Мониторинг натижасида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди

Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири бу қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий раҳбарликни амалга ошириш ҳисобланади. Шунга кўра доимий равишда Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати юзасидан ўрганиш ва мониторинг ишлари амалга оширилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, Когон шаҳар адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4652-сонли қарор ижросининг ташкил этилиши ҳолатини мониторинг асосида сўров йўли билан ўрганилганда, Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 15 июлдаги 167-сонли буйруғига асосан коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларни даволаш ишларини амалга ошириш учун Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бўлимлари негизида 100 ўриндан иборат госпитал бўлими ташкил этилганлиги, мазкур госпиталда рўйхатга мувофиқ жами 76 нафар тиббиёт бирлашмаси ходимлари жалб этилганлиги, бироқ махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови амалга оширилаётганда 76 нафар тиббиёт ходимларнинг 72 нафарига тўланиб, қолган 4 нафар ошхона ходимлари Ж.М., Р.Д., Б,Н., У.Д.,ларга тўланмаганлиги аниқланган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4652-сонли қарорнинг 1-бандида Коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган. Шунингдек, қарорнинг 2-бандида махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилган.

Шунга кўра, қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилди ҳамда фуқароларнинг манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судига иш ҳақига тенглаштирилган тўловларни ундириш юзасидан ариза киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига биноан Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасидан фуқаро Ж.М., Р.Д., Б,Н., У.Д.,лар фойдасига ҳисобланган, лекин тўланмаган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар бўйича 5 000 000 сўмдан жами 20 000 000 сўм миқдоридаги қарздорлик ундирилиши белгиланди.

НОДИР ҲОШИМОВ, Когон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси