April 12, 2021

Бухоро вилоят адлия бошқармасида Матбуот анжумани ўтказилди

Юртимизда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу маънода оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият ўртасида энг самарали демократик институт сифатида ўз ўрнини топаётганлигини эътироф этиш лозим.

Адлия органлари фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) ижтимоий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан ҳудудий адлия органлари томонидан бажарилган ишлар юзасидан ОАВ вакилларига ҳисобот бериш амалиёти йўл қўйилган.

Шунга кўра, жорий йилнинг 12 апрель куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси биносида “Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида белгиланган устувор вазифалар”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда вилоят адлия бошқармасининг масъул ходимлари билан биргаликда ОАВ ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари, блогерлар ҳамда бошқа соҳага қизиқувчи фуқаролар иштирок этди.

Тадбирда кун тартибининг асосий масаласи юзасидан бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев томонидан бошқарма ва тизимдаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2021 йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот бериб ўтди.

Бинобарин берилган маълумотларга кўра, вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизим ташкилотлари томонидан 2021 йилнинг 1 чораги давомида қуйидаги ишлар амалга оширилганлиги маълум қилинди:

Мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасида: Жисмоний ва юридик шахслардан жами 898 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, мазкур мурожаатларнинг 734 таси ҳал этилган, хусусан, 371 та мурожаат ёки 51 фоизи қаноатлантирилган. Бундан ташқари, 280 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган, 75 та мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.

Ўтказилган ўрганишлар ва қўлланилган таъсир чоралари бўйича:
Адлия органлари томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан жами 283 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 62 та таклиф ва 747 та огоҳнома киритилган. Киритилган тақдимномаларга асосан 123 нафар шахс интизомий ва 48 нафар шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бошқарма томонидан судларга киритилган даъво аризалар бўйича:
Адлия органлари томонидан фуқаролар манфаатини кўзлаб, уларнинг бузилган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга жами 2 млрд. 379 млн. 686 минг 186 сўмлик 65 та даъво аризалари киритилган. Шундан ва ўтган қилдаги қолдиқ тақдимномаларга асосан даъво аризаларнинг 2 млрд. 972 млн. 816 минг 532 сўмлик 49 таси судлар томонидан қаноатлантирилган.

Бошқарманинг Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими фаолияти бўйича:
Нодавлат нотижорат ташкилотлар реестрига кўра 2021 йил 1 апрель ҳолатида жами 602 та нодавлат нотижорат ташкилоти руйхатга олинган бўлиб, шундан 369 таси давлат рўйхатидаги ва 233 таси ҳисоб рўхатидаги ташкилотлар, бундан ташқари, 18 та ҳакамлик судлари рўйхатга олинган.
Шунингдек, айни пайтда 117 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилган бўлиб, мазкур ташкилотларнинг 107 таси исломий ва 10 таси ноисломий диний ташкилотлар ҳисобланади.

Бошқарманинг ҳуқуқий хизматни давлат томонидан тартибга солиш йўналиши фаолияти бўйича:
2020 йилнинг 1 май кунидан бошлаб вилоятида хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус фаолияти йўлга қўйилиб, айни пайтда 45 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар, шунингдек, 97 та адвокатлик тузилмалари ва 8 нафар медиатор фаолият олиб бормоқда.

Бошқарманинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва қонун ҳужжатларини туркумлаш фаолияти бўйича:

Адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жами 15 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун топширилиб, 14 та қарор лойиҳалари белгиланган норма талаблари асосида розилик имзоси қўйилган.
Бошқарма томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобига олинган.

Қонун ижодкорлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, жамиятда хуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот фаолияти бўйича:
Адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Адлия вазирлигига жами 12 та таклиф киритилган.

Вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолият соҳаларига оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида қабул қилиб олиниши ва ўз таркибий бўлинмаларига етказишлари мақсадида ҳудудий адлия органлари томонидан 264 та норматив ҳуқуқий-ҳужжат тегишлилигига кўра электрон шаклда етказилиши таъминланди.
Шунингдек, вилоятда адлия органлари томонидан жами 5898 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилган бўлиб, шундан 2370 тасини оммавий ахборот воситалари орқали, 3221 тасини оғзаки ҳуқуқий тарғибот тадбирларни ташкил этади.

Шунингдек, матбуот анжумани давомида адлия ходимлари томонидан Қонунчиликдаги янгиликлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан тўхталиб, айрим қонун ҳужжатларининг мазмуни юзасидан кўргазмали тарзда тушунтиришлар бериб ўтилди.
Дарҳақиқат, бу каби ташкил этилаётган матбуот анжуманлари адлия органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисобини халққа етказиш, соҳа шаффофлигини янада кучайтиришга шубҳасиз хизмат қилади.

БЕКЗОД НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи