November 28, 2020

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

Давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш барчамизнинг устувор вазифамиз ҳисобланади.

Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларида таъкидлаб ўтганларидек, “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.”

Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш борасида бир қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳар бир давлат органлари ва ташкилотлари ўз тизимида коррупцияни олдини олиш бўйича аниқ ҳаракатларни амалга ошириши, турли хавф-хатарларни баҳолаши улардаги коррупциявий омилларни минимал даражага тушириши белгиланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга қўра коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари этиб қуйидагилар белгиланган:

-                     Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

-                     Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

-                     Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

-                     Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

-                     Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.

Мазкур қонуннинг 12-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қуйидагиларни амалга оширади:

- коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

- коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этади;

- аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғиботга доир фаолиятни амалга оширади ҳамда мувофиқлаштиради;

- таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим ва тарбияга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ҳамда уларнинг лойиҳаларидаги коррупция учун шарт-шароитлар яратадиган қоидалар ва нормаларни аниқлаш мақсадида ушбу ҳужжатлар ва лойиҳаларнинг таҳлилини амалга оширади;

- коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради;

- коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

- коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Дастурларни ишлаб чиқиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2019 йил 12 февралдаги 52-ум-сон буйруғига асосан “Очиқ адлия” дастури қабул қилинди ва мазкур дастур адлия органларини фуқаролар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш имконини кучайтириб, дастурга асосан вилоят адлия бошқармаси ҳар чоракда бошқарма фаолияти юзасидан кенг жамоатчиликка ҳисобот бериб бормоқда ва шу орқали эътибордан четда қолаётган камчиликлар, қолаверса ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича бевосита жамоатчилик ёрдамига таянилмоқда.

Шунингдек, мазкур дастур доирасида “Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида ҳудудларда “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ташкил этилди.

Буйруқ доирасида Адлия вазири томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича республика махсус гуруҳига ахборот бериш ҳамда коррупция ҳақида билган ёки эшитган фуқароларни рағбатлантириш масаласи жорий этилди.

Қонун ижодкорлиги соҳасида 2020 йилнинг 9 ойи давомида бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Адлия вазирлигига жами 69 та таклиф киритилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жами 66 та (бошқармага 6 та, туман (шаҳар) адлия бўлимларига 60 та) қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун топширилган бўлиб, мазкур қарор лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан, ўтказилиб, 57 та қарор лойиҳаларига розилик имзоси қўйилди.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида аҳоли хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, унда коррупцияга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш, соҳага оид ҳуқуқий саводхонликни ошириш мақсадида вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизим ташкилотлари томонидан жами 704 маротаба тарғибот тадбирлари, шундан 311 маротабаси ОАВ орқали, 349 маротабаси жойларда оғзаки тарғибот тадбирлари ва 44 маротабаси кўргазмали тарғибот тадбирлари шаклида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида 2020 йилнинг 31 январ куни тасдиқланган “Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури”ги асосан вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларга ҳуқуқ ва ахлоқнинг илк тушунчаларини ўргатиш борасида жами 52 маротаба тарғибот тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.

Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилоят кенгаши томонидан 2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастури имзоланган бўлиб, унга кўра таълим муассасаларида ёшларни билим даражасини янада ошириш, уларни амалиётга жалб этиш ҳамда илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 ташаббус юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бундан ташқари, хусусий секторда фаолият юритадиган фуқаролар учун ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида бошқарма ходимлари раҳбарлигида БухДУ талабалари ҳамда Бухоро вилояти юридик коллежининг ўқувчиларидан иборат “Ёш ҳуқуқшунослар” тарғибот гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан режа-графикка асосан аҳоли хусусан ёшларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган «Street law» (Кўча ҳуқуқи — оддий ҳуқуқ) лойиҳаси доирасида акциялар ўтказилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 2-21 ноябрь кунлари 2019 йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг 1-8/05-1623/8, 50ҚҚ, 49-ҚҚ, 50-ҚҚ, 40-ҚҚ-сон “Ёшларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танловини ўтказиш бўйича” қабул қилинган қарори талабларидан келиб чиқиб ёшларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танлови бўлиб ўтди.

Мазкур танловда жами 3000 га яқин ўқувчи ва талабалар иштирок этган бўлиб, танловнинг биринчи босқичида ғолиб бўлган жами 56 нафар иштирокчи танловни давом эттириб, вилоят босқичи жами 6 нафар номзод ғолиб бўлиб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар ўз вақтида етказилишини ва дарҳол ушбу ҳолатларни аниқлаш, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида “@antikorbot” номли махсус бот яратилди. Мазкур бот ҳақидаги эълонлар вилоятимизнинг барча ҳудудларига етказилиб, телевидения орқали махсус роликлар намойиш этилди.

Шунингдек, нотариат тизимида юзага келаётган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун тўловларни (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат) электрон мобил иловалар (UPAY, Click, PAYME) орқали тўлаш, автоматик тарзда хизматлар учун нархларни шакллантириш тизими, давлат нотариал идоралари ходимлари томонидан коррупцияни олдини олиш мақсадида СМС информатор дастури ишга туширилди.

Бундан ташқари, ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимлари – Фойдаланиш бўйича халқаро талаблар ва тавсиялар” халқаро стандарти талаблари ва тавсияларини инобатга олган ҳолда:

- адлия органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган асосий талаблар ва тамойилларни белгилаш, жамиятда коррупцияга қарши курашиш маданияти даражасини ошириш учун адлия органлари ва муассасаларининг юқори ахлоқий меъёрларга содиқлигини, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари томонидан ўз фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик ва бу борада самарали тизимни шакллантириш мақсадида 2020 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 42-ум-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини белгилаш тўғрисида”ги;

- адлия органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этилишига йўл қўймаслик ва бу борада самарали тизимни шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 43-ум-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги;

- адлия органлари ва муассасалари фаолиятида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, олдини олиш ва тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 44-ум-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги;

- адлия органларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, бартараф этиш, мониторинг қилиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитиш ишларини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 45-ум-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, бартараф этиш, мониторинг қилиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитиш ишларини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруқлари қабул қилинди.

Мазкур буйруқлар ижроси доирасида Адлия органлари ва муассасаларининг бўш иш жойларига номзодларнинг, ходимларнинг уларни лавозимга тайинлаш ва ротация қилишда манфаатлар тўқнашувини дастлабки тарзда ошкор қилиш Кадрлар бўлимига маълумотнома-объективка ва маълумотлар (яқин қариндошлар, алоқадор шахслар, устав капиталида ходим ёки унинг яқин қариндошларининг улуши бўлган юридик шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотларида ходимнинг ва (ёки) унинг раҳбарлик лавозимларини эгаллаб турган яқин қариндошларининг иштироки ўрганилмоқда.

Номзодларнинг ишга қабул қилинаётганида манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги ёки йўқлиги ҳолати ўрганилмоқда.

Шунингдек, 2020 йил 24 март куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 68-ум-сон “Адлия органлари ва муассасаларида кадрлар сиёсатини белгилаш ва кадрлар билан ишлаш соҳасига оид ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди ва бошқарма ҳамда тизимдаги барча муассасаларга ишга қабул қилиш жараёни меритократия, очиқлик ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказилмоқда ҳамда танловлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида онлайн тарзда узатилиб, жамоатчилик вакиллари иштироки таъминланмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Адлия вазирлиги Ўзбекистонда давлат бошқарув органлари орасида биринчи бўлиб Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини жорий йилнинг сентябрь ойида қўлга киритди. Ушбу сертификат вазирлик фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олади. ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификати коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда коррупция хавфини камайтиришга йўналтирилган мақбул ва аниқ мезонли чора-тадбирларни назарда тутади. Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими халқаро стандарт талабларига мувофиқ ички ҳужжатлардан ташкил топган бўлиб, у бутун Вазирлик тизимининг доимий назорат остида бўлишини таъминлайди.

Ушбу мувофиқлик сертификати Адлия вазирлигида коррупцияга қарши курашиш тизими халқаро стандартга мувофиқ тўғри йўлга қўйилганини тасдиқлайди ҳамда келажакда аҳоли ва хорижий ташкилотлар билан алоқаларни ва ўзаро ишончни янада ривожлантиришга олиб келади.

Адлия органларини “Коррупциясиз соҳа”га айлантириш энг асосий мақсад. Лекин бу осон иш эмас. Бу ишда тартиб, қатъийлик принципиаллик бўлмас экан коррупцияга қарши курашиш баландпарвоз гап бўлиб қолаверади.

Шу сабабли биз коррупцияга қарши курашишда аниқ режа асосида иш олиб бораяпмиз.

КАДРЛАР БЎЛИМИ