February 28, 2022

Диққат: 1 мартдан нималар ўзгаради?

Фото: «UzNews»

Ниқоб тақиш мажбуриятининг бекор қилиниши, оилавий тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва ЙҲХ инспекторлари томонидан ҳужжатларни сўраб олишнинг янги тартиби —шу ва бошқа ўзгаришлар жорий йилнинг баҳоридан кучга киради.

Norma.uz порталига кўра, 2022 йил 1 мартдан Ўзбекистонда миллий қонунчиликда қуйидаги асосий ўзгаришлар амалга ошади, дейилади «UzNews» хабарида.

УЖК хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация тўловлари жорий этилади

Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилади. Бунда, ҳар ойлик компенсация тўлови — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи (130 050 сўм) миқдорида тўланади.

Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи (289 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов белгиланади. Бунда, қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Яна 5 турдаги давлат хизмати my.gov.uz портали орқали онлайн кўрсатилади

Ҳукуматнинг 2021 йил 15 октябдаги қарори билан қуйидаги хизматлар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон шаклда кўрсатилади:

• Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;

• чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;

• судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;

• автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;

• жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.

Ёнида биометрик паспорт ёки ID-карта мавжуд ҳайдовчидан "права", техпаспорт, ишончнома ва суғурта полиси талаб этилмайди

Президент 2021 йил 30 ноябрда имзолаган қонунга асосан ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида қуйидаги ҳужжатларни олиб юриши талаб этилмайди:

• транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатлар;

• ишончнома;

• суғурта полиси.

Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ЙПХ ходими томонидан электрон тизим орқали мустақил текширилади.

Мева-сабзавотчилик кластерлари ва фермер хўжаликларига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш ҳаражатини 50 фоизи компенсация қилинади

Президентнинг 2021 йил 15 декабрдаги қарорига кўра, мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига — экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) — хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади

Президентнинг 2021 йил 21 декабрдаги қарорига биноан Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади.

2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.

Кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари мулкдорларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади

Президентнинг 2021 йил 31 декабрдаги қарорига мувофиқ, давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади:

• ер участкаларини обод ҳолда сақлаш;

• дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш;

• йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш;

• болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш;

• аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш.

Доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида бино, иншоот, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш ҳамда енгил конструкцияли объектларни ўрнатиш ва қуриш тақиқланади.

Чет тиллари ўқитувчиларининг малакасини оширилади

Улар учун малакали мутахассисларни жалб етган ҳолда курслар ташкил етилиб, чет тили ўқитувчиларининг ўқиш, ёзиш ва нутқ сўзлаш бўйича малакаларини оширилади.

Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар аъзоларига саёҳатларда чегирмаларни тақдим этилади

Ваколатли органларга 2024 йил 1 сентябрга қадар Олимпия ва Паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар аъзоларининг спорт мусобақалари ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишларини таъминлаш учун ҳудудлараро йўналишлар бўйича транспорт (темир йўл ва ҳаво) харажатларида чегирмалар тақдим этиш топширилди.

Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинади

Республика махсус комиссиясининг 23 февралдаги қарорига мувофиқ, 1 мартдан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинди. Жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади. Ҳукумат раҳбари шунингдек, ушбу қарорни ниқоб тақмаганлик учун фуқароларни жаримага тортишни ҳуқуқий жиҳатдан тўхтатиш учун зарурлиги билан изоҳлади.

Ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назорати кучайтирилади

Президентнинг 2022 йил 21 февралдаги қарорига биноан ер участкаларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини кучайтирилади:

• аҳоли ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича Бош прокуратура (1007 қисқа рақами) ва Кадастр агентлигига (1097 қисқа рақами) юборилган фотосурат ва видеоёзувлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиларига (кейинги ўринларда — ҳоким ёрдамчилари) ўз ҳудудида қурилиши бошланган ҳар қандай бино ёки иншоотларнинг қонунийлигини аниқлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, қурилиш ва кадастр органларига сўров юбориш ҳуқуқи берилади.