Сайёр қабул: муаммо ва ечим
Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми ва усуллари жорий этилгани мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди. Одамларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш юртдошларимизнинг адолатга, давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
Хусусан, адлия ходимларининг мурожаатларни жойига чиққан ҳолда, сайёр қабуллар орқали қабул қилиш амалиёти кенг йўлга қўйилганлиги халқимизнинг адлия идораларига нисбатан ишончини ортиб боришига сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Тойиров томонидан аҳоли мурожаатларини эшитиш ҳамда уларнинг муаммоли масалаларига амалий ечимини топишда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Вобкент туман Хўжаработ МФЙда карантин тартибига риоя этган ҳолда сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда 20 га яқин фуқаролар иштирок этди. Тадбирда адлия ходимлари томонидан янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кўргазмали материаллари асосида тушунтириш билан бирга, фуқаролардан уй-жой қуриш учун ер ажратиш, йўл, ичимлик суви, электр ва газ таъминоти масалалари юзасидан жами 10 та мурожаат бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва ўрганилиши вақт талаб этиладиган 3 та мурожаат тегишли тартибда назоратга олинди.
Мухтасар айтганда мазкур сайёр қабул давомида фуқароларнинг дарду ташвишлари эшитилди ҳамда вақт ва ўрганиш талаб этиладиганлари ижроси бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.
МУХЛИС МУЗАФФАРОВ, Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими етакчи маслаҳатчиси