Коррупцияга қарши курашиш—давр талаби
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши раиси томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан ҳудудий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда уни мониторинг қилиб бориш мақсадида Миллий кенгаш аъзолари ҳудудий кенгашларга бириктирилган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси рўйхатга асосан Бухоро вилоятига бириктирилган. Шу муносабат билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси ходимлари учун Коррупцияга қарши курашиш мавзусида семинар тренинг ўтказилди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий кенгаши котиби, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Садриддин Шаропов, вилоят Адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ашуров, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тартибга солинадиган нархлар ва тарифларни таҳлил ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Давлатов, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Нуриддин Жабборов, Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Файзулло Эргашев ҳамда Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси ходимлари иштирок этдилар.
Семинарда сўз олганлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан коррупция давлат ва жамият тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири эканлигини аҳоли ва давлат хизматчилари онгига сингдириш мақсадида, бошқарма, ташкилот ва муассасаларда 500 га яқин семинар ва давра суҳбатлари ўтказилгани қайд этилди. Аммо шунга қарамасдан, айрим раҳбарлар ва масъулларнинг ўз шахсий манфаатини жамият манфаатидан устун қўйиши ислоҳотлар йўлига тўсиқ бўлаётгани ҳам таъкидланди.
— Жумладан, қурилиш, аукционлар ўтказиш, давлат харидларини амалга ошириш каби фаолиятларни коррупциядан холи соҳага айлантириш, коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш, тизимга очиқлик ва шаффофлик принципларини жорий қилиш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлсада, ушбу соҳаларда коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар талаб даражасида эмас, соҳадаги айрим масъуллар бу иллатдан ҳалиям воз кечмаяпти, - деди вилоят Адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ашуров. —Шуни инобатга олиб, бугунги семинаримизни ушбу соҳаларда коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилиш учун ташкиллаштирилди.
Коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий кенгаши котиби, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Садриддин Шаропов томонидан ҳудудий кенгашнинг ташаббуси билан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасидаги энг фаол тарғиботчи” кўрик танлови жорий этилгани айтилди. Мазкур танлов ғолиблари ҳар йили “9-декабрь - Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида тақдирланиши белгилангани ҳам алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, чет давлатларнинг ҳарбий хизматларига кириш ва ёллангалик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининиг 154-1-моддасида жавобгарлик масаласи белгилаб қўйилганлиги хусусида тўхталиб ўтилди.