Жорий йилнинг 11 январь куни “Потребитель Бухара плюс” телеграмм каналида Бухоро шаҳар давлат хизматлари маркази биносида жойлашган касса хизмати учун йиғимлар бўйича мурожаатга РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Фуқароларга Бухоро шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни айнан мурожаатда кўрсатилган “Sharq baraka saxovati” МЧЖга тегишли тўлов агенти орқали амалга оширилиши мажбурий эмас, балки, хоҳишларига кўра ҳар бир фуқарода турли мобил иловалардан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд.
Шунингдек, тўловлар бинода жойлашган тўловларни электрон амалга оширувчи терминал, “SARPAY SERVICES” хусусий корхонаси кассаси орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳар давлат хизматлари маркази биносидан 10 метр масофада жойлашган Миллий банкнинг “Naqshband” bank xizmatlari ofisi, шунингдек, бино атрофидаги “Asaka” банки, “Trastbank”, “O‘zsanoatqurilish” банки, “Agrobank”, “Asia Alliance” банк ва “Ipak yo‘li” банклари ва бошқа банклар орқали ҳам тўловлар амалга оширилиши мумкин.
Мазкур мурожаатда кўрсатилган касса Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган очиқ электрон онлайн аукцияон натижасида ғолиб сифатида мазкур марказ ва “Sharq baraka saxovati” МЧЖ ўртасида тузилган ижара шартномасига асосан “UZPAYNET” МЧЖнинг тўлов агенти сифатида Давлат хизматлари маркази биносида жойлашган.
Ўзбекистон Республикасининг 01.11.2019 йилдаги “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида” қонунга кўра тўлов агенти — банк ёки тўлов ташкилоти билан тўлов хизматлари кўрсатиш учун агентлик шартномасини тузган, банк ҳисобланмайдиган юридик шахс ҳисобланади.
Мазкур қонунга кўра банклар ҳамда тўлов ташкилотлари тўлов хизматлари кўрсатишга доир агентлик шартномаси шартларига тўлов агенти томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президентиинг 2021 йил 24 июлдаги
ПФ-6269-сон “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорида чегирма қўлланилади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно).
Бухоро вилоят адлия бошқармаси фуқаролар, ОАВ, журналистлар ва блогерларни жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги фаолликларини қўллаб қувватлайди ҳамда бу борада қонун устуворлигини таъминлашда уларнинг кўмагига суянади.
Бухоро вилоят адлия бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими