June 22, 2020

Коррупцияга қарши кураш мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Коррупция бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир. Яъни коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган бир неча жиноятларни ўзида мужассамлаштирувчи иллатдир.

Бугун, 22 июнь куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси ҳамда Бухоро вилояти прокуратураси ходимлари томонидан карантин тартибига риоя этилган ҳолда Бухоро вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳодимлари учун «Коррупцияга қарши кураш» мавзусида семинар ўтказилди.

Тадбирда вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Б.Нишонов ва Когон шаҳар адлия бўлими бошлиғи И.Исматов ҳамда вилоят прокуратураси бўлим терговчиси Ф.Сойибовлар томонидан иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳамда бу борада жорий йилда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотлар берилди.

Хусусан, маърузачилар томонидан коррупцияга қарши курашиш нуфақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эканлигини балки бу борада барча давлат органлари ва фуқаролик жамиятлари институтлари ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлигига алоҳида урғу бериб ўтилди.

Шунингдек, тадбир давомида адлия ходимлари томонидан "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги, "Давлат харидлари тўғрисида"ги, "Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида"ги Қонун ҳужжатларининг ҳамда "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги Қонун лойиҳасининг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши кураш борасида билдирилган таклифлар орқали семинар баҳс мунозараларга бой бўлди.