October 25, 2022

Давлат хизматлари маркази янги биноси аҳолига хизмат кўрсатишни бошлади

Бинонинг очилиш маросимида туман ҳокими, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва фаоллар сўзга чиқиб, замонавий бинода асосий эътибор фуқароларга янада қулайлик яратиш, уларнинг вақтларини тежашга қаратилганилигини таъкидлашди.

Бино қурилишида, замонавий ва миллий шаҳарсозлик нормаларига мувофиқлик ва фуқаролар учун энг қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилди.

Зал бўйлаб ўрнатилган белгилар давлат хизматини олишингиз учун қадамма-қадам йўналтиради. Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашишингиз мумкин. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.

Шунингдек, ушбу Марказда давлат хизматларидан фойдаланишда бармоқ изи сканерлари тўлиқ жорий этилди. Унинг ёрдамида электрон рақамли имзо калитларини тасдиқлаш билан боғлиқ жараёнлар амалга оширилади.

Аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, давлат хизматларидан фойдаланишда NFC маҳсус қурилмаси ишга туширилди. Унинг ёрдамида ID картадаги фуқаронинг шахси аниқланади ва тизимда аризачининг маълумотлари автомат тарзда тўлдирилади.

Эндиликда марказда бир вақтнинг ўзида 20 нафар, бир кунда 600 нафар фуқарога хизмат кўрсатилиши кутилмоқда. Замонавий тарзда жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, болалар майдончаси, инфоленд, кутубхона, касса, фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш бурчаги, тиббиёт хонаси ва ошхона мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади.

Фуқаролар давлат хизматлардан мустақил фойдаланишлари шунингдек, турли имкониятлардан хабардор бўлишлари учун ахборот стендлари ва постерлар қўйилган.

Шу куни давлат хизматлари янги биносида туман ФҲДЙ бўлими томонидан икки ёшнинг никоҳлари ҳам тантанали равишда қайд қилинди.

“Жондор туманида бундай замонавий давлат хизмартлари марказининг очилиши биз фахрийларни ва бутун жондорликларни жуда ҳам мамнун этди. Аввал мослаштирилган хоналарда аҳолига 100 дан ортиқ хизмат кўрсатади деса, хеч бир киши ишонмас эди. Мана энди барчаси ўзгарди. Ёруғ ва шинам хоналар, замонавий техник жиҳозларни кўриб кўзингиз қувнайди. Авваллари рости битта ҳужжат ортидан югур-югур қилиб вақт ўтказганларимиз хали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Хозирда амалга оширилган ишлар биз истаганимиздан-да ўзгача. Буларнинг барчаси юримизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг амалдаги исботидир”, – дейди, жондорлик нуроний Икром ота Жумаев.