”га киритиш учун Адлия вазирлигига юборади;

➖ иккинчи босқич – Адлия вазирлиги назоратга олинадиган топшириқларни электрон тизимга киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди;

➖ учинчи босқич – давлат органлари ва ташкилотлари, ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва электрон тизимгага маълумотларни киритади;

➖ тўртинчи босқич – Адлия вазирлиги маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади;

➖ бешинчи босқич – Вазирлар Маҳкамаси маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, ҳар ойда Раёсат мажлисларида ижро натижадорлигини танқидий кўриб чиқади ва Президент Администрациясига маълумот киритади;

➖ олтинчи босқич – Ҳисоб палатаси ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади;

➖ еттинчи босқич – Президент Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.

Шунингдек, маъруза давомида Ижро муддати белгиланмаган ёки бир йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган топшириқларнинг бажарилиши бўйича маълумот ҳар олти ойда “Ijro.gov.uz”га киритиб борилиши, топшириқлар ижро муддатлари фақатгина Адлия вазирлиги ва зарур ҳолларда, Ҳукумат томонидан кўриб чиқилиб, Ҳисоб палатаси хулосаси асосида ҳамда Президент рухсати билан узайтирилиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари семинар давомида Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш ва уни мониторинг қилиш тартиблари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 апрелдаги 342-сон қарори мазмун моҳияти хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг, иштирокчилар томонидан берилган савол ва таклифларга мутасаддилар томонидан жавоблар берилиб, Президент қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Мухлис МУЗАФФАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси