“Депутат аёллар клуби” иш бошлади

Жорий йилнинг 23 декабрь куни вилоят Касаба ташкилотлари бирлашмаси биносида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши қошидаги “Депутат аёллар клуби” очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши партия ташкилотлари ходимлари, шаҳар адлия бўлими вакиллари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига ЎзМТДПдан сайланган депутат аёллар, партия фахрийлари ҳамда фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъсис этилган клубнинг мақсади барча даражадаги аёл депутатларнинг мулоқот ва тажриба майдонини яратиш ҳамда ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлардаги аёл депутатларга “Устоз-шогирд” анъанасига кўра, ҳудудлардаги “Аёллар қаноти” фаоллари бўлган хотин-қизларни бириктириш орқали сиёсатчи аёлларнинг янги авлодини тарбиялашдан иборатдир.

Тадбирда дастлаб сўз олган партия вилоят Кенгаши раиси Махсуд Муҳаммедов мамлакатимизда хотин-қизлар, оила, оналик ва болалик, тазйиқ ва зўравонлик, гендер масалалари борасида мавжуд муаммоларни тизимли ҳамда манзилли ҳал этиш, шунингдек жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масалаларига тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи Абдурахимходжа Бафаев сўзга чиқиб, “Хотин-қизлар ижтимоий ва ҳуқуқий маданиятини оширишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзусида маъруза қилиб, хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, хотин-қизларга оид қонунчиликларнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу борада хотин-қизлар масаласи билан бевосита фаолият юритувчи Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кераклиги тўғрисида ўз таклифларини билдирди.

Тадбир давомида сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП депутати Абера Ҳусейнова, “Гендер тенгликнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида сўз юритиб, вилоят Кенгаши қошидаги “Депутат аёллар клуби” нинг очилиши ниҳоятда ўринли бўлгани, мазкур клуб депутат аёллар ҳамжиҳатлигини таъминлашда, ўзаро фикр ва тажрибалар алмашинилишида аҳамиятли саналиши билан бир қаторда жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш каби мураккаб масалаларни депутатлар ҳамкорлигида ҳал этилишида ҳам муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек у ўз сўзида, гендер тенглик масаласи биргина давлат ҳамда жамоат тузилмалари зиммасига юклатилган вазифа эмас, гендер стратегияси бу борадаги мақсадли вазифаларни умумлаштириб, ўзаро уйғунлаштиришга имкон беришини ҳам айтиб ўтди.

Шунингдек, тадбир давомида “Депутат аёллар клуби”нинг стратегик Йўл харитаси белгилаб олинди ва Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, таълим олишларида кўмаклашиш, одам савдоси, зўравонликдан жабр кўрган, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда Республика «ISTIQBOLLI AVLOD» ижтимоий-ахборот маркази вилоят бўлими билан ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

АБДУРАХИМХОДЖА БАФАЕВ,
Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи