September 4, 2020

АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ!

Мамлакатимизда хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувлардан ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлаб берадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган бўлиб, ҳудудий адлия органлари томонидан мазкур соҳада тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатларни жойида ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, Когон туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ тадбиркорлар вилоят адлия бошқармасига Когон туман ҳокимлиги томонидан уларга тегишли савдо дўконлари буздирилганлигини, бироқ компенсация тўланмаганлиги борасида норози бўлиб қилган мурожаатлари, адлия ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, тадбиркор фуқаролар М.Б., М.З., М.И., М.М., С.А., Т.З., Ҳ.Ш.ларга тегишли бўлган “Б.Нақшбандий” зиёратгоҳи ҳудудида жойлашган савдо дўконлари Бухоро вилоят ҳокимининг 2017 йил 22 майдаги “Бухоро вилоятидаги “Етти пир” зиёратгоҳи мажмуаларидан “Баҳоуддин Нақшбанд” ансаблини қайта реконструкция қилиш ҳақида”ги 111-сонли фармойишига билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи доирасида берилган топшириқлари ижросига асосан, “Баҳоуддин Нақшбанд” зиёратгоҳи реконструкция қилиниб, унинг ҳудудида замонавий лойиҳалар асосида марказий автотураргоҳ ва миллий ҳунармандчилик расталари қурилиши белгиланганлиги муносабати билан савдо дўконлари 2017 йил ноябрь ойида бузилган бўлсада, мулкдорларга тенг миқдорда ер участкаси ажратиш ва компенсация тўланиши масаласи ҳал этилмаган.

Ваҳоланки, ўша даврда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-бандига мувофиқ, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича - тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши, 8-бандига кўра, ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари: жумладан, фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш; бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш; ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш; фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бузилиши керак бўлган уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш; янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб бериш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарларни қоплаш йўли билан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 166-моддасига асосан мулк дахлсиздир ва қонун билан қўриқланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-336-сонли Қонунинг 7-моддасига асосан мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилиши белгиланган. Шунингдек, ушбу Қонунинг 17-моддасига асосан хусусий мулк бўлган мол-мулк национализация, мусодара ва реквизиция қилинмаслиги, хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилиши, мулкдор хусусий мулк бўлган мол-мулкини национализация, мусодара ва реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли кўрсатиб ўтилган.

Ўз навбатида, Когон туман адлия бўлими томонидан туман ҳокимлигига тадбиркорларга нисбатан давлат ва жамоат эҳтиёжлари олиб қўйилган савдо дўконлари учун компенсация амалга оширилиши кераклиги маълум қилиниб, тақдимнома киритилган бўлсада, бугунги кунга қадар Когон туман ҳокимлиги томонидан ушбу масала ижобий ҳал этилмасдан келинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 5 январда тасдиқланган “Адлия ва суд органларининг ҳамкорликдаги фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан Қўшма кўрсатма” талабларига асосан вилоят адлия бошқармаси томонидан ФИБ Когон туманлараро судига тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб, бузилган савдо дўконлари учун тенг миқдорда ер участкаси ажратиш ва компенсация тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво аризалари киритилиб, суднинг 27.07.2020 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан бузилган савдо дўконлари учун тенг миқдорда ер участкаси ажратилиши ва жами 292 595 313 сўм миқдордаги компенсация пуллари ундирилиши белгиланди.

АНВАР РЎЗИЕВ, Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими катта маслаҳатчиси