Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям!
Давлат ва жамият ҳаётидаги кейинги ислоҳотларга Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар пойдевор бўлиб хизмат қилиши зарур.
Жумладан, умумхалқ муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасида таклиф этилган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат суверинетети, халқ ҳокимиятчилигини, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик органлари ваколатларини янада аниқ ажратришни, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, қонунчилик ташаббуси ҳамда суд-ҳуқуқ ва таълим-тарбия, ижтимоий ҳимоя бошқа соҳаларга оид бўлиб, 64 та моддага 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш, 6 та янги модда билан 16 та янги норма қўшиш назарда тутилган.
13-моддага киритилаётган ўзгартишлар мисолида олсак, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланмоқда.
Ёки 24-моддада Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланиши белгиланмоқда.
Ҳаёт инсон учун энг олий неъмат. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсон учун ажралмас ҳуқуқ ҳисобланади. Шу сабабли, инсонни ҳаётдан маҳрум қилиш ҳеч қанақасига мумкин эмаслиги, ҳаттоки жиноий қилмиш учун жазо сифатида ҳам ўлим жазоси қўлланилиши мумкин эмаслиги Конституция даражасида белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликда ҳам ўлим жазоси мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосининг бекор қилиниши тарихи 2008 йилга бориб тақалади.
Яшаш ҳуқуқи шахс туғилганда вужудга келади ва унга дахл қилишни ҳеч қандай асосга кўра ҳам оқлаб бўлмайди.
Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси тегишли моддаларида одам ўлдириш жинояти учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, бунинг учун ҳатто умумурбод озодликдан маҳруҳ қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
“Ўлим жазосининг тақиқланади,”- деган жумлани Конституцияга киритилиши, айрим оғир жиноятларнинг, хусусан коррупцион жиноятларнинг олдини олиш мақсадида ўлим жазосини тиклаш керак деган баъзи назарий қарашларга узил кесил чек қўйиш билан бирга шахснинг яшаш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда инсонпарварлик тамойилларининг Конституцияда яна бир бор мустаҳкамланаётганлигини англатади.
Конституцияга фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таʼминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар киритилмоқда.
Бугунги кунда энг актуал мавзулардан бири бўлган уй-жой дахлсизлиги, хусусан
уй-жойларнинг ноқонуний бузилиши каби низоли масалаларга чек қўйиш мақсадида 27-моддада ҳеч ким уй-жойдан суднинг қарорисиз маҳруҳ қилинишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад эса, мулк дахлсизлигини яна бир бор Конституция даражасида мустаҳкамлаш бўлиб, амалиётда мансабдор шахслар қарорига асосан уй-жойларнинг бузилиши ва бунинг натижасида фуқароларга етказилиши мумкин бўлган моддий ва маънавий зарарни олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан бири шахсий ҳаёт дахлсизлигини янада мустаҳкамланаётганлигида намоён бўлади.
Жумладан Конституциянинг 25-моддасига шахс суд қарори қабул қилинмагунича
48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслигига оид тўғридан тўғри амал қилувчи жумлалар киритилмоқда.
Киритилаётган қўшимчаларга кўра агар ушлаб туриш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак.
Ушбу каби нормаларнинг Жиноят протсессуал кодексида мавжудлигига қарамасдан Конституцияда айнан таъкидланиши, биринчидан давлат томонидан фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашга жуда жиддий эътибор қаратилаётганлигини англатса, иккинчидан фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини танишини осонлаштиради.
Чунки, фуқаролар Конституциясини билиш орқали ўз ҳуқуқларини тушуниб олади, бошқа қонун ҳужжатини қидиришга зарурат қолмайди.
Шу сабабли ҳам тўғридан тўғри амал қилувчи нормаларнинг киритилиши Конституцияни ўқиган инсонга аниқ тушунча ҳосил қилиш учун енгиллик беради.
Бундан ташқари, 26-моддага кўра айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Конституциядаги шахсий ҳаёт даҳлсизлиги билан боғлиқ юқоридаги кафолатлар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига чуқур эътибор қаратилаётганлигини англатади ва қонун ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Юқоридаги каби 200 дан ортиқ ўзгартишлар асосида аҳолининг фаровон ҳаёти, инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятлар устуворлиги, халқ ҳокимиятчилигини таъминлаш, давлат идораларининг халқ олдида маъсуллигини ошириш, адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсад қилинган.
Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, Конституциясига ўзгартиришлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки Ўзбекистон Республикасининг референдуми билан киритилади.
С.Искандаров ,Бухоро вилоят адлия бошқармаси масъул ходими