КОРРУПЦИЯ ВА МЕН
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Холқ таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар иттифоиқ томонидан 2019 йил 14 октябрда тақдимланган "Ёшларда коррупцияга ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танловини ўтказиш тўғрисида"ги қўшма қарорга биноан Бухоро вилоятида жорий йилнинг 2-10 ноябрь кунлари давомида карантин чекловлари инобатга олинган ҳолда белгиланган тартиб қоидаларга мувофиқ танловнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида, танловнинг биринчи босқичи 2 гуруҳ кесимида (1 гуруҳ-умумий ўрта таълим мактабларининг 8-11 синф ҳамда лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида; 2 гуруҳ - олий таълим муассасалари талабалари ўртасида) ўтказилиб, мазкур гуруҳлардаги биринчи босқичнинг 1-2-3 ўрин соҳиблари 2-босқич яъни вилоят босқичига йўл олишади.
Танловнинг илк босқичи “Коррупция ва мен” мавзусида туман ва шаҳар миқёсида ташкил этилиб, унда 2331 нафар ўқувчи ёшлар ва 641 нафар талаба ёшлар иштирок этиб, танлов натижасига кўра юқори ўринни эгаллаган 56 нафар иштирокчилар вилоят, яъни иккинчи босқичда иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар.
Иштирокчилар томонидан коррупциянинг фуқаролар, муайян шахс ҳаётига таъсири, қонунга итоаткорлик юксак қадрият ва коррупцияга қарши курашнинг асоси экани, қариндош-уруғчилик, порахўрлик, кўзбўямачилик, қонунга итоатсизлик ва жавобгарликдан қўрқмасликнинг салбий оқибатлари, коррупцияга нисбатан фуқаролик позицияси, хусусан, тоқатсизлик, муросасизлик ва унга бош қўшмаслик лозимлиги каби масалалар ёритилишига эътибор қаратилди.
Эндиликда танловнинг иккинчи босқичи вилоят адлия бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилиши, танлов ўтказилиши вақти вилоят адлия бошқармасининг расмий веб-сайти орқали эълон қилиниши режалаштирилган.
Бекзод Нишонов, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи