Юристлар малакасини ошириш марказининг филиаллари ташкил этилади
“Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (544-сон, 08.09.2020 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Юристлар малакасини ошириш марказининг (Марказ) Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудудий филиаллари ташкил этилади (юридик шахс ташкил этмаган ҳолда).
Касбий эҳтиёжлардан келиб чиқиб кадрлар буюртмачилари ва ходимларга малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имконияти яратилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Юристлар малакасини ошириш марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги низом;
- Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат таълим талаблари.
Ўқитиш давомийлиги қайта тайёрлаш курсларида 4 ой (576 соат)ни, малака ошириш курсларида эса 2 ҳафта (72 соат)ни ташкил этади.
Қарорга кўра, кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш ва ҳар бир ходимнинг малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси – электрон платформа ишлаб чиқилади.
Шунингдек, малака ошириш курси битирувчиларига электрон сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш мақсадида “Электрон сертификатлар репозиторийси” тизими ва дастурий таъминоти яратилади.