June 11, 2020

Маъмурий тартиб-таомиллар ҳақида нималарни биласиз?

“Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида” ги Қонуннинг мақсади маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонуннинг асосий вазифалари маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборатдир.

Маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишга доир у ёки бу муносабатлар махсус маъмурий тартиб-таомилларни белгиловчи қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу Қонун нормалари қўлланилади.

Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.

Манфаатдор шахс - қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат қаратилган шахс, шунингдек ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари маъмурий ҳужжатга ёки маъмурий ҳаракатга дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс.

Маъмурий ҳужжат - маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари: - қонунийлик;
- мутаносиблик;
- ишончлилик;
- тингланиш имкониятининг мавжудлиги;
- маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва тушунарлилиги;
- манфаатдор шахслар ҳуқуқларининг устунлиги;
- бюрократик расмиятчиликка йўл қўйилмаслиги;
- мазмунан қамраб олиш;
- маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши;
- тенг ҳуқуқлилик;
- ишончнинг ҳимоя қилиниши;
- маъмурий ихтиёрийликнинг (дискрецион ваколатнинг) қонунийлиги;
- текшириш.

Маъмурий иш юритиш иштирокчилари:

- маъмурий орган;
- қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки амалга оширилаётган маъмурий ҳаракат ўзига қаратилган шахс (адресат);
- ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс (учинчи шахс).

Манфаатдор шахслар маъмурий иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларга саволлар бериш, маъмурий иш юритиш бўйича арз қилиш, илтимосномалар бериш, маъмурий органга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, маъмурий иш юритиш давомида келиб чиқадиган барча масалалар бўйича ўз важларини баён этиш, бошқа манфаатдор шахсларнинг аризалари, илтимосномалари ва важларига қарши эътироз билдириш, маъмурий ва процессуал ҳужжатлар, шунингдек маъмурий ҳаракатлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Манфаатдор шахслардан бири маъмурий иш юритишдан маъмурий ҳужжат қабул қилингунига қадар чиқиб кетган тақдирда, мазкур шахсни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиришга, агар бундай ҳуқуқий ворислик қонун ҳужжатларига мувофиқ мумкин бўлса, йўл қўйилади. Маъмурий орган ўзгартирилган, тугатилган ёки унинг номи ўзгартирилган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилади.

Ҳуқуқий ворис маъмурий ишга киришгунига қадар маъмурий иш юритиш давомида амалга оширилган барча ҳаракатлар ўрнини бўшатиб берган манфаатдор шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.

Маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахслар (гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва бошқалар) маъмурий иш юритишга ихтиёрийлик ёки шартнома асосида маъмурий орган томонидан ўз ташаббусига ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосномасига кўра, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда жалб қилинади.

Маъмурий органнинг мансабдор шахси қуйидаги ҳолларда маъмурий орган номидан маъмурий иш юритишда иштирок этишга ҳақли эмас: - мазкур маъмурий иш юритишда манфаатдор шахс бўлса;
- маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслардан бири билан қариндошлик ёки қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик муносабатида бўлса (бўлган бўлса);
- маъмурий иш юритишда иштирок этувчи манфаатдор шахслардан бирининг вакили бўлса ёки илгари унинг вакили сифатида айни шу маъмурий иш юритишда иштирок этган бўлса;
- мазкур маъмурий ишни юритишда маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашувчи шахс сифатида иштирок этаётган бўлса ёки илгари иштирок этган бўлса;
- бошқача тарзда шахсан, бевосита ёки билвосита маъмурий ишни ҳал этиш натижасидан манфаатдор бўлса ёки унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Маъмурий ишни кўриб чиқаётган маъмурий орган мансабдор шахсини ёки маъмурий органни рад этиш тартиби қуйидагича: Рад қилиш асослантирилган бўлиши ва бу ҳақда маъмурий ҳужжат қабул қилингунига қадар маъмурий иш юритишнинг исталган босқичида ариза берилиши мумкин.
Маъмурий органнинг мансабдор шахсини рад қилиш тўғрисидаги ариза рад қилиш билдирилаётган мансабдор шахсга ёхуд маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, коллегиал органнинг раисига берилади. Рад қилиш тўғрисидаги аризани қабул қилган маъмурий органнинг мансабдор шахси бир иш куни ичида маъмурий ишни кўриб чиқишни тўхтатиши ва рад қилиш тўғрисидаги аризани рад қилиш ҳақида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган шахсга кўриб чиқиш учун бериши керак.
Рад қилиш тўғрисидаги ариза бўйича қарорни ўзига нисбатан рад қилиниши ҳақида арз қилинган мансабдор шахснинг бевосита раҳбари, агар рад қилиш маъмурий органнинг мансабдор шахсига нисбатан арз қилинган бўлса, юқори турувчи орган ёки бошқа ваколатли орган қабул қилади.
Маъмурий иш юритиш коллегиал орган томонидан амалга оширилаётган бўлса, рад қилиш тўғрисидаги ариза бўйича қарор ушбу орган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш юзасидан овоз беришда коллегиал органнинг ўзига нисбатан рад қилиш тўғрисида ариза берилган аъзоси иштирок этмайди. Агар рад қилиш коллегиал органнинг бутун таркибига нисбатан арз қилинган бўлса, рад қилиш тўғрисидаги қарор худди шу орган томонидан тўлиқ таркибда оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Маъмурий ишни ҳал этишга кўмаклашаётган шахсларни рад қилиш тўғрисидаги ариза маъмурий иш юритишни амалга ошираётган ҳамда ушбу ариза бўйича тегишли қарор қабул қиладиган маъмурий органнинг мансабдор шахсига берилади.
Рад қилиш тўғрисидаги қарор рад қилиш ҳақида ариза берилган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмасдан қабул қилиниши керак.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан эътиборан, маъмурий ҳужжат маъмурий орган ташаббуси билан қабул қилинадиган тақдирда эса, адресат маъмурий иш юритиш бошланганлиги тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан эътиборан ўттиз иш кунидан кечиктирмай маъмурий ишни кўриб чиқади ва маъмурий ҳужжатни қабул қилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими бошлиғи Б.Бахронов