June 23, 2020

Хушёрлик ва огоҳлик – давр талаби!

Мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги оммавий коммуникация технологияларининг шиддат билан ривожланиб, интернет тармоқларидаги xизматлардан фойдаланувчилар орасида ёшларнинг тобора ортиб бориши, бу борада ҳар биримизни янада ҳушёрроқ ва огоҳ бўлишимизни талаб этмоқда. Хар бир нарсани ижобий ва салбий томони бўлганидек, ижтимоий тармоқлар ҳам яхшиликка ёки ёмонликка хизмат қилиши мумкин. Бизнинг вазифамиз уни эзгу йўлда хизмат қилдириш чораларини кўриш, унинг зарарларидан чеклашга ҳаракат қилишдир. Бугунги юртимизда ва узоқ-яқин минтақаларда юз бераётган воқеаларни инобатга оладиган бўлсак, ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган ғаразли кучлар ҳам интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётгани ва бундай интилишларнинг қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, ахлоқ нормаларига тўғри келмайдиган турли бузғунчи ғоялар билан бир қаторда динни тарғиб қилувчи ва у орқали жамиятда тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга, ўзаро адоват ва тўқнашувларга сабаб бўладиган ғояларни сингдиришга мойил бўлган миссионерлик ва прозелитизм каби салбий ҳолатларни кўришимиз мумкин.

Ҳаммамизга маълумки, юртимизда амалдаги конунчиликка биноан ҳар қандай инсон ўзи хохлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган бўлиб, бу фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқидир. Фуқароларнинг динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олиш ўз ихтиёри билан амалга оширилади. Бироқ, диний бағрикенглик бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар ва бошқа миссионерлик фаолияти билан шуғулланиш мумкинлигини англатмайди. Аксинча амалдаги қонунчиликка биноан миссионерлик ва прозелитизм фаолияти тақиқланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 216-2-моддасига асосан Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиб, бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар (прозелитизм) ва бошқа миссионерлик фаолияти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунга карамай, баъзи бир диний гуруҳлар ҳозирги ахборот технологиялари давридан фойдаланган ҳолда аҳоли айниқса ёшлар орасида ғаразли фаолиятларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Ноқонуний фаолиятнинг объекти нафақат мамлакатнинг мусулмон аҳолиси, балки кичик насроний ва бошқа динларнинг вакиллари ҳам ҳисобланади.

Ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, дўстни душмандан ажратишга қодир бўлган, иймон-эътиқодли, миллий ва умуминсоний қадриятлар рухида тарбиялаб, бой тарихимиз ва улуғ аждодларимиз ҳақида уларнинг хабардорлик даражасини оширишга эътибор қаратмас эканмиз, биз ўзгалар томонидан динни тарғиб қилиш орқали терроризм, экстремизм, диний адоват, оила институтига беписандлик, қонунчиликка ва кўп асрлик миллий урф-одатларимизга риоя қилмаслик каби салбий таъсир кўрсатилишига йўл қўйиб ва ёшларимизнинг порлок келажагига путур этказишимиз мумкин".

Ўз навбатида юртимизда тегишли органларимиз томонидан ҳам медиа майдонидаги турли бузғунчи ғояларни тарғиб қилувчи контентларни аниқлаш ва таҳлил қилиш, жамиятда радикал ғоялар тарқалишига қарши чора-тадбирлар самарадорлигига эришиш, экстремизм ғояларининг таъсирини бартараф этиш, бундай бузғунчи ғояларини тарқатаётган ижтимоий тармоқлар саҳифаларини ва сайтларни аниқлаш ҳамда уларни аҳолига таъсирини олдини олиш борасида идоралараро ҳамкорлик амалга оширилиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда энг муҳим вазифамиз ўсиб келаётган ёш авлодни диний-миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар қалбида ўз ҳалқи, ватанига меҳр- садоқат туйғусини кучайтириш, уларни ҳар хил бузғунчи кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиш ва муносиб ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг устувор вазифамиздир.

БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи