November 25, 2020

АДЛИЯ ХОДИМЛАРИ МУАММОЛАРНИ УЙМА-УЙ ЮРИШ ОРҚАЛИ АНИҚЛАМОҚДА

Манзилли тарғиботни амалга ошириш аҳолининг турли тоифалари, хусусан аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида жорий йилнинг 24 ноябрь куни вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар РЎЗИЕВ бошчилигида адлия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Пешкў туманининг Обидхўжа маҳалласи Обидхўжа қишлоғида бўлиб, у ердаги муаммолар ва тизимли камчиликларни, биринчи навбатда, уйма-уй юриш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш йўли билан чуқур ва ҳар томонлама ўрганишни амалга ошириш бўйича аҳоли билан учрашувлар асосида долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш чораларини кўриш бўйича оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Оммавий қабул давомида ишчи гуруҳ раҳбари томонидан ҳар бир хонадонга уйма-уй юриб, хонадон вакиллари билан гаплашилиб, халқнинг яшаш шароити, оилавий аҳволи, уларни қийнаб келаётган ва ечимини топмаётган муаммолар ўрганилаётганлиги билдириб ўтилиб, қабул жараёнида фуқаролардан 5 нафарининг кредит маблағи ажратиш, иш стажини ҳисоблаш, тиббий кўрикдан бепул ўтказиш каби масалалардаги оғзаки мурожаатлари назоратга олиниб, белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш бўйича масъул ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда асосан ички йўлларни таъмирлаш, табиий газ, электр таъминоти ва бошқа масалалар юзасидан қилинган мурожаатларга жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Оммавий қабулда ҳудуддаги аҳоли қатнашиб, уларни қизиқтираётган саволлар, қийнаётган муаммолар юзасидан очиқ мулоқотлар ўтказилиши билан бирга уларга кундалик ҳаётида дуч келадиган муҳим масалалар бўйича кўргазмали тарғибот материаллари тарқатилди ва вазирликнинг "Ҳуқуқий ахборот" телеграм канали, бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, "Мадад" ННТнинг ҳудудий бюролари, мурожаат қилиш тартиби юзасидан тегишли маъмулотлар бериб ўтилди.

Дарҳақиқат, жорий йилнинг 19 октябрь ойидан бошлаб, вилоятда адлия ходимлари ва "Мадад" ННТнинг ҳудудий бюросидан иборат ишчи гуруҳ томонидан "Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга" шиори остида ҳуқуқий маслаҳат бериш ишлари янада жадаллаштирилиб, уйма-уй юриш орқали ҳудудлардаги ҳар бир маҳаллада аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қилиб, уларга тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали уларнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш мақсад қилинган бўлиб, бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

МУХЛИС МУЗАФФАРОВ,
Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими етакчи маслаҳатчиси