September 7, 2020

САХОВАТ ВА КЎМАК СОЯСИДА

Барчамизга маълум, коронавирус пандемияси даврида аҳолининг кенг қатламлари, хусусан кунлик даромад топиб келган оилалар аҳволи анчагина қийинлашиб қолди. Шу маънода юртимизда карантин таъсириниюмшатиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида бир қатор ибратли ишлар амалша оширилди. Бунда нафақат давлат идоралари, балки тадбиркорлик субъектлари ва бошқа саховатпеша инсонлар фаол иштирок этиб, савобли ишга қўл уришди. Кимдир пул маблағлари билан ёрдам берган бўлса, кимдир озиқ-овқат маҳсулотлари, яна кмдир дори-дармон етказиб берди. Албатта, халқимизда “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқ” деган доно нақл бор. Аммо ҳамманинг ҳам биров томонидан берилаётган моддий ёрдам ёки озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиб олишга орияти ва ғурури йўл қўймайди. Шу маънода бу тадбирлдарнинг давлат томонидан марказлашган тартибда ва энг асосийси беминнат бўлиши муҳим аҳамият касб этиб, саховатнинг манзилли тарзда, яъни ҳақиқий эҳтиёжманд кишиларга бориб етишига хизмат қилади.

Сир эмас, сентябрь ойида мактаб таълими бошланиши муносбати билан болажонларнинг мактабга қатнашлари, бунинг учун эса тегишли ўқув қуроллари ва кийим-бош талаб қилиниб, буларнинг барчаси охир оқибат харажатга бориб тақалади. Лекин, халқнинг дардидан яхши хабардор ва доим унга ғамхўрлик қилиб келаётган юртбошимиз томонидан коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, навбатдаги қарорни қабул қилинди.

Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4815-сонли қарори қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этиб, жорий йил сентябрь ойида аҳолининг моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига; боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига; ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланиб, бунда бир марталик моддий ёрдам миқдори ҳар бир 16 ёшга тўлмаган бола учун 500 минг сўм этиб белгиланган.

Шу билан бирга, қарор билан республикадаги барча мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ходимларини марказлашган тартибда 2020 йил 1 октябрга қадар бепул гриппга қарши эмлаш ҳақидаги таклиф маъқулланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир таълим ва соғлиқни сақлаш муассасасига борган ҳолда ходимларни эмлаш ўтказишни ва тегишли соғлиқни сақлаш муассасаларини вакцина ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш чораларини кўрилиши белгиланган.

Қарорнинг ўзида бу тадбирлар устидан назорат олиб бориш ва шахсий масъулиятнинг белгиланиши албатта моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандлари сонига мутаносиб равишда моддий ёрдам пуллари берилишига кафолат бўлиб хизмат қилади. Зеро, мурғак ва шикаста қалбларни кўтариш ҳамда хайр саховат ва бир-бирига ёрдам қўлини чўзадиганлар ҳеч қачон кам бўлмайди, аксинча уларга барака ҳамроҳлик қилади...

МАҲБУБА МАҲКАМОВА, Бухоро шаҳар адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси