Чироқчида маҳаллий бюджет ҳисобидан 360 ўринли боғча очилди
Чироқчи тумани маркази "Кишмиштепа" маҳалласида жойлашган 15-сонли давлат мактабгача таълим муассасасининг замонавий усулда капитал таъмирдан чиқарилган биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев, туман ИИО ФМБ бошлиғи Актамали Бешимқуловлар ҳамда маҳалла фаоллари ва оқсақоллари иштирок этишди.
Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев тадбирда сўз олиб, кейинги йилларда мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган болажонларни ҳар тарафлама баркамол қилиб тарбиялаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидлади.
360 ўринга мўлжалланган мазкур боғча туман ҳокими Хуррам Жураев ташаббуси билан маҳаллий бюджет маблағи асосида 1 млрд. 310 миллион сўм маблағ эвазига капитал таъмирдан чиқарилди. “Жўра бобо” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан капитал таъмирдан чиқарилган икки қаватли, замонавий, шинам бу масканнинг очилиши нафақат болажонларнинг, балки ота-оналарнинг ҳам қувончига сабабчи бўлди.
- Эндиликда бу ерда болажонлар учун барча замонавий қулайликлар бор. Кенг, шинам ётоқхона, ошхона, машғулотлар хоналари болаларбоп мебель жиҳозлари, ранг-баранг ўйинчоқлар ва кўргазмали қуроллар билан таъминланган.
Ҳовлида болажонлар учун ёзги ўйин майдони барпо этилиб, замонавий усулда жиҳозланган, -дейди Шавкат Бойжититов туман Мактабгача таълим бўлими мудири.
Очилиш маросимидан сўнг, тадбир иштирокчилари муассасада тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Маълумот учун мазкур мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш ишлари билан Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин яқиндан танишган эди.