Прописка тизимини ислоҳ қилишда Президент ташаббуси
Бугун биз шиддат билан ўзгариб бораётган замонда яшамоқдамиз. Замонга мослашиш ва ўзгаришни амалга оширмаган жамият эса таназзул сари юз тутишига тарих гувоҳ. Шундай пайтлар ҳам бўладики, бунда жамият турғунликка юз тутади, тараққиёт сусаяди, ислоҳотлар эса кутилган самарасини бермайди. Бу ҳолатга аксарият ҳолларда ўз қобиғига ўралиб олган жамиятда намоён бўлиб, натижада бюрократик маконни ҳосил бўлади. Бюрократия илдиз отиши оқибатида эса коррупция, сансоларлик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик каби жирканяч иллатлар худди чирмовуқ каби жамиятдаги ёш авлоднинг келадагига даҳл қила бошлайди.
Дарҳақиқат, яқин кунларгача аҳолининг энг оғриқли муаммоларидан бири бу «Прописка» масаласи десак, муболаға бўлмайди. «Прописка» тизимидаги бюрократик ҳолатлар сабабли, шаҳри азим пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида прописка муаммоси мингларни қийнаб келиб, уларнинг ўз пулига уй сотиб олиб, уни пропискага эга танишларининг номига расмийлаштириб, ўзи ижара шартномаси билан турганлар қанча эди?! Ўз навбатида йил бошида ўтказилган тадқиқотларга асосан Ўзбекистон ички миграция даражаси бўйича дунёдаги энг паст (1,2 фоиз) кўрсаткичга эга давлатлар қаторида бўлиб, урбанизация жараёни мамлакатда 2009 йилдан буён турғун ҳолатда эканлиги ва бу ҳолат мамлакатнинг ривожига салбий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардан бири эканлиги маълум бўлди. Бунинг асосий сабаблари сифатида 2 та ҳолат қайд этилган:
1- Ҳуқуқий чеклов (прописка тизими)
2- Шаҳарлар ва қишлоқлардаги яшаш ҳаражатлари ўртасидаги катта тафовут (давлатдаги ўртача кўрсаткичдан, масалан, Тошкент шаҳрида яшаш 5,5 баробарга қадар юқори).
Шунга кўра, Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида юртбошимизнинг 2020 йил 22-апрелдаги "Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5984-сонли Фармони қабул қилинди.
Фармон асосида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилиши белгиландики, эндиликда «Прописка» тизимида рухсат бериш хусусиятидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади. Хабар бериш яъни аксарият ривожланган мамлакатларда бўлгани каби шунчаки фуқаро қаерда яшаётганини онлайн хабар қилиб қўяди, тамом. Давлат органидан махсус рухсат сўраш, бир дунё ҳужжат йиғиш шарт бўлмайди.
Фармонга мувофиқ
- «Прописка» тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига «рўйхатга олиш» тушунчаси киритилиши,
- пропискасиз ҳам иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат берилиши,
- пропискасиз фуқаролар мулк олганда тўлайдиган ўта қиммат давлат божлари ставкаси бекор қилиниши,
- эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланиши,
- иш жойидан доимий рўйхатга олинганлар ишдан кетгандан кейин ҳам пропискасини йўқотмаслиги,
- Тошкентда жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлиши,
- илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкинлиги,
- оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлиши,
- биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилиши,
- жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Тошкентда доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилиши,
- паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига прописка учун штамп босиш амалиётидан воз кечилиши ва бу рақамлаштирилиши,
- доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниши,
- солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси тақдим этилганда вақтинча рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмаслиги,
- рўйхатга олиш тартибини бузганлик Ўзбекистон фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмаслиги белгиланди.
Шунингдек, мазкур соҳани тартибга солиш мақсадида Президентимиз томонидан "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун ҳам имзоланди.
"Прописка" тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, албатта, Ўзбекистон аҳолисини эркин ҳаракатланиши, яшаш жойини танлаш, касб танлаш, мулк ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиш, оила, таълим олиш каби Конституцион ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланишида алоҳида ўрин эгаллаб, адолатли қарор бўлди десак муболаға бўлмайди.
БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи