5 нафар ходимга компенсация пуллари тўлаб берилган, аммо...
Фуқаро А.Болтаев ва бошқа яна 4 нафар фуқароларнинг Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати томонидан уларнинг ишдан бўшаш нафақаси тўлиқ тўланмаганлиги юзасидан қилган мурожаат Қоракўл туман адлия бўлими томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра: “Кураш” миллий спорт турига ихтисослаштирилган спорт мактаби Бухоро вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан Қоракўл туман Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати балансига ўтказилган ва Меҳнат кодекси талабларига кўра мурожаатчи А.Болтаев ва бошқа яна 4 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати берилиб, ушбу даврда пуллик компенсация билан алмаштирилиши назарда тутилган ва мактаб-интернатнинг тегишли буйруғига кўра уларга икки ойлик пуллик компенсация тўловлари тўлаб берилган.
Бироқ, Кодекснинг 67-моддаси талабларига кўра: меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномасига биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга эканлигингиз инобатга олинмаган.
Шунга кўра, Қоракўл туман Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатига учинчи ой учун ҳам ишдан бўшаш нафақаси тўлаш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилиб, таъсир чора натижасида мактаб-интернати томонидан мурожаатчиларга нисбатан жами 4 212 793 сўм учинчи ой учун ишдан бўшаш нафақаси тўлаб берилиши таъминланди.
Воҳид ҲАЗРАТҚУЛОВ, Қоракўл туман адлия бўлими етакчи маслахатчиси