КИМОШДИ САВДОСИ НОМИГА...МИ?
Бухоро шаҳар адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2019 йилдаги "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси мониторинг қилинганда, «YERELEKTRON» ААТга жами 90 та ер участкаси киритилганлиги, шундан 20 таси аукционга қўйилганлиги, 6 таси аукционда хат билан қайтариб олинганлиги, 26 таси рад қилинганлиги, 19 таси тизимга киритилган ҳолатда эканлиги, қолган қисми архитектурага режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилаётганлиги ҳамда ваколатли идоралар билан келишувда турганлиги аниқланди.
«YERELEKTRON» ААТ тизимига киритилган 9 та ер участкаси ўрганилганда, бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан, Бухоро шаҳар, Чорбахосса МФЙда жойлашган 0.0072га ер майдонидан иборат ер участкаси 20.11.2020 йилда тизимга киритилган, бироқ ер участкасини топографик харитада жойлаштириш режаси, чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган схема, ер участкасини камида 2 томондан ўраб турган объектларнинг фотосурати ва хатлов натижасига кўра тузилган далолатнома тизимга киритилмаган.
Худди шундай камчиликлар яна 7 та ер участкасида такрорланиб, ҳолат юзасидан Бухоро вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат корхонасига тақдимнома киритилган бўлишига қарамасдан, мазкур камчиликлар бартараф этилмаган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2019 йилдаги "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган "Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 11-бандида «YERELEKTRON» ААТга жойлаштириладиган ҳар бир ер участкаси ҳақидаги маълумотлар, хусусан, ер участкаси, жумладан, унинг майдони (гектарда), ер участкасининг ер фонди тоифаси, мавжуд мажбуриятлар ва бошқалар ҳақида қисқача маълумот, ер участкасини топографик харитада (координатали нуқталари билан), бундай харита бўлмаган тақдирда — электрон харитада ер участкасининг чегаралари ва манзилларини (аҳоли пункти ва кўчалар, кўча бўлмаганда эса мавжуд объектдан метр ҳисобидаги масофа кўрсатилади) М 1:500 дан М 1:1000 ча бўлган катталикда кўрсатилган ҳолда тегишли форматда (geojson, arcgis JSON, csv, kml ва бошқалар) жойлаштириш режаси; чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема;ер участкасини камида икки томондан ўраб турган объектларнинг фотосурати (15 х 20 см) киритилиши шартлиги қайд этилган.
Шунга кўра, Бухоро шаҳар адлия бўлими томонидан Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи номига Бухоро шаҳар "Ермулккадастр" давлат корхонаси раҳбарининг юқорида кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракатларида МЖтКнинг 215-5-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мажудлиги сабабли жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш юзасидан таклиф киритилди.
Абдураҳимхўжа БАФАЕВ Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи