June 17, 2020

Адлия вазири Бухорода тадбиркорларни қийнаётган ҳуқуқий масалаларни ўрганмоқда

Пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга ва иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатор Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда фуқароларга, хусусан, тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар берилиши ва уларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Уларнинг ижросини ўрганиш мақсадида ҳозирда Адлия вазири Русланбек Давлетов Бухоро вилоятига хизмат сафарини амалга оширмоқда.

Хизмат сафарининг биринчи куни давомида вазир Жондор туманида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарор ижроси қандай таъминланаётганини Пўлоти МФЙда жойлашган иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи “Жондор қурилиш инвест” МЧЖ фаолияти мисолида ўрганди.

Маълумот учун: Корхона 2002 йил ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 174 нафар фуқарони иш билан таъминлаган.

Учрашув давомида тадбиркорлик субъекти раҳбари Нусрат Қосимовга қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилганлиги, 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилганлиги, солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриши, шунингдек, солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўрмаслиги, божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлигини текшириш амалиёти 2021 йил 1 январга қадар бекор қилинлиги юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва тадбиркор томонидан фаолиятини янада ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинди.

Учрашув якунида, тадбиркор билан инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати билан биргаликда маҳсулот етиштириб бериш ҳажмини янада ошириш ва янги иш ўринларини яратиш масалалари юзасидан ўзаро фикрлар алмашилди.