February 18

МАҲАЛЛАДАН БОШЛАНГАН ТАРАҚҚИЁТ ёхуд 2026 йил давлат дастури: инсон, жамият ва фаровон келажак учун

Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичи давлат бошқаруви, жамият ҳаёти ва фуқаролар онгида туб сифат ўзгаришларини тақозо этмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинаётган давлат дастурлари шаклан эмас, мазмунан янгиланиб, халқ манфаатларига хизмат қилишни бош мақсад қилиб олмоқда. Шу маънода, 2026 йилга мўлжалланган Давлат дастури Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тараққиётида янги босқични бошлаб берувчи муҳим ҳужжат сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган мазкур Давлат дастури “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” ғоясига таянади. Бу эса давлат ислоҳотларининг марказига инсонни, унинг кундалик ҳаётини, эҳтиёж ва манфаатларини қўйишни англатади.

2026 йил Давлат дастурининг энг муҳим жиҳати – у фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки статистик режалар йиғиндиси эмас, балки жамиятни тубдан янгилашга қаратилган комплекс ижтимоий дастур эканидир. Маълумки, давлат сиёсати биринчи навбатда – инсон қадри ва фаровонлиги, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ўрни давлат органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлиги ҳамда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назорати каби тамойиларга таянади.

Бугунги кунда маҳалла институтига устувор эътибор қаратилиши тасодифий эмас. Чунки маҳалла – бу халқнинг ҳаёти, дарди, қувончи ва муаммоси тўпланадиган ижтимоий макондир. Агар маҳалла обод бўлса, жамият барқарор бўлади; агар маҳаллада инсон ўзини ҳимояланган ҳис қилса, давлатга ишонч мустаҳкамланади.

Юртимизда ҳар анъанавий тарзда йилга ном берилади. Ва натижада маълум соҳалар тараққиётига устуворлик берилган даражада ҳам молиявий, ҳам маънавий эътибор берилади. Шу билан бирга, мамлакатимизни барча бўғинлари билан уйғун ҳолда жамиятимизни барча жабҳаларини янада ривожлантириш стратегиялари, давлат дастурлари белгиланади, амалга оширилади.

Шу маънода, жорий йилга Муҳтарам Президентимиз томонларидан “Маҳаллани ривожлантиш ва жамиятимизни юксалтириш йили” деб ном берилиши ҳамда тегишли қарор билан давлат дастури қабул қилиниши юқоридаги фикрларимизни мантиқий ифодасидир.

Давлат дастури ўрганар эканмиз, унда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш, уларга “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни олиб кириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу дегани – ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш, кўчаларни ёритиш, болалар ва спорт майдончаларини барпо этиш ва маҳалла биноларини реконструкция қилиш каби кўплаб амалий ислоҳотлар кенг йўлга қўйилишини англатади.

Бу ишлар оддий аҳоли учун расмий ҳисобот эмас, балки кундалик ҳаёт сифатининг ошиши демакдир. Масалан, ёритилган кўча – бу хавфсизлик, обод маҳалла – бу болалар келажаги, таъмирланган йўл – бу вақт ва асаб тежалиши.

Маълумки, сўнги йилларда аҳоли фаровонлигини ошириш қамбағал тоифадаги фуқароларни турмуш даражасини яхшилаш долзарб масала сифатида қараб келинмоқда. Дастур камбағалликка қарши курашни формал ёрдам шаклидан тизимли ижтимоий ривожланиш босқичига олиб чиқади. Хусусан, хонадонбай ўрганиш тизими жорий этилаши, аҳолининг реал муаммолари рақамли платформалар орқали назорат қилиниши, доимий иш ўринлари яратилаши ҳамда тадбиркорликка кенг йўл очиш бу нафақат маҳалладаги ҳаёт балки, жамиятни юксалишига хизмат қилади.

Бу ерда асосий эътибор фақат ёрдам беришга эмас, балки инсонни ўзига ишонишга, меҳнат қилишга, ташаббускор бўлишга ундашга қаратилган.

2026 йил дастури давлат органлари фаолиятини маҳаллага яқинлаштиради. Энди қарорлар юқоридан тушмайди, балки маҳаллада шаклланади. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, “маҳалла еттилиги” фаолияти аниқ KPI ва жамоатчилик баҳоси асосида баҳоланади. Бу эса давлат хизматчисининг масъулиятини ошириб, “давлат халқ учун” деган тамойилни ҳаётга татбиқ этади.

2026 йил Давлат дастурининг энг муҳим хусусияти – у ислоҳотларни оддий инсон ҳаёти билан бевосита боғлайди. Илгари давлат дастурлари кўп ҳолларда соҳавий кўрсаткичлар билан ўлчанган бўлса, эндиликда натижа хонадон, оила ва маҳалла даражасида баҳоланади.

Ижтимоий ҳимоя ва турмуш сифати

Дастур доирасида ижтимоий ҳимоя тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, ёрдам муҳтожликка қараб эмас, ривожланиш салоҳиятига қараб тақдим этилади. Ижтимоий реестр орқали ҳар бир оиланинг ҳолати аниқ ўрганилиб, кимга иш керак, кимга касб, кимга тиббий ёрдам зарур экани белгилаб берилади. Бу ёндашув ортиқча бюрократияни камайтиб, ҳақиқий эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Маҳаллаларда ички йўллар, ёритиш тизими, болалар ва спорт майдончаларининг кўпайиши аҳоли саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки соғлом муҳит – соғлом жамият дегани. Давлат дастури доирасида минглаб маҳаллаларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилиши белгиланган. Бу эса одамларни шаҳар ёки чет элга иш излаб кетиш ўрнига, ўз маҳалласида меҳнат қилиб, даромад топишига замин яратади.

Ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредитлар, субсидиялар ҳамда ўқув курслари орқали жамиятда ижтимоий фаоллик ошади. Натижада маҳалла фақат яшаш жойи эмас, балки иқтисодий фаол маконга айланади.

Қабул қилинган дастурида давлат бошқаруви тизимида туб бурилиш яққол кўзга ташланади. Энди қарорлар фақат юқори даражада қабул қилинмайди, балки маҳалладаги реал муаммолардан келиб чиқиб шакллантирилади. “Хонадонбай” ўрганиш, “Рақамли маҳалла” платформаси, жамоатчилик ҳисоботлари – буларнинг барчаси давлат органларини халққа яқинлаштиради. Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчисининг фаолияти аниқ натижа билан ўлчаниши, фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини кучайтиради. Бу ислоҳотлар жамиятда ишонч муҳитини яратади. Чунки одам ўз муаммоси эшитилаётганини ва ҳал этилаётганини кўрса, давлатга ишонади.

2026 йил Давлат дастури аввалги йилларда қабул қилинган дастурлардан бир қатор муҳим жиҳатлари билан тубдан фарқ қилади. Биринчидан, ёндашув ўзгарди. Илгари асосий эътибор соҳаларга қаратилган бўлса, эндиликда марказда инсон ва маҳалла турибди. Иккинчидан, назорат механизми янгиланди. Олдин ижро ҳисоботлари асосан идоравий бўлган. Ҳозир эса жамоатчилик, рақамли платформалар ва очиқ ҳисоботлар орқали назорат амалга оширилади. Учинчидан, натижа ўлчови аниқлашди. Энди дастур ижроси қоғозда эмас, балки маҳалладаги ёритилган кўча, ишга жойлашган ёш, даромади ошган оила орқали баҳоланади. Тўртинчидан, узоқ муддатли стратегик боғлиқлик кучайтирилди. 2026 йил Давлат дастури “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг мантиқий давоми бўлиб, қисқа муддатли эмас, барқарор тараққиётни кўзлайди

Ушбу давлат дастури фақат бир йиллик вазифалар билан чекланиб қолмайди. У Янги Ўзбекистонда маҳалла орқали жамиятни ривожлантириш моделини шакллантиради. Бу модель кейинги йилларда ҳам қуйидаги йўналишларда ўз самарасини беради: ижтимоий барқарорлик мустаҳкамланади; фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки ошади; маҳаллий ташаббуслар кучаяди; камбағаллик тизимли равишда қисқаради.

Энг муҳими, инсон ўзини давлат сиёсати объекти эмас, балки унинг фаол иштирокчиси сифатида ҳис қила бошлайди.

Давлат дастури – инсон қадрини улуғловчи ҳаёт дастури

2026 йил давлат дастурини мазмунан таҳлил қилар эканмиз, бир муҳим хулосага келамиз: бу ҳужжат давлатнинг халққа бўлган муносабатида янги босқични белгилаб бермоқда. Энди давлат фақат бошқарувчи эмас, балки жамият билан ҳамнафас, инсон дардига қулоқ тутувчи, унинг ҳаётини яхшилашга хизмат қилувчи тизим сифатида намоён бўлмоқда.

Маҳалла марказга чиққани – тасодиф эмас. Чунки маҳалла – бу жамиятнинг тирик ҳужайраси. Ана шу ҳужайрада тартиб, ишонч ва фаровонлик бўлса, бутун мамлакат барқарор ривожланади. 2026 йил Давлат дастури айнан шу мантиқий занжирни ҳаётга татбиқ этмоқда. Инсон ўзини давлатдан узоқ эмас, балки давлат билан ҳаммаслак ва ҳамкор сифатида ҳис қила бошлайди. Чунки энди – фуқаронинг муаммоси маҳаллада аниқланади, ечими тегишли идора томонидан аниқ муддатда таъминланади, натижаси эса жамоатчилик олдида очиқ эълон қилинади.

Бу жараён фуқаролар онгида масъулият туйғусини ҳам шакллантиради. Одам фақат талаб қилувчи эмас, балки ташаббускорга айланади. Маҳаллада лойиҳа таклиф қилади, жамоат ишларида қатнашади, ўз келажагига дахлдор қарорларда иштирок этади.

Дастур ижроси аҳоли фаоллигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради. Илгари давлат ишларига бефарқ бўлган фуқаролар ҳам эндиликда маҳалла орқали жамият ҳаётига жалб этилмоқда. Бу, айниқса, ёшлар ва аёллар мисолида яққол кўринади. Ёшлар учун касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликка ҳам хизмат қилади. Натижада жамиятда ижтимоий адолат туйғуси мустаҳкамланиб, “давлат – менинг давлатим” деган фуқаролик онги шаклланади.

Мазкур давлат дастурининг аҳамияти фақат 2026 йил билан чекланиб қолмайди. У кейинги йилларда қуйидаги муҳим натижаларга замин яратади. Биринчидан, маҳалла институтининг институционал мустаҳкамланиши; иккинчидан, камбағалликнинг тизимли қисқариши; учинчидан, ижтимоий тенглик ва имкониятлар кенгайиши; тўртинчидан давлат бошқарувида самарадорлик ва ишончнинг ошади.

Энг муҳими, бу дастур Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш тамойилини амалда қарор топтиради. Инсон ўз ҳаётидаги ўзгаришларни ҳис қилар экан, ислоҳотларга ишонч янада мустаҳкамланади.

Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил давлат дастури – бу навбатдаги расмий ҳужжат эмас. Бу – инсон ҳаётини яхшилашга, жамиятни юксалтиришга, давлатни халққа яқинлаштиришга қаратилган умуммиллий тараққиёт дастуридир.

Маҳалладан бошланган ислоҳотлар ҳар бир хонадонга етиб борса, ҳар бир инсон ўз ҳаётида ижобий ўзгаришни ҳис қилса, демак, Давлат дастури ўз мақсадига етган бўлади. Ана шунда Янги Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам фаровон, адолатли ва барқарор давлатга айланади.

Зеро, бу йўлда давлат ҳам, жамият ҳам, фуқаро ҳам бирдек масъулдир. Чунки тараққиёт – бу фақат қарор эмас, умумий ҳаракатдир.

Азизбек Амонов,

БухДУ доценти,

Республика тарғиботчилар жамияти аъзоси