Солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди
Қоракўл тумани Чекирчи МФЙ, Пойкент кўчасида яшовчи фуқаро М.С.нинг туман солиқ инспекцияси томонидан унга нисбатан асоссиз қарздорлик чиқарилганлигидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига pm.gov.uz орқали қилган мурожаати вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида фуқаро М.С.нинг марҳум турмуш ўртоғи А.С.томонидан ўзбошимчалик билан қурилган Қоракўл тумани Дўстлик МФЙ, Файзобод кўчасидаги умумий ва қурилиш майдони 268,2 кв. метр ер майдонидан иборат икки қаватли савдо дўкони тегишли тартибда фойдаланишга қабул қилинмаганлиги ҳамда кадастр органларида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги, шунингдек, ушбу савдо дўкони фуқаро М.С.га мерос сифатида ўтмаганлиги, шу билан бирга, фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг 02.08.2019 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан фуқаро М.С.га ушбу икки қаватли савдо дўконини бузиш ва эгаллаб олинган ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш мажбурияти юклатилганлиги, бироқ, фуқаро М.С.га мерос сифатида ўтмаган ва суднинг қарорига асосан буздирилиши белгиланган мазкур савдо дўконига нисбатан Қоракўл тумани Давлат солиқ инспекцияси томонидан тўлов хабарномага асосан 11 534 117,4 сўм солиқ қарздорлиги ҳисобланганлиги ва фуқаро М.С.дан талаб қилинганлиги аниқланган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 87-моддасида жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти мазкур шахс вафот этганда ва уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда тугатилиши, вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ушбу Кодекснинг 94-моддасида белгиланган тартибда мерос мол-мулкнинг қиймати доирасида меросхўрлардан ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Кодекснинг 94-моддасида солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини лозим даражада бажармаганлик учун унга ҳисобланган пенялар ва жарималар суммаси ундирилиши умидсиз суммалар деб эътироф этилиши, ушбу жисмоний шахснинг солиқлар бўйича узилмай қолган қарзи вафот этган шахснинг мерос қилиб олинадиган мол-мулкини мерос қилиб олиш тартибида қабул қилиб олган унинг меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида ва унинг (уларнинг) меросдаги улушига мутаносиб равишда, ушбу модданинг қоидаларини инобатга олган ҳолда узилиши, меросхўр бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилиши, умидсиз солиқ қарзи солиқ органлари томонидан ҳисобдан чиқарилиши лозимлиги кўрсатилган.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан Қоракўл тумани Давлат солиқ инспекциясига аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ҳамда келгусида уларга йўл қўймаслик бўйича тақдимномада киритилиб, 11 534 117,4 сўм солиқ қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиши таъминланди.
АНВАР РАҲМАНОВ, Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бош маслаҳатчиси