October 13, 2020

Ишдан ноқонуний бўшатилган ходим, ўз вазифасига тикланди ва жавобгардан 13 414 407 сўм ундириб берилди

Бухоро шаҳарида яшовчи фуқаро Н.М.нинг уни “Микрокредитбанк” АТБ Бухоро минтақавий филиали томонидан ноқонуний ишдан бўшатилганлиги ҳақидаги мурожаати вилоят адлия бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Мурожаатни ўрганиш натижасида аниқланишича, “Микрокредитбанк” АТБ Бухоро минтақавий филиали билан фуқаро Н.М. ўртасида тузилган меҳнат шартномаси вилоят филиалининг 03.07.2020 йилдаги буйруғига асосан шу куннинг ўзидаёқ иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганлиги, бироқ меҳнат шартномасини бекор қилишда бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган

Жумладан, фуқаронинг Н.М. томонидан 17.04.2020 йилда иш фаолияти давомида чек варақаси орқали маблағни банк ҳисобхонасидан белгиланган тартибда ўтказилмасдан чиқим қилиб берилганлиги натижасида корхонага зарар етказилганлиги сабабли, меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузилганлиги важи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддасида интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, аммо бу хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 32-бандида интизомий жазо бевосита ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан кейин, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида қўлланилиши, ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ой ўтганидан, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижаси бўйича эса, содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтгандан кейин жазони қўллаб бўлмаслиги белгиланган.

Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб жазо қўллаш белгиланган бир ойлик муддатни ҳисоблашда қуйидагиларни назарда тутиш лозим:ножўя хатти-ҳаракат ҳақида корхона раҳбарига, унинг ўринбосарига ёки таркибий бўлим раҳбарига ёхуд ходим бўйсунадиган бошқа раҳбарга у интизомий жазо бериш ҳуқуқига эга бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар маълум бўлган кун — бир ойлик муддатнинг ҳисобланиши бошланишига асос бўлувчи ножўя хатти-ҳаракат аниқланган кун ҳисобланиши; қонун талабига кўра (МКнинг 182-моддаси 5-қисми), интизомий жазо қўллаш учун белгиланган бир ойлик муддатга фақат ходим касал бўлган ёки унинг меҳнат таътилида бўлган даврлари кирмайди. Ходимнинг бошқа сабабларга кўра ишда бўлмагани, жумладан ўз дам олиш кунлари (отгули)дан унинг давом этишидан қатъи назар фойдалангани (масалан: вахта методи бўйича ишни ташкил қилганда) кўрсатилган муддатнинг ўтиш ҳисобини тўхтатмайди; меҳнат қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатларга ҳамда меҳнат шартномасига кўра ходимга бериладиган барча таътиллари, жумладан йиллик асосий ва қўшимча меҳнат таътиллар, ўқув таътиллари, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллар ва бошқалар — бир ойлик муддат ўтишининг тўхтатилишига сабаб бўлувчи таътиллар ҳисобига киритилиши белгиланган.

Бундан ташқари, иш берувчи томонидан ходимга интизомий жазони қўллашда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинмаган, яъни фуқаро М.Н.нинг иш ҳажми ошганлиги, филиалнинг 27.03.2020 йилдаги буйруғига асосан М.Қ.нинг меҳнат таътили даврида унинг вазифасини вақтинча бажариш унинг зиммасига юклатилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 182-моддасида интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олиниши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорининг 30-бандида Суд ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланишини, жумладан МК 100-моддаси 2-қисмининг 3 ёки 4-бандлари бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилинишини нафақат иш берувчи томонидан интизомий жазо чораси қўллаш муддати ва тартибларига риоя қилинмаган ҳолларда, балки ножўя хатти-ҳаракат ҳақиқатдан ҳам содир этилган, аммо меҳнат шартномасини бекор қилиш содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражаси, хатти-ҳаракат содир этилган ҳолатлар, ходимнинг олдинги хулқ-атвори ва унинг ишга бўлган муносабати ҳисобга олинмаган ҳолда (МК 184-моддаси 2-қисми) бекор қилинган деган хулосага келган тақдирда ҳам ғайриқонуний деб топишга ҳақлилиги белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекитон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармонининг 16-бандида коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши белгиланган.

Шунингдек, фуқаро М.Н. билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган бўлсада, иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилиш тартибига риоя қилмаган ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўланмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасида Меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари), иш берувчи ходимни меҳнатга оид муносабатларнинг бекор қилиниши тўғрисида камида уч кун олдин хабардор қилади ёки унга шунга мутаносиб компенсация тўланиши белгиланган.

Шу муносабат билан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Микрокредитбанк” АТБ Бухоро минтақавий филиалининг 03.07.2020 йилдаги буйруғини бекор қилиш, ишга тиклаш ва ғайриқонуний равишда меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги сабабли мажбурий прогул учун компенсация тўлови ва маънавий зарарни ундириш ҳақида ФИБ Бухоро туманлараро судига даъво ариза киритилди ва суднинг қарорига асосан филиалнинг 03.07.2020 йилдаги буйруғи бекор қилиниб, шмурожаат муаллифига мажбурий прогул учун 9 914 407 сўм, маънавий зарар учун 3 500 000 сўм жами 13 414 407 сўм ундириб берилди.

ТУЙҒУН АЗИМОВ
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи