БУХОРО ВИЛОЯТ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ ТОМОНИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ.
Юртимизда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу маънода оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият ўртасида энг самарали демократик институт сифатида ўз ўрнини топаётганлигини эътироф этиш лозим.
Адлия органлари фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда тизимдага ҳудудий адлия органлари томонидан бажарилган ишлар юзасидан ОАВ вакилларига ҳисобот бериш амалиёти йўл қўйилган.
Шунга кўра, жорий йилнинг 8 сентябрь куни ZООМ дастури орқали Бухоро вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан “Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида белгиланган устувор вазифалар”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда вилоят адлия бошқармасининг масъул ходимлари билан биргаликда ОАВ ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев томонидан бошқарманинг 2020 йилнинг 1-ярим йиллигидаги фаолиятига тўхталиб, қуйидагилар маълум қилинди.
Жумладан, адлия бошқармаси ва унинг тизимдаги адлия органлари томонидан 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида жами 1970 та мурожаат кўрилганлиги ва ҳал этилган мурожаатларнинг 1287 таси яъни 66 % қаноатлантирилганлигига урғу бериб ўтилди.
Шунингдек адлия органлари томонидан мурожаатлар ва иш режа асосида ташкилотларда ўтказилган ўрганишлар давомида жами 26425 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганлиги ва уларни бартараф эттиришг мақсадида тегишли ташкилотларга 605 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 85 та таклиф ва 2818 та огоҳнома киритилганлигига тўхталиб, таъсир чоралар натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг 97 та масъул ходими интизомий жавобгарликка, 73 та мансабдор шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилганлиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари адлия органлари томонидан фуқароларнинг бузилган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида судларга жами 2 млрд. 130 млн. 575 минг 323 сўмлик 264 та даъво аризалари киритилиши натижасида фуқароларга 992 млн. 895 минг 900 сўмлик 198 таси даъво аризаларнинг тегишли судлар томонидан қаноатлантирилганлиги хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.
Шунингдек, кун тартибидаги 1-масала юзасидан бошқарма марказий аппарати таркибий бўлинмалари томонидан қилинган ишлар бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб, келгусида бу соҳаларда кутилаётган ўзгаришлар тўғрисида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.
Тадбир давомида кун тартибидаги кейинги масалалар юзасидан бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан адлия бошқармасида коррупцияга қарши курашиш мақсадида қабул қилинган махсус дастур ва унинг ижроси хусусида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Низоларни муқобил ҳал этишнинг самарали меҳанизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси мазмун-моҳияти ва аҳамиятитўғрисида маърузалар қилиниб, кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар бериб ўтилди.
Шу ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолиятлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор этиб бориши янгиланаётган жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ўзининг ижобий натижасини бериб, фуқароларимизнинг хабардорлик даражаси ошиб, биринчи навбатда, уларнинг ижтимоий фаоллигига, ташаббускорлигига ва айниқса мамлакат олдида турган муҳим вазифаларни ҳал этишда янада фаол иштирок этишга ундайди.