Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилади
“Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Президент қарори (ПҚ–4817-сон, 02.09.2020 й.) қабул қилинди.
📝 Қарор билан Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг ташкилий тузилмаси ҳамда Қўмита марказий аппарати тузилмаси ва ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси тасдиқланди.
💼 Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари штат бирликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимининг 30 нафар, Ипакчилик илмий тадқиқот институтининг – 15 нафар, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг – 20 нафар, Бухоро чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий ишлаб чиқариш марказининг – 23 нафар штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.
☑️ Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари Бош вазир тақдимномасига биноан Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
📋 Қарорга мувофиқ, қоракўлчилик кластерлари ва Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси таркибига кирувчи тадбиркорлар томонидан 2021-2022 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати шакллантирилади.
Қўмита 2021 йил 1 июлга қадар:
- кластерлар ташкил қилиш ва уларга яйловларни ижарага бериш учун ташаббускорларни, шу жумладан, чет эллик тадбиркорлар орасидан танлаб олади;
- иштирокчиларнинг кластерлар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича аниқ мажбуриятларини белгилаган ҳолда, ташаббускорлар ҳамда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти билан шартномалар тузади;
- кластер иштирокчилари ўртасида кооперация алоқалари ўрнатилишини таъминлайди;
- олис чўл ҳудудларида майда шоҳли наслдор молларни суғориш учун мавжуд иншоотлар (тик ва шахтали қудуқлар)ни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш бўйича 2021 йилга мўлжалланган дастурни тасдиқлайди.