November 16, 2020

Байроғимиз – фахру ғуруримиз

Ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида Давлатимиз байроғига нисбатан ҳурмат, эътибор, шунингдек ёш авлоднинг қалбида ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 16 ноябрь куни Қоракўл туманидаги 99233-сон ҳарбий қисмда 18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлиги муносабати билан "Байроғимиз – фахру ғуруримиз" мавзусида маънавий маърифий кеча ўтказилди.

Тадбирда туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси В.Ҳазратқулов сўзга чиқиб, давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири бўлмиш “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 29 йил тўлиш арафасида эканлигига тўхталиб, мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли эканлигини, давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар бир киши ёдда тутиши шартлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида давлат рамзларига оид савол-жавоб шаклидаги турли қизиқарли ўйинлар ўтказилиб, болалар турли эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тадбир якунида ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан туман адлия бўлимининг ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини оширишдаги ҳамкорлиги муносабати билан "Ташаккурнома" билдирилди.

ҚОРАКЎЛ ТУМАН АДЛИЯ БЎЛИМИ