December 18, 2020

Судлар фаолиятида “Бир суд бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги тўрт йил ичида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни самарали таъминлаш, судлар мустақиллигини амалда таъминлаш бўйича бир нечта Фармон ва Қарорлар қабул қилинди, бундан ташқари суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, 2017-2021 йилларда мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам белгилаб қўйилди.

Асосий қонунимизнинг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши, “Судлар тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши, улар ўз фаолиятида фақат қонунга бўйсуниши белгиланган.

Ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим ва ажралмас белгиси - бу қонун устуворлиги ҳисобланади. Шунингдек, ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланиши асосий вазифа саналади. Ушбу йўлда судларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади.

Ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда илк бор судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил, навбатдаги ўн йил ҳамда муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий қилинди, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби такомиллаштирилди, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бу эса, жойларда ягона суд амалиётини шакллантиришга, судларнинг тарқоқлиги туфайли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, Фармон билан суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда судларда “Бир- суд, бир-инстанция” тизими жорий этилади.

Бу тамойил ҳалқаро тажрибада синалган, умумэътироф этилган дунёда энг мақбул суд тизими ҳисобланади. Бу тамойилга кўра, суд иш юритувига келиб тушган ҳар қандай иш уч босқичда якунига етади. Биринчи босқич-туманлараро, туман (шаҳар) судлари. Иккинчи босқич-апелляция (вилоят судлари). Учинчи босқич-кассация (Олий суд). Яъни, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилган. Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса умуман тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида фуқароларнинг сарсон бўлишининг олди олинади, ўзгаришлар туфайли фуқароларимизда ҳақиқат ва адолатга ишончи кучаяди.

Ушбу янгиликнинг жорий этилиши натижасида халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган, ўз номи билан одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилади ҳамда Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суд қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Фармондаги яна бир муҳим масала – судларда жиноят ишларини кўриш чоғида ишни суд мажлисида кўришдан аввал, инсон хуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда. Бизнинг одил судлов амалиётида бир пайтлар жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш институти бор эди ва судлов бир неча босқичда шундай хулосага келиши мумкин эди. Кейинчалик қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилингач, дастлабки тергов органи томонидан судда тузатиш имкони бўлмаган хатоликларга йўл қўйилиши кузатилар эди. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёни етти сутка ичида амалга оширилиши шу муддатдагина судья мазкур масалани узил-кесил ҳал этиши назарда тутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак” деб таъкидлаган эди. Айнан ушбу Фармон суд остонасига қадам қўйган ҳар бир фуқарода адолат борлигига қатъий ишонч ҳосил бўлиши учун хизмат қилишига ишонамиз.

Хулоса қилиб айтганда, “Бир суд бир инстанция” тамойили фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Хакимов Умиджон Хамидович Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси