September 5, 2020

Судларга берилган даъволарни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш мумкин бўлади

“Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

📌 Қарор билан судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари белгиланди.

➡️ Жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

🔰 Қарор билан қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди:

🔸2021 йил 1 январдан судларда суд мажлисини тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

🔸2021 йил 1 июлдан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

🔸2021 йил 1 октябрдан барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

🔸2022 йил 1 январдан суд қарорларини тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

🔸2022 йил 1 июлга қадар судлар фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

🔸2023 йил 1 январдан суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

🔸судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.

✅ Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилади:

👉 давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

👉 манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

👉 суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

👉 суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

☑️ Шунингдек, 2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастур ишлаб чиқилади.