Адлия аралашгач қонун бузилиши амалиётига чек қўйилди
Хусусан, Олот туман давлат архивида чиқарилаётган буйруқлар ходимларга таништирилмасдан, уларнинг розилиги ва буйруқ билан танишганлиги ҳақидаги имзолари олинмасдан бошқа ишга ўтказилаётганлиги, меҳнат шартномаларини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш ҳақидаги буйруқларга ходим аризалари олинмасдан, ходимларни ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги баён қилинмасдан, уларга огоҳлантириш муддати берилмаган ҳолда меҳнат шартномалари бекор қилинаётганлиги ва ўзгартирилаётганлиги, таътил беришда ҳам қонунбузишларга йўл қўйиб келинаётганлиги, жумладан туман давлат архиви бошлиғининг 01.06.2020 йилдаги буйруғига асосан туман давлат архиви фонд-сақловчиси вазифасида ишлаб келаётган Р.Н. эгаллаб турган вазифасидан озод қилиниб, хўжалик гуруҳи архивчиси вазифасига ўтказилган. Мазкур буйруқнинг асосига Р.Н.нинг малака ошириш курсида бўлмаганлиги ва фонд-сақловчи вазифасига малакаси етишмаслиги асос қилиб кўрсатилган ҳамда буйруқ билан таништирилмасдан, унинг розилиги олинмасдан қолинган.
Ваҳоланки, Н.Р.ни малака ошириш курсига юбориш тўғрисида буйруқ ҳамда унинг фонд-сақловчи вазифасига нолойиқлиги тўғрисида комиссия хулосаси мавжуд эмас. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарори 28-бандида - ходимнинг нолойиқлиги ходимнинг бажариши шарт бўлган, топширилган ишни уддалай олмаётганлигини гувоҳлантирувчи аниқ фактлар (текширув актлари, бевосита раҳбарлик қилувчисининг билдириш хати, ҳисоботлар, аттестация ҳужжатлари ва ишнинг паст сифатлилигини, яроқсиз маҳсулот чиқараётганини, иш ҳажмини ҳамда ишлаб чиқариш нормасини бажармаётганлигини ва ҳоказоларни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар) билан тасдиқланиши лозим. Аттестация комиссиясининг хулосаси ходимнинг малакаси етарли эмаслигини тасдиқловчи далиллардан бири ҳисобланади деб белгилаб қўйилган.
Ҳолбуки, Н.Р. Бухоро вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи томонидан “Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил топганлигининг 100 йиллиги муносабати билан ҳамда кўп йиллик самарали меҳнати, архив ишини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, ижтимоий сиёсий ҳаётда фаол иштироки учун” фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.
Бундан ташқари, Меҳнат Кодексининг 92-моддасида, “Бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) — унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин”лиги белгиланган.
Худди шунингдек, Олот туман давлат архиви томонидан Н.Р.га 2019 йил мобайнидаги хизмат сафари харажатлари йўл кира хужжатлари йўқлиги баҳонасида ҳисобланмасдан пул маблағлари ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 171-моддасида хизмат сафарида кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда йўл харажатлари; доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар, ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар тўланиши лозим деб белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2003 йил 29 августда 1268-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси ичкарисидаги хизмат сафарлари тўғрисида”ги Йўриқноманинг 15-бандида, хизмат сафарига юбориладиган ишчига хизмат сафарига кетишдан олдин хизмат сафарига юборилган жойга бориш ва доимий яшаш, қайтиш билан боғлиқ йўл харажатлари чегарасида пул кўринишида аванс (бўнак) тўланиши кўрсатилган.
Шунингдек, Олот туман давлат архиви хўжалик гуруҳи хизматчиси Ж.З. билан тузилган меҳнат шартномасини 2020 йил 1 июлдан бошлаб бекор қилиш тўғрисида туман давлат архивининг буйруғи қабул қилинган бўлсада ходимнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризаси мавжуд эмас ва уни ишдан бўшатишда қонунда белгиланган икки ҳафталик муддат қўлланилмасдан уни ишдан бўшатиш ҳақида шошма-шошарлик билан туман туман давлат архивининг буйруғи чиқарилган. Ушбу буйруқда ходимни МКнинг қайси моддасига асосан ишдан бўшатилгани кўрсатилмаган. Худди шу турдаги камчилик туман давлат архиви бошлиғининг 20.01.2020 йилдаги туман давлат архиви хўжалик гуруҳи ҳисобчиси Қ.А.ни ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғида ҳам йўл қўйилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 107-моддасида “Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади. Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади. Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу Кодекснинг 87, 89, 97, 100, 105, 106-моддалари таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжатлар таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, Кодекснинг ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади” деб белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Олот туман давлат архиви таътиллар жадвалига риоя қилинмаганлиги, давлат архиви таътиллар жадвали асос қилиб кўрсатилмаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 ноябрдаги “2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-5875-сонли фармони 3-банди талабларига риоя қилинмаган яъни таътил 1 иш кунига қисқартирилмасдан тўлиқ берилганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 ноябрдаги “2020 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-5875-сонли фармони 3-бандида бюджет ташкилотларида ушбу Фармоннинг 1-бандида белгиланган қўшимча дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини бир иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланиши, Меҳнат Кодексининг 144-моддасида эса “Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиниши керак”лиги кўрсатиб ўтилган.
Юқоридагиларга асосан туман адлия бўлими томонидан Олот туман давлат архивига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома киритилди ва таъсир чораси натижасида мурожаат муаллифига хизмат сафари пуллари тўлаб берилиб, туман давлат архиви бошлиғининг 01.06.2020 йилдаги буйруғи бекор қилинди ва қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди.
УМИД ҲАМДАМОВ, Олот туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси