АДЛИЯ ТАДБИРКОРГА ДЎСТ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қулай инвестиция муҳити ҳамда кичик ва ўрта бизнес юритишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, коррупциянинг олдини олиш, тадбиркорликнинг йўлига ғов бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай бюрократик тўсиқларни баратараф этиш борасида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, адлия органлари томонидан ҳам "Адлия тадбиркорга дўст" лойиҳаси доирасида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, уларнинг муаммосини қисқа фурсатда ҳал қилиб бериш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Х. вилоят адлия бошқармасига шикоят билан мурожаат қилиб, "Сомонийлар" номли марказий маданият ва истироҳат боғида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини, боғ маъмурияти томонидан ер майдонини ижарага бериш ставкалари асоссиз равишда оширилаётганлигидан норози эканлигини маълум қилган.
Мурожаат адлия ходимлари томонидан ўрганилиб, "Сомонийлар" номли маданият ва истироҳат боғи ҳудудида фуқаро Х.Х. томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун аттракцион (карусел)лар учун 452 кв.м майдон эгаллангани, истироҳат боғи маъмурияти томонидан ижара ҳақи бино-иншоотларга нисбатан қўлланиладиган ставкада ижара суммаси ҳисобланаётганлиги аниқланди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 28-моддасида 4-бандида Ер участкалари ижарага берилганда ер учун ҳақ ижара ҳақи шаклида олинади. Ижара ҳақи ер солиғига тенглаштирилади деб ҳамда Солиқ кодексининг 433-моддаси 2-бандида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижарага берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади. Ер участкаларини ижарага олган жисмоний шахсларга нисбатан жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўловчилар учун белгиланган солиқ ставкалари, солиқ имтиёзлари, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби татбиқ этилиши белгиланган.
Шунга кўра мурожаат муаллифи билан “Сомонийлар” номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи ўртасида 2021 йил 26 март куни ижара шартномаси тузилиб, мазкур шартномада ижара тўлови тарафларнинг келишувига кўра 1 млн 364 минг сўм қилиб белгиланди.
АНВАР РЎЗИЕВ, Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими катта маслаҳатчиси