May 12, 2022

Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади

Хабарингиз бор, Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев тумандаги умумтаълим мактабларига бирма-бир бориб, мактабда яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати, педагогларнинг дарс машғулотларини олиб бориш тажрибаси, давомат, битурувчи ўқувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичи, ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва санъат тўгаракларини фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек "Бизнинг асосий мақсадимиз – ёшларнинг сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлишига эришиш, уларнинг ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб беришдан иборат". Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзларини ҳар кунлик иш режасига киритган туман ҳокими Нодир Эркаев умумтаълим мактабларига бирма-бир кириб, ўқувчилар билан дарс жараёнларида иштирок этмоқда.

Бугун туман марказидаги 1-сонли умумтаълим мактабида бўлган туман ҳокими мактабнинг асосий кириш эшиги олдида туриб, дарс машғулотларига кеч қолиб келаётган ўқувчиларни бирма-бир кутиб олди. Буни қарангки, соат 08:00 да бошланадиган дарс машғулотларига 10 эмас, бир варакайига 50 нафар ўқувчининг кеч қолиб келаётганлигининг гувоҳи бўлди. Дарсга кеч қолган ўқувчилар билан суҳбатлашган туман ҳокими Нодир Эркаев "Таълим ва тарбия аввало тартиб-интизомдан бошланишини" ўқувчиларга ўқтирди.

Туман раҳбари мактаб ҳовлисини айланар экан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари енг учида қилинганлигини танқид остига олди. Мактабнинг юқори ва бошланғич синф ўқувчилари билан дарс машғулотларида иштирок этган туман ҳокими дарс жараёнларида эски анъанавий усуллардан воз кечиб, янги педтехнологиялардан фойдаланган ҳолда дарс машғулотларини олиб бориш кераклиги ва ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлаш орқали фанларни ўзлаштириш даражасини оширишга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Ўз навбатида туман ҳокими мазкур мактаб директори ва директор ўринбосарлари фаолиятини қониқарсиз баҳолаб, давомат кўрсаткичи пастлиги, ўқувчиларни дарс машғулотларига кеч қолиб келиши ва ўқувчиларнинг мактаб формасида эмаслиги, ўқитувчиларнинг дарс машғулотларини ўртамиёна олиб бораётганлигини қаттиқ танқид қилди.

Дарҳақиқат, ёш авлодга мукаммал ўқиб ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш, замонавий ва сифатли таълим бериш орқали ватанимиз равнақини янада ривожлантириш бизнинг асосий бурчимиз ҳисобланади.