April 8, 2021

Ижро интизоми бўйича семинар ўтказилди

Жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, биринчи навбатда, давлат ҳокимиятининг барча бўғинларида ижро интизомининг зарур даражада ташкил этилишига боғлиқ.

Шунга кўра Бухоро давлат университетида кичик мажлислар залида бугун,
8 апрель куни университет раҳбар ходимлари учун вилоят адлия бошқармаси, Юристлар малакасини ошириш маркази ҳудудий филиали ходимлари томонидан Ижро интизоми - давр талабимавзусида семинар ўтказилди.

Семинарда дастлаб бошқарма масъул ходими М.Музаффаров сўзга чиқиб сўнгги йилларда барча соҳалар қатори, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини, ижро интизоми бўйича айниқса Вазирлар Маҳкамаси 1999 йил 12 январда қабул қилинган “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 12-сон қарори муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, мазкур қарор талаблари асосида иш юритиш ва ижро интизомини таъминлаш бугун ҳам кун тартибидаги долзарб масала бўлиб турганлигига урғу бериб ўтди. Шунингдек маъруза давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги «Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-5017-сон фармойиши ва 2018 йил 5 октябрдаги "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-3962-сон қарори ҳамда 2021 йил 10 февралдаги "Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6166-сон Фармони мазмун моҳияти ва аҳамияти юзасидан тўхталиб ўтди.

Шунингдек, семинар давомида мутахассислар томонидан университетда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари ижросини «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими асосида ташкил этилиши тўғрисида батафсил тушунтириш бериб ўтилди.

Кун тартибидаги кейинги масала юзасидан Юристлар малакасини ошириш марказининг ҳудудий филиали масъул ходими С.Ҳайитов томонидан Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятига тўхталиб, эндиликда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юрисконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими такомиллаштирилиб, ҳудудлардаги эҳтиёж филиал масъул ходими томонидан ўрганиб борилиши ҳақида маъруза қилди.

Тадбир якунида иштирокчилар тарғибот ишлари бўйича мавжуд муаммолар юзасидан ўз саволларига саволларига тегишли жавобларни олишиб, соҳани ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими